Тарихий кун: Сиёсат, спорт ва бирдамлик бир саҳнада!
Кеча мамлакатимиз ҳаётида том маънода тарихий кун бўлди. Ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам маданий соҳалардаги улкан муваффақиятлар билан ёдда қолди. “Бунёдкор” стадионида ўтган футбол учрашувидаги кўтаринки руҳ куннинг ажойиб якуни бўлди.
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида тадбирлар кўп бўлганига қарамай, Президент Шавкат Мирзиёев терма жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун стадионга борди. Якунда Ўзбекистон футболчилари Қатарни 3:0 ҳисобида енгди.
Эътиборлиси, давлатимиз раҳбарига юртимизда расмий ташриф билан бўлган Болгария Президенти Румен Радев ва Словакия Бош вазири Роберт Фицо, Тошкент инвестиция форумига келган Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, Қирғизистон ҳукумати раиси Адилбек Касималиев, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нокергули Атагулиев ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилди. Улар нафақат ўйинни кузатди, балки халқимиз билан бирга мухлислик қилди, хурсандчилигимизга шерик бўлди.
Ёдингизда бўлса, шундай дўстлик ва аҳиллик 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган олимпиадада ҳам кўзга ташланган эди. Мухлислар Марказий Осиёнинг барча давлатлари байроқларини бирга кўтариб, қардош спортчиларни олқишлаб турган эди.
Ўзаро ҳурмат ва самимиятга қурилган бундай муносабатлар, албатта, иқтисодиётда ҳам, халқ ҳаётида ҳам ўз аксини топади. Буни барча шерик давлатлар, айниқса, қўшни халқлар билан борди-келди, савдо-сотиқ кўпайганида яққол кўриш мумкин.
Мазкур ҳолатлар давлатимиз сиёсатидаги самимийлик, Ўзбекистон халқига бўлган катта ҳурматдан далолат беради. Шу билан бирга, қардош мамлакатлар етакчиларининг оқиллиги, мард ва бағрикенглиги бутун бир минтақадаги муҳитни ўзгартириб юборишининг ёрқин намунасидир - Шерзод Асадов
Президентимиз эл билан елкадош бўлиб стадионга келгани, қўшни давлатлар раҳбарлари билан бирга мухлислик қилгани чиндан, катта иш. Бу нафақат футбол, балки халққа яқинлик, тинчлик ва дўстлик рамзи. Шу руҳ ва бирдамлик бизга янада кўп ғалабаларни олиб келсин!
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0