Самарқандда “жонли контейнер” орқали 800 граммга яқин опий олиб кирилаётгани фош этилди
Мазкур ҳолат ҳақида Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев маълум қилди.
Маълумотга кўра, Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда “Жартепа” чегара божхона пости ходимлари томонидан қўшни давлатдан кириб келган икки нафар шахс тўхтатилди.
Божхона ходимларида шубҳа уйғотган аёл йўловчи “Body scanner” қурилмаси орқали текширувдан ўтказилганда, унинг ички аъзоларида 3 дона ўрам борлиги аниқланди.
Шифокорлар иштирокида ўтказилган тиббий кўрик жараёнида ушбу ўрамлардан жами 255 грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси борлиги маълум бўлди.
Шунингдек, аёлга ҳамроҳлик қилган турмуш ўртоғи ҳам тезкор тарзда текширувга олинди. Тиббий кўрик давомида унинг ички аъзоларидан 4 дона ўрам чиқариб олинди. Уларда эса 541 грамм “опий” борлиги аниқланди.
Шу тариқа, жами 796 грамм “опий” гиёҳвандлик моддасини ноқонуний равишда республика ҳудудига олиб киришга бўлган уриниш бартараф этилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Умид Худойқулов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0