Ёшлар умрига зомин бўлаётган “селфимания”...
Ижтимоий тармоқларда россиялик турист қиз Грузиянинг Тбилиси шаҳридаги ерости йўлига қулаб тушиб вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Ёзилишича, қизнинг бош мия суяги синган ва шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қололмаган. Қизнинг йиқилишидан олдин айтган қўшиғига эътибор беринг-а: “Последний раз”. Қўшиқ сўзлари гўё реалликка кўчгандек ҳис уйғотади, киши бир сесканиши аниқ...
Ҳозир кўчада кимни кўрманг, қўлидаги телефонга мук тушган, юриб кетаётган йўлига ҳам тузук-қуруқ қарамайди. Хўш, ўзингиз ҳам телефонга андармон бўлиб, йўлингизда бир марта бўлсаям қоқилган пайтингиз бўлмаганми? Келинг, дунё бўйича селфи оламан деб ўз ҳаётига зомин бўлганлар ҳақида кўриб чиқамиз.
“Селфи” қурбонларининг ўртача ёши 24 ёш
Статистика бўйича бутун дунёда селфи оламан, деб нобуд бўлган одамлар сони акулалар ҳужумига учраганлар сонидан анча кўп экан. Булар асосан туристлар бўлиб, айнан машҳур жойларда суратга тушаман, деб содир бўлган ноҳуш воқеалар ҳиссасига тўғри келади. Баландликдан йиқилиб ўлиш деярли 50 фоизни ташкил қилса, 30 фоизга яқини йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ва 15 фоизи чўкиб кетиш билан боғлиқ бўлган ўлимлар сифатида расмийлаштирилган. Селфи “қурбонлари”нинг ўртача ёши эса, 24 ёш деб ҳисобланган. Сифат таркибига кўра эса, аёллар кўпроқ баландликдан йиқилиш, йиртқичлар билан рўпара бўлишда ҳалок бўлган бўлса, эркаклар асосан машина, поезд ёки катер каби транспортлар ҳаракатларидан вафот этишган.
Travel Medicine нашрига кўра, бу каби ўлимлар бўйича дастлабки учталикка энг биринчи Ҳиндистон (26,4 фоиз), АҚШ (10,3 фоиз) ҳамда Россия (8,7 фоиз) киритилган.
Эҳ, бу “селфимания”...
Идеал ва шов-шув кўтарадиган селфи олиш ишқида бўлган туристларни ҳеч қандай хавф қўрқитолмайди. Уларнинг ўй-ҳаёли фақат шу нарса билан банд бўлади ва ўз шахсий хавфсизлигини ҳам унутиб қўйишади. Айнан туристлар “селфимания” касаллигидан азият чекишади.
Ўтган йилнинг декабр ойида дунё ОАВ нашрларида Венециядаги туристлар билан содир бўлган воқеа кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Яъни, сувда сузаётган кема паст кўприк остидан ўтишига тўғри келган ва кема бошқарувчиси одамлардан қимирламасликни сўраган. Аммо ҳеч ким унинг гапига кирмаган ва суратга тушишни бошлаган. Оқибатда кема ағдарилиб кетган. Яхшики, ҳеч кимга зиён етмаган. Ҳиндистонлик 24 ёшли турист қиз Прабалгад шаҳрида селфи оламан деб, 60 метр баландликдан пастга тушиб кетган. Атлантика океанида 63 ёшли аёл турмуш ўртоғи билан селфи оламан деб, океан тубига ғарқ бўлган. Маълумотларга кўра, уларни кучли тўлқин ўз домига олган ва аёл ғойиб бўлган. Эркак эса, қирғоққа сузиб чиқа олган аммо аёлининг танаси ҳанузгача топилмаган. Португалиянинг Понта-Делгада шаҳри аҳолиси эса, айнан селфи туфайли кўп ноҳушликлар содир бўлишини билдиришган. Яна бир ҳолат. Неаполида дам олаётган 23 ёшли америкалик Везувий вулқонини зиёрат қилишни истайди ва ўша ерга бориб, вулқоннинг қирғоғида селфи тушишга киришади. Эҳтиётсизлик оқибатида телефони тушиб кетади. Телефонини олишга қўл узатиб ўзи ҳам у ерга қулайди. Бундай ноҳуш ҳолатларни кўплаб мисол қилиб келтириш мумкин.
