«Сўнгги қўнғироқ» – нимага чорлов, нимага зарба?
«Сўнгги қўнғироқ» учун ўғрилик қилиш...
«Сўнгги қўнғироқ» учун машинани олиб қочиш...
«Сўнгги қўнғироқ»да соч ёниши...
2025 йил 24 май куни мамлакатимиздаги барча мактабларда анъанавий «Сўнгги қўнғироқ»лар бўлиб ўтди. «Илм – энг буюк шараф!» шиори остида ташкил этилган бу тадбирларда миллий қадриятларимизга зид ҳолатлар ҳам кузатилди. Ижтимоий тармоқларда бир талай тасвирлар тарқалдики, улар ҳақли эътирозларга сабаб бўлди. Масалан, айрим мактабларда «битирув вальси»дан «бити тўкилмаган» ёшлар хорижий мусиқаларга роса жилпанглашган. Ҳойнаҳой, улар бунақа «рақс»ларни обдон «репитиция» қилишган ёки тўйларда ўрганишган. Ёки бўлмаса, битирувчиларнинг баъзилари, яъни ўғил болалар ўйинни шу даражада қийворишганки, бундай «санъат»ни кўриб, «соғ одам, эс-ҳуши жойида киши бунақа ўйнамайди», деган хаёлга борасан.
Интернетда битта «видео»ни кўриб қолдим, даҳшат! Унда «Қани, давай кўтар...», деган «буйруқ» берилиши биланоқ йигитлар ҳаракатга тушишди... Қизлар уларнинг қўлларида ердан «ҳаво»га кўтарилишди ва бирам «гир-гир айланишди». Афсуски, бу «чиқиш» ҳам, аниқ қайта-қайта «репитиция» қилинган. Яъни ким кимни кўтаради, ким кимнинг қаеридан ушлайди, ҳавода қанча вақт «парвоз қилинади?»... Буларнинг барига «ҳамжиҳатлик»да якуний хулосага келинган.
Адашмасам, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳар йили «Сўнгги қўнғироқ»ларни қай тартибда ўтказиш бўйича расмий кўрсатма ва тавсиялар беради. Аммо тадбирларни тартибли, маънавий жиҳатдан юқори савияда ташкил этиш, йиғинлар учун пул йиғмаслик борасидаги бир қатор талаб ва тавсияларга ҳамма тўлиқ амал қилмаяпти. Агар амал қилинганида, «Сўнгги қўнғироқ» учун оддий гул ва ленталардан тортиб, тадбир ўтадиган жойни дабдабали безаш, қизил йўлак, «дронли съёмка», кабутарлар... учун пул йиғилмас эди. Бу ҳали ҳаммаси эмас, битирувчилар учун яна бир «ихтиёрий-мажбурий» талаб бор. Яъни, «тантанали» тадбирга ҳамма инкубатордан чиққан жўжалардек бир хил кўринишда келиши керак. Лекин талаб қилинган оқ ва қора рангдаги кофта-юбка, кўйлак-шимни харид қилиш ёки тиктиришга тўрт-бешта товуқнинг пули камлик қилади... Ким билади, агар «йиға-йиғ» бўлмаганида, ангренлик тўрт нафар ўқувчи «Дамас»ни «тўнаб», ўғрилик қилмаган бўлармиди?.. Афсуски, улар учун энди сўнгги қўнғироқ эмас, «ҳукм қўнғироғи» чалинади.
Ҳиндларда «Холи» деган байрам бор. Бу байрамда ҳамма кўчага чиқиб, кукун шаклидаги ёки суюлтирилган бўёқлар билан бир-бирини бўяб-бежаб ташлашади. Кейинги вақтларда шу байрамнинг айрим аломатлари бизда ҳам пайдо бўляпти. Битирувчилар қўлларини турли рангдаги бўёқларга булаб олиб, бир-бирининг кофта ёки кўйлагида беш панжали «из қолдиришяпти». Урфга кираётган бу бемаъни «анъана»да мантиқ борми? Йўқ, албатта! Агар «кукунчи» ва «бўёқчилар»га барҳам берилмаса, «Сўнгги қўнғироқ»ларда соч эмас, бошқа нарсалар ҳам ёниб кетиши мумкин. Бундай кўнгилсиз ҳолатлардан ҳамиша Ўзи асрасин.
Маълумки, амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, 18 ёшга тўлмаган фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномаси берилмайди. Агар ўқувчи мактабни битириш арафасида 18 ёшга тўлса ҳам, мактабдан ажралмаган ҳолда «права»га ўқиши мумкин эмас. Маълумотларга кўра, республика бўйича «Сўнгги қўнғироқ» учун 384 та ҳолатда (ҳали бу аниқлангани) машина «олиб қочилган». Яъни битирувчи отаси ёки акасининг машинасини тадбирга миниб борган. Бу – нима? Мақтанишми ёки манманлик? Балки эркатойлик, балки безликдир? Нима бўлганда ҳам, бу қоидабузарлик, бу «угон»ларга жойида нуқта қўйиш мумкин. Энг аввало, ота-она боласига машина минишига рухсат бермаслиги керак. Мактаб маъмурияти эса, «Ким мактабга машина миниб келса, унинг битирув шаҳодатномаси бу йил берилмайди», деб огоҳлантирсин ва шунга амал қилсин. Албатта, бу таклиф кимларгадир эриш туюлиши мумкин. Аммо уни ўйлаб кўриш керак...
Аслида, «Сўнгги қўнғироқ» илмга чорлов, маърифатга чақирув сифатида – мактаб ва муаллим, китоб ва келажак учун чалиниши керак. Афсуски, бу қўнғироқ айрим жойларда имконияти йўқ ота-оналарга – ўй, тушунган муаллимларга – сабр, миллийликка эса зарба бўлиб чалиняпти. Билмадим, бу кетишда, яъни битирувчилар саҳнага «Камон, камон!» деб чиқишдан, юксалиш учун эмас, «you-Tube» ва «TikTok»даги «лайк» ҳамда «просмотр» учун «саъй-ҳаракат»дан тўхташмас экан, алалоқибат, ижобий томонга ҳеч нарса ўзгармасдан салбий томонга кўп нарса ўзгариб бораверади.
«Келажак мактабда шаклланади» дейишади. Худди шундай! Аммо... Афсуски, баъзи мактабларда келажак «TikTok» билан «улғаймоқда». Шундай экан, «сценарийсиз спектакль»га айланиб бораётган «Сўнгги қўнғироқ» учун миллат манфаати ва келажагидан келиб чиқиб, алоҳида Дастур қабул қилиш керакдир. Токи, «Сўнгги қўнғироқ» ким ва нима учун чалингани билан хотирада қолсин. Хулоса ўрнида яна бир гап: «Сўнгги қўнғироқ» якунлангач, айрим ота-оналарнинг «Нмe мани болам «группавой» рақсда қатнашмади?», «Қизим нега қўшиқ айтмади?», «Ўғлимга нега роль бермадинглар?» дея ўқитувчиларнинг «ёқасидан олиши» ортида таълимга эмас, «шоу»га қизиқиш ётибди. Тўғри, ҳар бир ота-она фарзандини саҳна марказида кўришни истайди. Лекин баъзилар таълимни эмас, танловни афзал кўряпти. Шуниси ачинарли... Афсуски, ҳеч ким бошқармаётган тадбирда ҳамма, яъни ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам ва ҳатто ота-оналар ҳам ўзини «режиссёр» деб билади...
Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
«ISHONCH»
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0