“Қурилишда тажрибаси йўқлар ишга қўйилмоқда...”
“Янги Ангрен ИЭС” АЖда “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, инновацион технологияларни жорий қилиш орқали меҳнатни муҳофаза қилиш шароитларини яхшилаш” мавзусида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши, “Янги Ангрен ИЭС” АЖ бирлашган касаба уюшма қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, “Ўзагросуғурта” АЖ Тошкент вилояти бошқармаси вакиллари, “Тўрақўрғон ИЭС”, “Фарғона ИЭМ”, “Муборак ИЭМ” филиаллари ва “Талимаржон” АЖ ходимлари, бир нечта ишлаб чиқариш корхоналарининг меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси ходимлари иштирок этди.
Семинарда сўзга чиққанлар корхоналарда фаолият юритаётган меҳнатни муҳофаза қилиш ва жамоатчилик вакилларининг касбий билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда ишчиларнинг ҳам сергаклиги, билими муҳимлиги тўғрисида таъкидлаб ўтдилар.
– Бахтсиз ходисага олиб келаётган асосий сабаблардан бири – бу ходимларда меҳнат амалиёти етишмаслиги, – дейди Камбағалликни кискартириш ва бандлик бошқармаси меҳнат инспекцияси давлат меҳнат техник инспектори Ориф Бегимов. – Ҳозир аксарият иш берувчилар томонидан қурилиш соҳасида амалиёт ўтамаган ишчилар ишга қўйилмоқда. Бу эса билим кўникмага эга бўлмаган ишчиларнинг тан жароҳатига, хатто ўлим ҳолатларига ҳам олиб келмоқда. Бугунги кунда дунё миқёсида давлатлар ишчиларнинг хавфсизлигини таъминлашда замонавий технологияларга асосланган янги ёндашувларни қўллашмоқда. Жумладан, интернет технологиялари, масофавий мониторинг тизимлари, сенсорлар ва сунъий интеллект ёрдамида хавфли вазиятларни олдиндан аниқлаш ва тезкор жавоб чораларини кўриш имкониятлари ошмоқда. Бугунги семинарда ҳам имкон қадар шулар тўғрисида кенгроқ маълумотлар бердик.
Семинар давомида бино ташқарисида ташкил этилган турли меҳнат муҳофазаси кўргазмаси йиғилганлар эътиборини торди. Ходимлар вазифалари бўйича бир-бири билан суҳбат қуриб, ўзаро тажриба алмашиндилар. Ташкилотчилар томонидан бу каби семинарлар фойдадан холи бўлмаслиги ва мунтазам ташкил этиб борилиши айтилди.
Шокир Ҳазраткулов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Тошкент вилояти кенгаши меҳнат-техник инспектори
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0