Президентга Тошкентдан Самарқанд ва Андижонга элтадиган пуллик йўллар тўғрисида маълумот берилди
Президент Мирзиёев 2023 йил 10 октябрда замонавий автомобил йўлларини ташкил этиш истиқболларига доир қарорни имзолаган ва унда Тошкентдан Самарқанд ва Андижонга қуриладиган пуллик йўллар тўғрисида тегишли вазифалар белгилаб берилган эди.
Кеча, 26 март куни Президентга мазкур автомобил йўллари қуриш лойиҳаларининг бориши тўғрисида ахборот берилди.
Қайд этилишича, юқоридаги қарор билан Тошкентдан Самарқандга ва Андижонга элтувчи муқобил йўллар қуриш устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки иштирокида “Тошкент – Андижон” йўли лойиҳалаштирилди. Январда уни қуриш бўйича халқаро тендер эълон қилинди. Қисқа вақтда унга 30 дан ортиқ нуфузли хорижий компаниялар қизиқиш билдирди.
Умумий узунлиги 314 километр бўлган бу тезюрар магистрал фойдаланишга топширилиши натижасида Тошкент билан Андижон орасидаги қатнов вақти 5 соатдан 3 соатгача қисқаради. Шунингдек, бу ялпи ички маҳсулотни 2,6 фоизга ошириб, автоҳалокатларни 40 фоизга камайтириш имконини беради.
Яна бир лойиҳа Тошкент билан Самарқандни боғловчи қўшимча йўл қуришга қаратилган. Хорижий мутахассислар иштирокида унинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилган. Бу янги йўлнинг узунлиги 300 километр атрофида бўлади. Унинг натижасида Тошкент билан Самарқанд ўртасида қатнов вақти 4,5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради. Ҳозирги мавжуд йўлда тирбандлик анча камаяди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0