Тўйтепанинг «тўй» сўзига дахли борми?
Маълумки, Тошкент вилоятининг маркази Нурафшон шаҳрининг олдинги номи "Тўйтепа" бўлган. Тўйтепага 1973 йилда асос солинган. Ўша даврда шаҳар аҳолиси 21 минг 635 кишидан иборат эди. Узоқ тарихга назар солсак, Тўйтепа қишлоғи қадимий қўрғонлар теварагида бунёд этилган. Буни исботловчи қатор манбалар мавжуд.
Жумладан, Й.Ф.Буряков, М.Р.Қосимов, О.М.Ростовсевларнинг "Тошкент областининг археологик ёдгорликлари" китобида қуйидагича маълумот берилади:
"Тўйтепадаги Мингтепада, ғишт заводи ўрнида бир ярим километрга чўзилган созтупроқдан қилинган қўрғонлар жойлашган. Бу жойлар 1928 йилда М.Э.Массон томонидан текширилган. Археологик қидирув чоғида қазиш ишлари ўтказилган. Қўрғонларнинг тарихи биринчи минг йиллар ўртасидаги даврга бориб тақалади."
Шунингдек, олимлар "Тўйтепа"нинг "Тўй" сўзига даҳли йўқлигини билдиришади. Ҳ.Ҳасанов хулосасига кўра, "Тўйтепа" – "Қалъа, Қўрғонтепа, Лашкартепа" деган маъноларни англатади. Маҳмуд Қошғарий ҳам асарларида "Тўйтепа" ни "Аскарларнинг турар жойи" деб изоҳлаган.
Шу ўринда халқда тилдан-тилга кўчиб юрган афсонани ҳам эслаш жоиздир. Ҳикоя қилинишича, қадимда араб лашкарбошилари Қадимий Нукет(Тўйтепа)ни қамал қилиб, унинг баҳодирларини мағлуб этганда катта тантана, тўй қилгани сабабли "Тўйтепа" деб атаган эмиш.
Олимларнинг изоҳлари турли хил бўлишига қарамай, Тўйтепанинг тарихи минг йилликларга тенглашиши аҳамиятлидир. Ҳар бир инсон ўзи туғилиб ўсган жойнинг тарихини билмоғи керак. Зеро, бобо ва момоларимиз хоки пойлари тўкилган жой муқаддасдир.
Қизлархон Ортиқова,
ЎзДЖТУ талабаси
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0