Ўзбекистонда гўшт нархи МДҲда энг қиммат: бу аҳолига қандай таъсир қилмоқда?
Гўшт Ўзбекистонда энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотларидан бири саналади. Кўп ҳолатларда умумий нарх-навонинг ошиши гўштга қараб ҳам тавсифланади. Аҳоли кўпайган сари унга талаб ҳам кескин ошиб бормоқда.
2025 йилнинг дастлабки ойларида маҳсулот нархида сезиларни ўзгаришлар кузатилди. Ҳатто интернетда эълон қилинган хабарларга кўра, Ўзбекистон гўшт нархи энг юқори бўлган МДҲ мамлакати экани аён бўлди. Рақамларга келадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида бир килограмм лаҳм гўшт нархи 140-160 минг сўмгача сотилмоқда. Ваҳоланки, бу нарх бир неча ой аввал 110-120 минг сўмни ташкил этаётганди. Хўш, ўзбекистонликлар гўшт нархи қимматлашиб бориши хусусида қандай фикрда? Энди гўшт истеъмоли камаядими? Қуйида аҳоли фикри ва бошқа жараёнларни ўрганиб чиқдик.
Албатта аҳоли вакиллари гўшт нархининг қимматлашиб кетаётгани ва бунинг ортидан истеъмол камайишидан хавотирда. “Қўли узунлар олаверади. Ўртаҳол киши ўйлаб сотиб олади. Кам таъминланган оилалар ойда бир кило ёки гўшт ўрнига калла, илик суяк, кўпроқ товуқ гўштига аҳамият қаратади. Ўзи шундоғам қийналган оила сифатсиз, арзон гўшт ейиши оқибатида камқонлик, иммунитети пастлигидан касалликларга мойиллиги ошади. Бозорларда сотилаётган товуқ гўштининг арзонлигига эътибор беринг. Ўта арзон маҳсулот ҳам шубҳа уйғотиши тайин. Демак гўштнинг қимматлашиши инсон саломатлигининг пасайишига ҳам олиб келади. Чунки гўшт организмни турли керакли витамин ва бошқа микроэлементлар билан таъминлайдиган кучли озуқа ҳисобланади”, дея ёзади журналист Марям Аҳмедова.
Статистикага юзланамиз: Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2024 йилда республикамизда 2,9 млн тонна гўшт (тирик вазнда) етиштирилган. Гўшт етиштириш ҳажми 2023 йил билан солиштирилганда 3,9 % га (!) ошган. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Қашқадарё вилояти гўшт етиштириш бўйича биринчи ўринни эгаллаган. Бу вилоятда ўтган йили 345,9 минг тонна гўшт етиштирилгани айтилмоқда. Кейинги ўринни эса Самарқанд вилояти эгаллади – 326,9 минг тонна. Бухоро вилояти (312,7 минг тонна) ва Тошкент вилояти (312,3 минг тонна) кейинги ўринларда жойлашган. Оддий математик ҳисоб билан айтадиган бўлсак, мазкур миқдорлар 37 миллион аҳоли учун жуда кам экани келиб чиқади. Шу сабабдан Ўзбекистонда хориждан ҳам катта миқдорда гўшт импорт қилинмоқда.
Facebook тармоғи фойдаланувчиси Қодиржон Бўматовга кўра, Ўзбекистонда гўшт етиштириш учун шароитлар етарли даражада эмас.
“Бизда гўштнинг асосий қисмини аҳоли етиштиради. Яъни катта фермер ва тадбиркорлар эмас, оддий аҳоли уйида 1-2 та мол боқиб Ўзбекистонни асосий гўшт талабини қондиради. Бир сўз билан айтганди, гўшт етиштириш қишлоқ хўжалиги тараққий этган давлатлар даражасига кўтарилмаган.
