Улуғ шоирга эҳтиром
Шу кунларда юртимиз бўйлаб улуғ шоир ва шоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишлаб турли адабий, бадиий-маърифий кечалар, шеърхонлик, ғазалхонлик тадбирлари, янги китобларнинг тақдимотлари бўлиб ўтмоқда.
Бадиий ижоднинг турли жанрларида қалам тебратиб, бой адабий мерос қолдириб кетган Бобур асарларини таҳлил ва талқин қилаётган олимларимиз ҳам бу санага ўзига хос совғалар билан келишмоқда. Жумладан, филология фанлари доктори Шуҳрат Ҳайитовнинг «Туркий бобуршунослик» номли китоби нашрдан чиқди.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг «Фан» нашриёти томонидан чоп этилган мазкур монографияда Бобур ижоди юзасидан хориждаги, хусусан, туркий халқлар адабиётшунослигидаги манбалар тадқиқ этилиб, «Бобурнома», «Бобур девони», «Мубаййин», «Хатти Бобурий», «Аруз рисоласи» ҳамда «Рисолайи волидийя» асарларининг туркий тиллардаги таржималари ва улар юзасидан олиб борилган тадқиқотлар ўрганилган.
Янги нашрлардан яна бири «Бобур асарлари луғати» бўлиб, унда «Бобурнома», «Бобур девони» ва «Мубаййин» асарларидаги сўзлар изоҳи берилган. Ушбу луғат улуғ адиб ижодининг асосий сўз бойлигини қамраб олган. У Бобур асарлари юзасидан ҳозирги луғатшунослик тамойиллари ва тарихий-филологик таҳлил асосида тузилган, унда сўзларнинг мукаммал изоҳи берилганлиги билан ажралиб туради.
Буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари дунёдаги 20 дан ортиқ тилда, 40 дан зиёд вариантда мавжуд. Қолаверса, асар туркий тиллардан турк, озарбайжон, уйғур ва қозоқ тилларига ҳам таржима қилинган. Яқинда эса ушбу мемуар қирғиз тилида нашрдан чиқди. «Бобурнома»ни қирғизистонлик бобуршунос олима, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Хосият Бекмирзаева қирғиз тилига ўгирган.
Мазкур нашрлар жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири, буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги учун муносиб совға ва ўзига хос эҳтиром рамзи бўлди, десак янглишмаймиз.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0