Ўжар табиатли ноёб истеъдод: АҚШ президенти таклифини рад этган ва қувғинга учраган Роберт Фишер
У ўзининг ғалати баёнотлари билан доим омма эътиборига тушарди. Лекин йигитчада шахмат бўйича ноёб қобилият яширинган, мусобақаларда томошабинларни буткул лол қолдирарди.
Америкалик машҳур шахматчи Роберт Фишер мураккаб шахс эди. Охир-оқибатда ана шу мураккаб феъл-атвор унга кўп муаммолар келтирди. АҚШ ҳукумати билан келишмовчиликка бориб, дунё бўйлаб кезиб юришга мажбур бўлди, ҳатто Японияда қўлга олиниб, бир неча ой қамоқда ётди. Ниҳоят, Исландия паспортини олиб, тинч маконда қўним топган Фишернинг умри узоққа чўзилмади.
Роберт Фишер 1943 йил 9 мартда Чикагода туғилган. Унинг отаси Ҳанс-Герхард Фишер СССРда яшаган немис биологи бўлган ва мафкуравий жиҳатдан коммунист эди. Онаси Регина Вендер швейцариялик яҳудий бўлган. Боббининг ота-онаси Регина ўқиган Москва тиббиёт университетида учрашишган. 1939 йилда улар СССРни тарк этишди, шундан сўнг йўллари ажралиб кетди: Герхард Чилига кўчиб ўтди, Регина эса АҚШнинг Бруклин шаҳрида жойлашди. Шахматчининг ҳақиқий отаси уруш пайтида Германиядан АҚШга қочиб кетган математик Пол Немени деган талқин ҳам бор. Бу талқин Немени болани тарбиялашда фаол иштирок этгани, ўқиши учун пул тўлагани ва унга ҳар томонлама молиявий ёрдам бергани билан изоҳланади.
Роберт 6 ёшида опаси унга шахмат ўйнашни ўргатган. Бола бу ўйинга шунчалик берилиб кетдики, у аста-секин бошқа нарсалар ҳақида деярли унутиб юборди. Бобби синфдошлари билан мулоқот қилишни тўхтатди ва ташвишланган онаси шифокорларга мурожаат қилди. Шифокорлар боланинг иштиёқига тўсқинлик қилмасликни, балки уни рағбатлантиришни маслаҳат беришди. 10 ёшида онаси уни шахмат тўгарагига юборди ва у ҳаётидаги биринчи турнирда ғолиб чиқди.
Мактабда Роберт ғайриоддий қобилиятларни намойиш этди. Феноменал хотирага эга бўлган Бобби мустақил равишда немис, испан, рус ва серб-хорват тилларини ўрганган. У гўдакликдаёқ хорижий шахмат адабиётини бемалол ўқиган. Бобби мактабда ўрганиш учун ҳеч нарса йўқлигини ва барча ўқитувчилар “аҳмоқ” эканлигини бир неча бор айтиб чиққанди. Фишернинг сўзларига кўра, мактабдаги биргина ақлли одам жисмоний тарбия ўқитувчиси эди. У шахматни яхши ўйнаган, шунинг учун у Робертнинг деярли ягона дўсти эди. Охир-оқибат, Фишер мактабни ташлаб, ҳаётини бутунлай севимли спорт турига бағишлади. Робертнинг сўзларига кўра, у фақат шахмат ўйнашни хоҳлаган. У онаси билан жанжаллашди ва оқибатда ёлғиз қолди. Шу пайтдан бошлаб Бобби яқинлари томонидан ўз ҳолига ташлаб қўйилди.
Роберт Фишернинг мақсади жаҳон чемпионати эди ва бунинг учун у ҳамма нарсани қилди. Соғлиғини сақлаш учун у нафақат шахмат, балки бошқа спорт турлари билан ҳам шуғулланган: масалан теннис, конкида учиш, сузиш, чанғи учиш.
14 ёшида Роберт АҚШ чемпионатида ғолиб чиқди, 15 ёшида эса халқаро гроссмейстерга айланди. Кўпчилик машҳур шахматчилар уни ғайриоддий феълга эга боладек кўришди, лекин ўйнашни бошлаганларида ғалаба қозониш учун ҳамма нарсага тайёр бўлган етук шахматчи тимсолини намоён қиларди.