Бундан келиб чиқадики, оддий одамлар учун мол боқиш қанча қийинлашса, қимматлашса гўшт нархи ҳам қимматлашаверади. Қанақадир “гўшт етиштирувчилар учун имтиёз”лар каби ҳаракатлар иш бермайди. Гўштни нархини тушириш учун ем-ҳашакни арзонлаштириш, аввалгидек хоҳлаган одам молини обориб боқа оладиган яйлов ва ерларни кўпайтириш (ҳозир қаерга борса у ерни “эгаси” бор), уйида мол боқиб, тирикчилигини қилаётган аҳолини тинч қўйиш керак. Ем-ҳашаклар бозорида ҳам нархлар беқарор. Ўзи занжир реакцияси шу ердан бошланади. Бир килограмм ем нархи минг сўмга қимматлашса, бозорда ҳам гўшт нархи ўйнай бошлайди. Масалан, бозордаги оддий гўштлик сомсанинг нархи минг сўмга ошгани қайсидир тадбиркорнинг ем нархини кўтарганинга боғлиқ бўлиб қолмоқда...”.
Фарғона вилоятида яшовчи Элёр Давронов ёзади: “Асосан қорамолнинг ички сон, лаҳм гўштидан олардим, 120.000 сўмдан эди. Ҳозирда бу гўштнинг нархи 150.000 минг сўмга кўтарилибди. Илик, пай, суяк кабиларни 20 минг сўмдан олардим, ҳозир эса 25 минг сўмдан тортиб беряпти. Истеъмол даражаси эса ўша-ўша. Айтишларига қараганда Қирғизистондан мол олиб кириш қийинлашган, сўйиладиган катта новвослар топиш анча қийинлашган, яхши новвос топиш муаммо эмиш. Демак шу кетишда яна ошади”.
Чортоқлик Исроилжон Юсуповнинг ёзишича, қорамол гўштининг лаҳм қисми яқингача 100-110 минг сўм миқдорида сотилган. “Ўтган ҳафта нарх 130 минг сўмга чиқди. Бир кило беринг десам, 150 минг сўмга тўғирладим, чиройли гўшт бўлди деб ўтказворяпти. Қассобларнинг шу одатини ёмон кўраман, доим гўштни кўпроқ қўйиб, аҳолига ўтказворишади. Ҳаммада шароит ҳар хил. Киши бозорга тушганда, бир сўмини ҳам ҳисоблаб, тежаб ишлатиш мақсадида тушиши мумкин”, дейди наманганлик фуқаро.
Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида истиқомат қилувчи Комил Қаршиев эса якка тартибда қорамол боқиб, гўшт етиштириши ва тажрибалари билан бўлишди.
“Ўтган йили 12,5 миллион сўмга бир ёшдан ошган зотли ҳўкиз сотиб олдим ва уни қарийб 10 ой давомида боқдим. Баҳор яхши келди, ем-ҳашак мўл бўлди. Бу даврда ем ва ҳашак нархлари ҳам бир қадар барқарор келди. Якунда ушбу қорамол гўштини 25 миллион сўмдан ошиққа сотдим. Ҳисоб-китобларимга кўра, 4 миллион сўмга яқин маблағ ем-ҳашак ва бошқа харажатларга кетибди. Мундай олганда, 8 миллион сўмча фойда олгандайман. Аммо бунинг ичида меҳнат, инфляция бошқа омиллар ҳам қўшилади. Кўп ҳолларда ҳатто бўрдоқига ҳўкиз боқиш эгасига деярли фойда келтирмаслиги ҳам мумкин. Масалан, сўнгги ҳафтада бир халта кепак нархи 82 минг сўмга етибди. Яқиндагина бу кўрсаткич 72-75 минг сўмни ташкил қиларди. Ҳар доим қиш тугаши ва кунлар исиши билан гўшт нархи кўтарилади. Чунки кўпчилик фермерлар янги йил байрами ва қиш тугашига қадар боқиб қўйган жонлиқларни сўйишади. Апрелга яқин аҳоли қўлида сўйиладиган моллар сони жуда камайиб кетади”, дейди у.
