Тарихни ўзгартириш мумкин бўлган суиқасд: Гитлер мўъжиза туфайли омон қолган воқеа
Бундан роса 80 йил олдин, 1944 йил июл ойида нацистлар Германиясини ларзага келтирган воқеа содир бўлди. Фашистлар доҳийси ва етакчиси Адолф Гитлерга нисбатан йирик суиқасд уюштирилди. Бахтга қарши, фюрер ушбу синовдан омон қолди. Қизиғи, бир неча лаҳзаларгина Гитлерни ўлимдан қутқариб қолганди. Германия етакчиси ушбу суиқасд оқибатида жароҳат олди. Жумладан, фюрернинг қўли қаттиқ жароҳатланган, шунингдек, қулоқ пардаси ёрилиб, қон кетгани ҳақида маълумотлар бор.
1944 йил июлида Иккинчи жаҳон уруши шиддат билан давом этарди. Нацистлар Германияси анчагина талофат кўриб, Шарқий Европадан аста-секин суриб чиқарилаётган бўлсада, ҳали тўлиқ мағлуб бўлмаган ва чекланган бўлсада, ҳарбий салоҳиятга эга эди. Бир гуруҳ мансабдорлар фашистлар доҳийсини ўлдириш орқали урушни тўхтатиш, демократик давлат қуриш ва вазиятни ўнглаш режасини ўйлаб чиқадилар. Аслида, Гитлерга қарши норози кайфият, имкон бўлганда уни йўқотиш кайфияти 1941 йилдаёқ вужудга келганди. Улар орасида генераллар Хеннинг фон Тресков, Ханс Остер, Людвиг Бек, фон Герсдоф, Карл Герделер кабилар бор эди. 20 июлдаги фитна иштирокчиларидан энг машҳури, асосий ташкилотчиси ва ижрочиси, Гитлернинг штаб-квартирасига портловчи мосламани олиб кирган полковник граф Клаус Шенк фон Штауффенберг эди. Гитлерга қарши суиқасд ташкилотчилари 1943 йилдан бошлаб фон Штауффенберг фаол музокаралар ўтказиб, уни амалга оширишга узил-кесил келишиб оладилар.
Таъкидлаш керакки, Гитлерни илк бор ағдариш режаси аслида 1938 йилда амалга оширилган, аммо у муваффақиятсизликка учраган, қайтанга шу воқеадан кейин фюрернинг обрўси ошиб кетганди.
Суиқасд ташкилотчилари томонидан Гитлер ўлдирилганидан кейин муваққат ҳукумат тузиш режалаштирилган эди: Бек давлат бошлиғи (президент), Герделер - канцлер, Вицлебен - олий қўмондон бўлиши керак эди. Янги ҳукуматнинг асосий мақсадлари урушни тугатиш, қонун устуворлигини тиклаш ва демократик сайловлар ўтказиш эди. Герделер ва Бек ўзларининг консерватив монархия қарашларига асосланиб, пост-нацист Германиясининг тузилиши учун батафсилроқ лойиҳани ишлаб чиқишди. Хусусан, улар халқ вакиллиги чекланган бўлиши (парламентнинг қуйи палатаси билвосита сайловлар натижасида тузилади, ерлар вакилларидан иборат бўлган юқори палатада эса умуман сайловлар ўтказилмайди), бунда давлат бошлиғи монарх бўлиши керак эди.
Суиқасд 1944 йил 20 июлда Гитлернинг Растенбург вилоятидаги (Шарқий Пруссия) «Волфшанце» («Бўрилар уйи») штаб-квартирасида амалга оширилди. Бу фашистлар Германияси раҳбарига қарши «Валкирия операцияси» деб номланган фитна натижаси эди. Ҳужум Вермахтнинг юқори мартабали зобитлари томонидан режалаштирилган эди, чунки уларнинг фикрича, Гитлер ҳарбийлар ишларига аралашиб, мамлакатни таназзулга олиб келганди.
Қизиқарли факт: Голливуд бу суиқасд воқеалари акс этган “Валкирия операцияси” бадиий фильмини ишлаган ва унда бош ролни Том Круз ўйнаган.
