Электрон база ишламагани учун ходимга "хайфсан" берилди...
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Тошкент вилояти кенгашига Чиноз туманида яшовчи фуқаро Н.Ибрагимовадан шикоят келиб тушди. Унда қайд этилишича, тумандаги Тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли поликлиниканинг катта ҳамшираси лавозимида ишлаган аёл асоссиз ишдан бўшатилгани учун амалий ёрдам сўраган.
Ҳолат бўйича дарҳол ўрганишга киришган касаба уюшмаси меҳнат ҳуқуқ инспекторининг аниқлашича, ходимга ишдан бўшатилишидан олдин икки хил сабаб билан интизомий жазо қўлланилган. Яъни, поликлиникада электрон база ишламаган пайтда кечикишга йўл қўйилганлиги учун “хайфсан”, иккинчи марта эса, қўл остидаги ходимларининг фаолияти устидан назоратни сусайтиргани учун ўртача ойлик иш ҳаққининг 30 фоизи миқдорида жарима ушлаб қолиш интизомий жазолари қўлланилганлиги аниқланди.
Шундан сўнг, ходим меҳнат интизомини мунтазам равишда бузган деб топилган ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Н.Ибрагимованинг лавозим мажбуриятлари кўриб чиқилди. Унда электрон базани назорат қилиш ушбу ходимга юклатилмаганлиги сабабли интизомий жазо нотўғри қўлланилган. Хизмат текшируви тайинланиб, ўтказилганида эса, ходим меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлган, касаба уюшмаси ўтказган йиғилишга ходим таклиф этилмаган.
Н.Ибрагимова ишдан мутлақо асоссиз бўшатилганлиги аниқланди ва у ишига қайта тикланди.
Муҳаммаджон Рўзметов,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Тошкент вилояти бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспектори
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0