Сирли ўлим жумбоғи
Эрнест Хемингуэйнинг номи дунёдаги аксарият адабиёт ихлосмандларига яхши таниш. Жумладан, биз — ўзбек китобхонлари ҳам унинг ижодидан етарлича баҳраманд бўлганмиз. Ҳатто, “Алвидо, қурол!”, “Чол ва денгиз” асарларини ўз она тилимизда ўқиганмиз.
Мутолаа жараёнида ушбу китоблар қаҳрамонларининг ғам-ташвишларига, қувонч-шодликларига, орзу-истакларига шерик бўлганмиз. Муайян муддат хаёлан улар билан бирга яшаганмиз. Лекин қалбимизга шундай завқ-шавқ бағишлаган адибнинг ҳаётидан деярли хабардор эмасмиз. Айниқса, умрининг охирги дамлари қандай кечганини билмаймиз. Бу гап фақатгина бизга эмас, бутун жаҳон аҳлига тааллуқлидир.
Энди асл муддаога ўтайлик. Эрнест Хемингуэй 1961 йил 2 июль куни Американинг Айдахо штатида ўз жонига қасд қилди, янаям аниқроғи, ўзини ўзи осиб ўлдирди.
Ажаб, нега? Дунёга таниқли ёзувчини бундай қалтис ишга қўл уришга нима мажбур этди?
Мана, 63 йилдан ошибдики, бу саволлар ҳамон жавобсиз қолмоқда, ёзувчи ҳаётининг сўнгги кунлари ва ўлимининг туб сабаблари ҳақидаги баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Масалан, бундан йигирма йилча муқаддам Гаванада ушбу масалага бағишланган халқаро йиғин бўлиб ўтади. Унда 140 нафар тадқиқотчи ҳамда ёзувчининг узоқ-яқин мамлакатлардан келган мухлислари иштирок этадилар. Муҳокамалар асноси одатдагидек турли-туман фикрлар ўртага ташланади, лекин муқим хулоса чиқарилмайди. Хўш, сабаб?
Америкалик профессор Уильям Шмидтнинг алоҳида уқтиришича, Хемингуэйнинг ўлими метилтостерон деган дорини кўп миқдорда истеъмол қилиши билан боғлиқ бўлган. Инсон вужудининг яширин имкониятларига жиддий таъсир кўрсатувчи бу малҳамни қабул қилиш беморнинг руҳан сиқилишига, савдойи бўлиб қолишига олиб келган. Оқибатда у ўзини ўзи ўлдирган.
Зеро, Хемингуэй умри поёнида гипертензия, жигар тўқималари яллиғланиши ва юрак фаолиятининг бузилиши каби хасталикларга мубтало бўлиб, анча азият чеккан. Шунга кўра, Американинг Майо клиникасида электр токи таъсири ўтказиб даволаш муолажаси олган. Профессор Шмидт ўз тадқиқотлари натижаларини янада мустаҳкамлаш илинжида ўша шифохонага ҳам боради. Бироқ унга ёзувчининг касаллик тарихи билан танишиш учун рухсат беришмайди. Бу тадқиқотчининг шубҳасини янада орттиради.
Эрнест Хемингуэйни Кубада даволаган Хосе Луис Сотолонгонинг фикр-мулоҳазалари эса Шмидтнинг тахминларини инкор этади. Бу шифокорнинг гувоҳлик беришича, Хемингуэй ҳеч қандай дардга чалинмаган. Аммо семизлик балосидан қутулиш умидида Майо клиникасига бориб, кунаро уч бор электршок муолажаси олган. Натижада кескин равишда вазн ташлаган –танасининг оғирлиги 136 килограммдан 65 килограммга тушган. Бундай фавқулодда ўзгариш асоратсиз кетмаган. “Энг ачинарлиси, – дейди Хосе Луис Сотолонго, – электр таъсири воситасида даволаш муолажалари беморнинг миясига зарар етказган, у ёзиш қобилиятини йўқотган. Ҳолдан тойиб, ночор одам аҳволига тушиб қолган. Охир-оқибат ўз жонига қасд қилган”.
Бу нуқтаи назарни Хемингуэйнинг жияни (катта опасининг ўғли) Жон Сэндфорд ҳам бирмунча қўллаб-қувватлайди. ”Амаким ҳаёти ва шахсиятида алланечук ҳасратли жиҳатлар устувор эди, – деб эслайди у. – Албатта, мен бу ҳолатлар амакимнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган-бўлмаганини аниқ билмайман, аммо уни тушкунликка тушишга олиб келган деб ҳисоблайман. Бунданам қизиғи, амаким баракали ижодининг самараси ўлароқ ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам кучли, қудратли одам сиймосини яратганди. Ҳаётда эса тескариси бўлди: охирги пайтларда у ҳатто қўлини кўтаришга ҳам мажоли йўқ одамга айланиб қолди”.
Жон Сэндфорднинг қўшимча қилишича, ўзини ўзи ўлдириш фикри амакисига ўспиринлик даврлариданоқ тинчлик бермай келган. Бу бежиз бўлмаса керак. Негаки, ёзувчининг бобоси, отаси ва акаларидан бири ҳам ўз умр хатига худди шундай йўл билан нуқта қўйган эканлар.
Яна бир гап. Хемингуэй жорий тартиб-қоидалар ва чекловларни мутлақо ёқтирмаган. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ҳар хил расм-русумлар, таомиллардан холи бўлиб, оролда – гўзал ва сокин табиат оғушида 22 йил эркин-эмин ҳаёт кечиришни афзал кўргандир.
Кубанинг Кохимар музофотида Эрнест Хемингуэй уй-музейи бор. Унда адибнинг шахсий ҳаёти ва ижодига тааллуқли 25 мингта буюм-жиҳоз, китоб, қўлёзма ва хатлар жамланган. Худди шу ҳудудда ёзувчи асарларининг, чунончи, 1954 йили Нобель мукофотига лойиқ кўрилган “Чол ва денгиз”нинг прототиплари яшашган ва яшашмоқда. Буни кўпчилик билади. Фақат битта афсусланарли томони – адибнинг сирли ўлимига айнан нима сабаб бўлганини ҳеч ким аниқ билмайди.
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0