Ўзбекистон ташқи бозоридаги эҳтимолий хатарлар санаб ўтилди
Марказий банк маълумотига кўра, жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқлик ва хатарларнинг сақланиб қолиши хомашё бозорларидаги нархларнинг тез ўзгарувчан динамикада шаклланишига олиб келмоқда.
Марказий банк 2023 йил IV чораги учун тайёрлаган “Пул-кредит сиёсати шарҳи”да макроиқтисодий ривожланишдаги ноаниқликлар ва хатарлар ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтмоқда.
Унга кўра, жаҳонда юз бераётган воқеалар таъсирида макроиқтисодий ривожланиш бўйича ноаниқлик ва хатарлар юқорилигича қолмоқда.
Жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқлик ва хатарларнинг сақланиб қолиши хомашё бозорларида ҳам нархлар даражасининг тез ўзгарувчан динамикада шаклланишига олиб келмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бўлган Россия (санкцияларнинг салбий таъсирлари ортиши натижасида) ва Хитой иқтисодиётининг секинлашиши (кўчмас мулк секторидаги муаммоларнинг янада чуқурлашиши оқибатида) бўйича прогнозлар ташқи талаб томонидан мамлакат экспортига қўшимча босимларни яратиши эҳтимоллари мавжуд.
Бундан ташқари, Қизил денгиздаги (глобал савдонинг 11 фоизи ушбу денгиз орқали ўтади) юк кемаларига ҳужумларнинг давом этиши туфайли таклиф занжиридаги узилишлар товар ва хомашёлар нархларини ошириши ва бу глобал инфляцияни узоқроқ давом этишига олиб келиши мумкин. Таъкидланишича, 2023 йилда халқаро савдо ҳажми ўсиши Панама канали ва Қизил денгиз орқали юк ташиш камайиши оқибатида охирги 50 йилдаги энг паст кўрсаткичга етди (0,2 фоиз).
“Ушбу омиллар билан бир қаторда, бугунги кунда глобал иқлим ўзгаришлари, хусусан тошқин ва қурғоқчиликлар сони ортиши жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини ўсиши ва озиқ-овқат таъминоти бўйича хатарларни кучайтириши мумкин”, – дейилади МБ шарҳида.
Ўз навбатида, МБ ички ва ташқи иқтисодий шароитларда юзага келаётган ноаниқлик ва хатарлар кузатиб борилишини ҳамда янгиланган макроиқтисодий прогнозлар асосида пул-кредит шароитларига тегишли ўзгартиришлар киритилишини маълум қилган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0