Фишер 1959 йилда Югославияда ўтказилган биринчи халқаро турнирда Михаил Талга 0:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Юқори тоифали гроссмейстерлар билан ўйинларда Боббининг тажрибасизлиги кўзга ташланди: у ўз имкониятларини юқори баҳолаган ва турнир тактикасига эътибор бермаганди. Бироқ, муваффақиятсизликлар Фишерни ўз устида ишлашга ундади. Вақт ўтиши билан у ёрқин ғалабаларни қўлга кирита бошлади ва 1971 йилда Тигран Петросянни 6,5:2,5 ҳисобида мағлуб этди. Бу унга амалдаги жаҳон чемпиони Борис Спасский билан ўйнаш ҳуқуқини берди. 1972 йилда Рейкявикда шахмат тарихидаги энг қизиқарли ва кескин ўйинлардан бири бўлиб ўтди. Унда Фишер ишонч билан ғалаба қозониб, жаҳон чемпиони бўлди.
Ғалабадан кейин Фишер АҚШда миллий қаҳрамон сифатида кутиб олинди. Қўшма Штатларга қайтиб келгандан сўнг, президент Никсон уни Оқ уйда кечки овқатга таклиф қилди, аммо димоғдор чемпион таклифни рад этди: “Мен овқат чайнаганимда одамларнинг оғзимга қарашига дош беролмайман”, деди у.
Ғарб матбуоти Фишерга атаб хушомадгўй мақолаларни ёғдирди: кўплаб таниқли одамлар – қўшиқчилар, актёрлар унга дўст бўлишни истадилар ва Боббидан шахмат ўрганишни хоҳладилар. Фишернинг ғалабаси Ғарбда шахматнинг оммалашишига ҳисса қўшди. Бу, айниқса, АҚШ ва Исландияда яққол сезилди. АҚШда кўплаб янги туғилган чақалоқларга Фишер шарафига Бобби исм қўйилди ва Бродвейда шахмат мусиқалари саҳналаштирилди.
Фишернинг ўзи содир бўлаётган воқеаларга хотиржам муносабатда бўлди ва ўзини одатдагидек, совуққон ва мустақил тутишда давом этди. У интервью беришни истамади, фақат энг яқин дўстларининг тор доираси билан мулоқот қилишни афзал кўрди ва унга таклиф қилинган барча кўп миллионли реклама шартномаларини рад этди. Шу билан бирга, у оммавий тадбирлардаги ҳар қандай иштироки учун ҳақ белгилаган. У мактуб ўқиш учун 1000 доллар, телефон суҳбати учун 2500, шахсий учрашув учун 5000, суҳбат учун 25000 тўлашни талаб қилди, бир неча ойдан сўнг у жуда чарчаганини айтиб, секин-аста омма олдига чиқишни тўхтатди.
Спасский билан ўйин Фишернинг сўнгги расмий ўйини бўлди. Янги чемпион унвонни қўлга киритгач, камдан-кам, фақат норасмий ўйинларда ўйнади ва ҳеч қачон жиддий турнирларда ўйнамади.
1975 йилда у жаҳон чемпионати учун ўйинни рад этди ва FIDE Карповни янги чемпион деб эълон қилди.90-йилларга қадар у Калифорниянинг Пасадена шаҳрида танҳо яшади. 1981 йилда ҳам Фишернинг номи яна газета саҳифаларида пайдо бўлди: собиқ чемпион полиция томонидан банк ўғирлигида гумонланиб, уни қидирувдаги қароқчи деб адашиб ҳибсга олишди. Фишер шахмат бўйича жаҳон чемпиониман, деб бақириб, қаршилик кўрсатган ва натижада полиция уни калтаклаган. Икки кундан сўнг, талончилик айбловлари олиб ташланди ва Фишер озод қилинди, лекин қамоқхона мулкига зарар етказганлиги ва полиция ходимларига бўйсунмагани учун 1000 доллар жаримага тортилди. Ушбу воқеалардан сўнг Фишернинг “Мени Пасадена қамоқхонасида қийноққа солишди” дея номланган китоби нашр этилди, унда у қамоқхонада бўлган воқеаларни тасвирлаб берди.
