Завққа тўла болалик
Болажон халқимизда эртамиз давомчилари бўлган фарзандларимиз учун барча шароитлар муҳайё қилинган.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан юртимизда ўтказилаётган тадбирларда ҳам айнан жажжиларнинг бахтли болалиги акс этган. Болаларнинг бегонаси бўлмагани каби айниқса, эътибор ва алоҳида парваришга муҳтож болажонларимиз иштирокидаги байрамлар уларнинг қалбини ўзгача завққа тўлдиради.
Нукус шаҳридаги 26-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган “Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари” шиори остидаги байрам тадбирини болажонлар дилда қувонч билан қаршилади.
Тадбирда Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон кенгаши раиси Д. Қутлимуратова ва бир гуруҳ ходимлар иштирок этди. 72 нафар тарбияланувчи мавжуд мазкур ташкилотда Ўзбекистон республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қошидаги тиббий-психологик-педагогик комиссия хулосаси билан келган болалар тарбияланади. Жумладан, Аутизм, Даун синдроми ва шунга ўхшаш бир қанча ташхислар билан саломатликларини тиклаётган ҳамда тарбияланаётган ўғил-қизлар давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланмоқда. Шунингдек, дефектолог, болалар невропатологи, педиатр, психолог, тарбиячилар ёрдамида билим ва кўникмаларини ривожлантириб келмоқда. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 январдаги «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олишларини ташкил этиш ва уларни реабилитация қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 46-сонли қарори асосида 2024 йил октябрда “Ғамхўрлик” гуруҳи ҳам ташкил қилинган. Болажонларнинг шўх-ўйин кулгулари билан давом этган тадбир якунида касаба уюшмаси томонидан ҳадя қилинган совғалар уларни янада хурсанд қилди.
“Имкон”да байрам шукуҳи
26-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотидан бир олам таассуротлар билан қайтган Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон кенгаши ходимларининг навбатдаги ташрифи Нукус шаҳрида жойлашган “Имкон” реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Меҳмонлар тарбияланувчилар ҳолидан хабар олиб, шароитлар билан яқиндан танишди.
Марказга кирар экансиз болажонлар қалбидаги қувонч, эртанги кунга ишончни кўриб дилингиз яйрайди. Айниқса, совға улашилгандаги болажонларнинг севинч тўла кўзларида порлаган меҳрни кўрсангиз эди....
2 бўлимдан иборат ташкилотнинг реабилитация марказида 2 ёшдан 18 ёшгача турли ташхисли болаларнинг қатнаб даволаниши учун имконият яратилган бўлса, таълим ташкилотида 2 ёшдан 7 ёшгача соғлигида ўзгачалиги бўлган болалар тарбияланади. Ҳозирги кунда 10 та гуруҳ бўлиб, 141 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Шулардан 19 нафарининг жорий мактаб остонасига қадам қўяётгани ёш авлодни жамиятда ўз ўрнини топишига замин ҳозирламоқда.
–Марказга ҳар доим қалбда соғинч билан келаман. Бу ерда тарбияланаётган фарзандларимизнинг самимий нигоҳи, беғубор табассуми албатта ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Айниқса, яратилган шароитлар кишини ҳайратлантиради, – дейди мазкур кенгаш раиси Дилафрўз Қутлимуратова.
Чиндан-да, “Имкон”да имкониятлар бисёр. Буларнинг барчаси Ўзбекистон болаларининг бахтиёр яшашлари учун мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг амалдаги ифодасидир.
Албатта, республикамиз бўйлаб нишонланаётган байрам тадбирлари ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгалари бўлган болаларни асраб-авайлаш, ёш авлодни келажакда маънан бой, жисмонан соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Фотима АБДУРАИМОВА
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0