Жамият касалланиши — болалар руҳиятининг бузилиши
Ўзбек болалари ҳақида гап кетганда, сочлари иккита ўрилган, ироқи дўппи кийган қиз, оқ яктак кийган бола кўз олдимизга келади. Асосийси, болалар доим хурсанд ва бахтли кўринишда, бир хил стереотипда тасвирланади. Аммо кенг тарқалаётган хабарлар, охирги статистикалар бу фикрларни бироз ўзгартирмоқда. Аёвсиз калтакланаётган болалар, сотиб юборилаётган гўдаклар, зўрланаётган меҳрибонлик уйи болалари ҳақидаги шов-шувли хабарлар дунёнинг чеккасигача етиб бориб, омма ўзбек жамиятининг болаларга нисбатан муносабатини шу ёндан кўришяпти.
Бир муддат аввал ЮНИСЕФ ташкилоти ёш болаларнинг етарли миқдорда овқатланмаслиги билан боғлиқ масалалар таҳлили рўйхатига Ўзбекистонни ҳам киритган эди. Афсуски, бу мавзуга кўп ҳам эътибор берилмади… Бу сафарги статистикада эса Ўзбекистонда болалар билан боғлиқ руҳий саломатлик соҳасидаги муаммолар ташвиш уйғотмоқда. Бунга кўра болалар орасида (100 минг кишига нисбатан) руҳий касалликларнинг янги ҳолатларининг авж олиши кузатилган. Руҳий касалликларга чалинган болаларнинг умумий сони 2019 йилдаги 79 мингдан 2022 йилда 81 минг нафарга етди. Нега бундай муаммолар болалар ҳаётида жиддий тус олмоқда, асл сабаб нимада? Мана шундай саволлар жавобини психолог Ҳабиба Ҳамдамдан оламиз.
— Руҳий касалланишлар учга-неврологик, руҳий, шахс-хулқ турларига бўлинади. Уларга қўрқув, ички босим ҳислари, аффектив бузилишлар, депрессия, нотўғри тарбия асосидаги ҳосил бўлган руҳий ўзгаришлар киради. Кузатувларга кўра, 60 ёшдан кейин содир бўладиган турли руҳий касалликлар ҳозирги ёш авлодда ҳам учрамоқда. Масалан, шизофрения, кучли депрессия, дисотсатсатив бузилишлар ҳам болаларда пайдо бўлмоқда.
Олимларнинг фаразига кўра, бунга экология, фармасевтика, билвосита генетика сабаб бўлиши мумкин. Айниқса ҳозирги давр болаларида руҳий-хулқ бузилишлари кенг тарқалмоқда. Бу тарбиядаги камчиликлар, ундаги йўл қўйилган хатолардан келиб чиқади. Ҳақиқатан ҳам нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ҳам болалар ўртасида руҳий касалланишлар сони кўпайган. Негаки, дунё ўзгача тус оляпти, зиддиятлар, жаҳондаги урушлар ҳам уларнинг руҳиятига таъсир қилмасдан қолмайди. Энг асосий сабаби эса, ота-она ўртасида катта жарлик пайдо бўлиб қолаётганидадир. Замон болаларига ўтмишдагидан кўра кўпроқ эътибор ва меҳр керак. Улар атрофимиздаги турли вазиятларни оддий қабул қилишолмайди. Туғилиш, жаноза, кўчиш бола учун бу жараёнлар фожиа ҳисобланади.
Оиладаги тарбиянинг нотўғрилиги, аввало оналарнинг ўзи невропотологга кўринишга эҳтиёжи борлигидан, уларнинг қандайдир травмалари натижасида ҳозирги болаларда руҳий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Бунинг натижасида эса болалар жиноятчилиги ҳам кенг авж олади. Қаердаки ўсмирлар жиноятчилиги оммалашса, ўша жамиятнинг касалланаётганидан даракдир.
Бу шунчаки фаразлар эмас, бу — таҳлил! Ўзбек жамиятининг болаларга нисбатан муносабатининг очиқ кўриниши, аслида. Жамиятдаги ҳар бир муаммонинг илдизи оилага бориб тақалади. Суицид кайфиятидаги оналардан руҳи соғлом фарзандлар туғилмайди. Халқимиздаги “болалар думалаб-думалаб ўзи катта бўлади”каби гаплар хато. Бола парвариши бу катта масъулият. Буни ҳар бир инсон ҳис қилиши лозим. Йўқса, миллатнинг таназзули бошланади. Африка болалари деганда, очлик ва сувсизликдан қийналадиганлар тасаввуримизга келади ёки Япония деганда, боғчадалигидан бошлаб меҳнат қилишни ўрганувчилар ҳаёлимиздан ўтади. Ҳўш, 30 йилдан сўнг ўзбек болалари ҳақидаги тасаввурлар қандай бўлади? Бу ҳақда ҳозирдан жиддий ўйламас ва ёндошмас эканмиз, кейин кеч бўлиши мумкин.
Диёра Равшанова
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0