Ёрқин гроссмейстернинг ҳикояси шу билан тугамади. 1992 йилда у кутилмаганда Югославияда Спасский билан реванш жангини ўтказиш таклифига рози бўлди. Фишер ишончли ғалаба қозонди, лекин шундан сўнг АҚШга қайтмади. Америкада уни халқаро ҳуқуқни бузгани учун катта жарима ва 10 йиллик қамоқ жазоси кутарди, чунки ўша пайтда Қўшма Штатлар Югославияга бойкот эълон қилган эди.
Фишер шундан сўнг Шарққа жўнаб кетди. У дастлаб Филиппинда Мэрилин Янг билан, кейин эса Японияда эски дўсти Мийоко Ватай билан яшаган. 2000 йилда у яширинча Америкага кўчиб ўтди, аммо уч йилдан сўнг унинг паспорти бекор қилинди ва тез орада у Япония аэропортларидан бирида ҳибсга олинди.
Жиддий халқаро жанжал бошланди. Қўшма Штатлар Фишерни уларга топширишни талаб қилди, аммо машҳур гроссмейстерлар уни ҳимоя қилишди. Жиддий руҳий муаммоларга йўлиққан Бобби ўзининг ҳибсга олинишини одам ўғирлаш деб атади, президент Жорж Буш ва Япония Бош вазирини фитнада айблади, шунингдек, яҳудийларни эслаб ўтишни унутмади, уларни дунёнинг барча муаммоларида айблади. “Америка бутунлай яҳудийлар назорати остида. Ҳамма бошлиқлар яҳудийлар ёки яҳудийлар учун ишлайдиган Марказий разведка бошқармаси каламушлари”, дея шов-шувли баёнот берди. Ҳатто жаҳл устида 2001 йил 11 сентябрь теракти ижрочиларининг ҳам ёнини олди.
Шахматчи 8 ой Япониядаги турмада ётди. Унга Сербия ва Черногория, Германия каби давлатлар фуқаролик таклиф қилди. Охир-оқибатда Фишер Исландия парламенти қарори билан паспорт олди ва умрининг сўнгги даврини шу давлатда ўтказди. 2007 йилда у буйрак етишмочилиги сабаб шифохонага ётқизилди, аммо Фишер операцияни рад этди ва 2008 йилда вафот этди.
Фишер шахматда ўзидан ёрқин хотира қолдирди. Шахматда, Фишер йўналиши, Фишер ўйини деган атамалар ҳам мавжуд. Гроссмейстер А. С. Суэтин Фишернинг ижодий услубини қуйидагича тавсифлади: “...Фишер ўйинининг ўзига хос хусусияти унинг ажойиб аниқлиги ва фикрлашнинг рационаллигидир. Фишернинг ўйинини ўрганганингизда у совуққонлик билан, ҳеч иккиланмасдан, шахматдаги гўзал юришлардан воз кечади деган таассурот пайдо бўлади. Лекин бор кучини ҳақиқатни топишга қаратади”.
Бошқа шарҳловчилар ҳам Фишернинг ўйинида ҳайратланарли равшанлик, аниқ фикрлаш ва ноёб спорт маҳоратини қайд этишди: у фақат ғалабага интилди, лекин позицион кураш тамойилларини бузмади. Агар унинг ўйинлари дуранг билан якунланган бўлса, бу ғалаба қозониш учун барча имкониятлар чинакам тугашини англатади. Фишер Тал ёки Ларсен каби шахматда модернист эмас эди, у “соф” ва тиниқ шахматга интилди, аммо бу унинг ўйинини қуруқ ва зерикарли қилмади. Россиялик шахматчи Анатолий Карпов Фишернинг шахматга қўшган ҳиссасини тавсифлаб, шундай деганди: “Мен шахмат ўйинида бирор кишидан Фишердан бўлганчалик қарздор эмасман”.
Ота-онаси СССРдан АҚШга борган, ўзи Қўшма Штатларда улғайган, охир-оқибат саргардончиликда умр кечирган машҳур шахмат истеъдодининг умри шу тариқа тугади.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0