Жиззахда боғча тарбиячиси ҳамда болалар заҳарлангани айтилмоқда
Ижтимоий тармоқларда “Жиззахдаги боғчада 2 нафар бола овқатдан заҳарланди” сарлавҳаси остида тарқалган хабарлар қанчалик ