Ўзбекистон хавфсизлик масаласида Туркия билан ҳамкорлик қилмоқчи
2026 йил январининг иккинчи ярмида Ўзбекистон ҳарбий ва хавфсизлик блоки раҳбариятининг Туркияга бориши, имзоланган ҳужжатлар ва илк бор ишга туширилган “4+4” механизми Тошкент ташқи ва ҳарбий сиёсатининг янги босқичга ўтаётганидан дарак беради.
20 январь куни Анқарада Ўзбекистон ва Туркия ўртасида илк бор “4+4” форматидаги хавфсизлик учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу формат доирасида тўртта муҳим аҳамиятга эга соҳа – ташқи ишлар, ички ишлар, мудофаа ва махсус хизматлар раҳбарлари бир вақтнинг ўзида ягона платформада йиғилди.
Туркия томонидан учрашувда Ҳоқон Фидан, Али Ерликая, Яшар Гулер ҳамда Миллий разведка ташкилоти раҳбари Иброҳим Калин иштирок этди.
Муҳокама мавзулари дипломатик баёнотлар билан чекланмади. Терроризм, трансчегаравий таҳдидлар, разведка маълумотлари алмашинуви, ички хавфсизлик ва киберхавфсизлик масалалари ягона тизим сифатида кўриб чиқилди. Асосий янгилик шуки, таҳдидлар ўзаро боғлиқ занжир сифатида муҳокама қилинди.
Анқарада Ўзбекистон-Туркия Қушма стратегик режалаштириш гуруҳининг тўртинчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳамда Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан 2026-2027 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режасини имзолади.
Ҳужжат сиёсий мулоқот, хавфсизлик, мудофаа, иқтисодий ва гуманитар алоқаларни бир бутун стратегик ҳамкорликка боғлаб берди. Муҳим жиҳати шундаки, ушбу режа икки йиллик аниқ ҳаракатлар дастури билан тасдиқланган.
19 январь куни Туркия Миллий мудофаа вазирлигида Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-полковник Шухрат Холмухамедов расман қабул қилинди. Учрашув якунларига кўра, “2026 йил учун ҳарбий ҳамкорликни амалга ошириш режаси” ҳамда ҳарбий тиббиёт соҳасида таълим ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди.
Бу ҳужжатлар қушма машқлар, офицерлар тайёрлаш, тажриба алмашинуви ва ҳарбий тиббий хизматни модернизация қилишни қамраб олади. Соддароқ қилиб айтганда, гап қурол сотиб олишдан кўра, уни бошқара оладиган институционал салоҳият ҳақида кетяпти. Чунки Ўзбекистон ҳозирда қурол сотиб олиш эмас, балки ҳарбий бошқарув, кадрлар ва мувофиқлаштиришни кучайтириш босқичида турибди.
Туркия – НАТО аъзоси бўлиши билан бирга, мустақил ташқи сиёсат юритувчи давлат. Шу боис у Ўзбекистон учун ғарб хавфсизлик тизимига тўғридан-тўғри кирмасдан, унга яқинлашишнинг мувозанатли канали ҳисобланади.
TRT World нашри Анқарадаги учрашувларни Марказий Осиёнинг анъанавий дипломатиядан интеграциялашган хавфсизлик моделига ўтиши дея баҳолади. Анқарадаги Яқин Шарқ техник университети профессори Октай Танрисеверга кўра, “4+4” формати икки томонлама муносабатларни стратегик даражага олиб чиқади.
Экспертлар Ўзбекистонни Туркия учун Марказий Осиёга очиладиган асосий стратегик нуқта деб ҳисоблайди. Танрисевернинг таъкидлашича, Ўзбекистонга Афғонистон ва Покистон орқали Жанубий Осиёга чиқиш имконини берадиган йул сифатида ҳам қаралмоқда. Бу эса Анқара-Тошкент алоқаларини Кавказ, Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кенг кўламли геосиёсий архитектурага айлантиради.
Ўзбекистон чегаралари аллақачон турк дронлари билан қўриқланяпти. Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбоновнинг маълум қилишича, чегара бўлинмалари замонавий учувчисиз аппаратлар билан таъминланган.
“Ўзбекистон 24” телеканали берган маълумотларга кўра, давлат чегарасининг 42 фоизи видеокузатув тизими билан қамраб олинган, 1117 км оптик толали алоқа линияси тортилган, махсус бўлинмалар “Bayraktar TB2” дронлари билан жанговар навбатчиликка қўйилган.
Анқара сафари Ўзбекистон ташқи ва ҳарбий сиёсатининг устувор йуналишини аниқ кўрсатиб турибди. “4+4” формати эса Ўзбекистон ўз хавфсизлигини энди алоҳида идоралар орқали эмас, балки ягона стратегик мантиқ асосида қурмоқчи экаанидан далолат беради.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0