“Селфи” олиш ман қилинган ҳудудлар
Суратга тушиш ортидан бундай ҳодисаларнинг кўпайиб бораётганлиги туфайли дунёда машҳур бўлган жойларда селфи олишни тақиқлаш ҳам кўпайиб бормоқда. Бунга уринганларга эса, жарима миқдорини оширишмоқда. Масалан, Италиядаги Портофино курортида хавфли жойдаги селфи учун 300 евро атрофида жарима жорий қилинган. Япониядаги темир йўл компанияси эса, элеткр токи хавфи туфайли селфи олиш мосламасини қўллашни ман қилган ва жарима белгилаган. Мумбайнинг бир нечта туристик ҳудудларида ҳам селфи билан боғлиқ кўнгилсизликлар сабаб, яхшигина жарима жорий қилинган. Италиянинг Памплон шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган “Буқалар югуриши” мусобақасида ҳам селфи олиш ман қилинган. Қоидага риоя қилмаслик 3000 евро жарима тўлашга сабаб бўлади. Ҳозирга қадар талайгина туристлар ушбу жаримани тўлаш “бахти”га муяссар бўлишган. Лондондаги Тауэр ва Гаруп пляжида ҳам селфи тақиқланган. Париж музейларида штатив ва селфи учун таёқчалар ишлатилиши мумкин эмас. Ҳозирда АҚШнинг Калифорния ва Нью Йорк шаҳарларидаги ҳайвонот боғи ҳамда ёввойи ҳайвонлар учрайдиган бошқа ерларда селфи олиш ман қилинган. Бу усул йўлбарслар билан селфи қилишдаги ноҳушликлар сабаб қўлланилишни бошлаган. Тахо кўли зиёратчилари учун айиқлар билан селфи қилиш мумкин эмас. Боиси, бу ҳайвонларга орқа ўгириб туриш ўта хавфли ҳисобланади.
“Фуқаролар ўзини асрамаса биз кечикишимиз мумкин”
Ўзбекистонда ҳам бу каби аянчли ҳолатлар кузатилгани ҳеч кимга сир эмас. Масалан, 2019 йилда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи, 14 ёшли ўрта мактаб ўқувчиси 3-қаватда жойлашган уйининг дераза ойнаси олдида мобил телефони орқали ўзини расмга тушираётган вақтида эҳтиётсизлиги сабаб пастга тушиб кетган. Ўтган йили эса, Тошкентда поезд вагони устига чиқиб, расмга тушмоқчи бўлган 18 ёшли йигитни 27 минг вольтли ток урган ва унинг танасининг 98 фоизи куйгани айтилганди. Тоғу тошдан йиқилиб жароҳатланиш ҳолатлари ҳам бундан мустасно эмас.
Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Матбуот хизмати бошлиғи Рустам Алимовга кўра, ҳар йили айни ёзги мавсумда бу каби ҳолатлар кўп кузатилади.
– Бизда чиройли манзараларда эсдалик учун суратга тушиш тақиқланмаган, – дейди у. – Бироқ мана шу имкониятдан ўзбошимчалик билан фойдаланадиган ва оқибатда ўз ҳаётини хавф остига қўядиганлар учрайди. Масалан, тоққа чиқиб кетишади, қайтишда қоронғу тушиб, йўлдан адашишади. Ёки бўлмасам, баланд ерларда суратга тушишади. Йиқилиб жароҳатланиш ҳолатлари кўп бўлади. Албатта қутқарув бўлими томонидан зудлик билан етиб бориб, биринчи ёрдам кўрсатилади ва фуқарога тавсия берилади. Аслида, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали мунтазам чақириқлар, тавсиялар бериб борамиз. Фуқаролар аввало ўзини-ўзи асрамаса, биз ҳам кечикишимиз мумкин.
Расмийнинг гапида жон бор. Зеро ўз ҳаётини хавф остига қўйиш ўз жонига қасд қилиш билан баробар. Бунда фақатгина одамнинг ўзи айбдор бўлади. Аянчли ўлим топишни эса, ҳеч ким истамаса керак. Ҳалиям баланд ва хавфли ерларда ўзингизни суратга олиш ниятидамисиз?
Холида Эгамбердиева,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0