Мавзуга доир дея, телеграм каналимизда “Гўшт қимматлашиб кетди... Қанчадан олардингиз, эндичи?” саволи остида кичик сўровнома ўтказдик. Натижаларга эътибор беринг: энг кўп улуш (29 фоиз)ни олган жавоб “100 минг сўмдан олардик, 120 минг сўмга кўтарилди. Лаҳм гўштни 130-140 минг сўмдан оляпмиз” деган вариант бўлди. 23 фоиз иштирокчи эса гўшт 90 минг сўмдан бўлганини, қисқа вақт ичида 115-120 минг сўмгача кўтарилганини лаҳм эса 130 минг сўм эканини таъкидлади. 17 фоиз киши эса, оддий гўшт нархи 110 минггача чиқиб, истеъмолни камайтиришга мажбур бўлгани маълум қилди. 12 фоиз улушга эга бўлганлар арзонроқ товуқ гўшти олишни кўпайтирган, 11 фоиз одам эса ҳатто товуқ гўштига ҳам муҳтож эканини айтган...
Хўш, Ўзбекистон ичкарисида гўшт етишмовчилиги ва нархнинг баландлиги кузатилмоқда. Импорт ва экспорт масалалари бўйича вазият қандай? Расмийлар бирон чора кўришга уриняптими?
Маълумотларга кўра, МДҲ мамлакатлари ичида энг қиммат гўшт нархи Ўзбекистонга тўғри келмоқда. Numbeo халқаро сервиси маълумотларига кўра, 2025 йил март ойи ҳолатида Ўзбекистонда бир килограмм мол гўшти нархи 8,1 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, қўшни мамлакатларда бу кўрсаткич 7 доллар атрофида ўзгариб туради. Ўзбекистон мол гўшти нархи бўйича жаҳон рейтингида минтақавий қўшниларини ортда қолдириб, 91-ўринни эгаллади. Энг қиммат мол гўшти Швейцарияда (килограмми 44,3 доллар), энг арзони эса Покистонда (4,04 доллар) сотилмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги бир йилда Ўзбекистонда мол гўшти 18,5 фоизга, қўй гўшти эса 19,4 фоизга ошган. Шу билан бирга, товуқ гўшти нархи 0,8 фоизга тушди.
Мутахассислар Ўзбекистонда нарх ошишини бир неча омиллар билан изоҳлашади:
• Гўшт маҳсулотлари нархининг глобал ўсиши. БМТ маълумотларига кўра, 2025 йилнинг феврал ойида жаҳон бозорида гўшт нархи ўтган йилга нисбатан 18 фоизга ошган, бу асосан мол гўштининг қимматлиги билан боғлиқ.
• Озуқа ва ишчи кучи нархининг ошиши, фермерларнинг харажатлари ошиши.
• Гўшт етказиб бериш занжирида ишлаб чиқариш ва транспорт харажатларининг ошиши.
• Ўзбекистонда анъанавий равишда гўштга талаб юқори.
Қозоғистон томони тақдим этган статистикага кўра, мамлакат энг кўп мол гўштини Ўзбекистон экспорт қилмоқда. Жумладан, 2024 йилнинг 11 ойида Қозоғистон 73 минг тонна мол гўшти экспорт қилган бўлса, шунинг 31 минг тоннаси Ўзбекистонга кириб келган. 24 минг тоннаси эса Россияга чиқарилган. Ҳатто 2025 йил феврал ойида Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Айдар Сапаров мамлакатда гўшт маҳсулотлари нархи ошишини Ўзбекистонга экспортнинг кўпайиши билан боғлаганди.
Ўз навбатида ҳукуматимиз ҳам гўшт нархини стабил ушлаш ва ички бозорда хаос келиб чиқмаслиги учун қарорлар чиқарди. Масалан, 2025 йил 14 мартда президентнинг “Маҳсулотлар экспорти тартиб-таомилларини такомиллаштириш ва қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистонда 2025 йил 1 июлдан бошлаб 86 турдаги товарларга экспорт божхона божлари жорий этилади. Улар орасида гўшт маҳсулотлари, буғдой, дон, гуруч, минерал ўғитлар, чарм хомашёси, табиий газ ва бошқа товарлари бор. Мазкур чоралар гўшт нархини барқарорлаштиришга таъсир кўрсатадими, йўқми буни вақт кўрсатади.
Аброр Зоҳидов,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0