Бу фитна натижасида Гитлерга суиқасд уюштириш ва фашистлар ҳукуматини ағдариш керак эди. Суиқасд ижрочилари иккита портфел тайёрладилар, улардан бирида ҳужжатлар, иккинчисида эса маълум вақтдан сўнг ишга тушадиган портловчи моддалар солинганди. Портфел Гитлердан унча узоқ бўлмаган жойда портлаганига қарамай, фюрер фақат жароҳатлар билан қутулиб қолди. Суиқасд барбод бўлди ва бунга бош қўшганларнинг аксарияти қатағон қилинди, ўлдирилди ёки даҳшатли азоблар ичида ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлди.
Deustch Welle`да эълон қилинган мақолада айтилишича, Гитлер кутилмаган тасодиф туфайли тирик қолган. Бомба солинган портфел у ўтирган жойга яқинроқ жойлаштирилиши керак эди, лекин йиғилиш иштирокчиларидан бири портловчи моддалар бўлган портфелни беихтиёр равишда стол остига суриб қўйди: портфел унга ҳалақит бераётганди. Мана шу ҳаракат Гитлерни қутқарди.
Портлаш овози эшитилгач, фон Штауффенберг баҳона билан ҳудудни тарк этди. У аэродром томон шошилди, бу пайтда суиқасд ташкилотчиси аллақачон Гитлернинг ўлганига шубҳа қилмасди, шунинг учун у Берлинга боришга уринди.
Аммо фитначилар жуда секин, суст ҳаракат қилдилар. Улар фашист ҳарбийларини ўз томонларига оғдира олишмади. Охир-оқибат, Штауффенберг билан бирга бир неча киши ҳарбий вазирлик биносида ҳибсга олинди. Улар ўша куни отиб ташланди.
Кейинчалик, нацистлар фитна ҳақида билган ҳар бир кишига даҳшатли шафқатсизлик билан муносабатда бўлишди. Юзлаб одамлар қатл қилинди. Гестапо Клаус фон Штауффенбергнинг барча яқин қариндошларини, жумладан унинг хотини ва онасини ҳибсга олди. Гўдакларнинг фамилиялари ўзгартирилди ва махсус болалар уйига юборилди. Бу пайтда уруш тугашига саноқли ойлар қолганди.
Яқинда Россия ФХХси 80 йил олдин Адолф Гитлерга суиқасд уюштириш ҳолатларига оид янги архив материалларини сирини ошкор қилди. Ҳужжатлар орасида Гитлернинг шахсий хавфсизлиги бўлимининг собиқ раҳбари, империя хавфсизлик хизмати бошлиғи Ҳанс Раттенхубер ва Учинчи рейхнинг собиқ ташқи разведкачиси Роман Гамота кўрсатмаларининг фотонусхалари бор.
Раттенхубер Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан кейин СССР давлат хавфсизлик органларига портлаш натижасида Гитлер қандай аҳволга тушгани ҳақида сўзлаб берган, фюрер жуда асабий ҳолатга тушган, қўллари қаттиқ титраган. 1945 йил март-апрель ойларида бу силкиниш, немис ҳарбийларининг фикрига кўра, бу қалтираш жиддий касалликка айланган.
Гамота эса фитна нега уюштирилгани сабабини тушунтирган. Улар орасида СССРга қарши «яшин тезлигидаги уруш режасининг муваффақиятсизлиги» ва Германия қуролли кучларининг шарқий фронтдаги ҳалокатли ҳолати, шунингдек, жанубда немис қўшинларининг мағлубияти ва Германиянинг муҳим иттифоқчиси Италиянинг урушдан чиқиб кетиши асосий ўрин эгаллайди.
Агар Гитлерга қарши суиқасд омадли амалга ошиб, фашистлар тузуми 1944 йил июлидаёқ қулаганида, нималар содир бўларди? Шубҳасиз, миллионлаб кишилар ўлимдан қутилиб қолиши, уруш эртароқ тугаши мумкин эди. Афсуски, кичик тасодиф инсоният тарихидаги энг даҳшатли урушни яна қарийб 10 ойга суриб, мислсиз талофатлар келтирди.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0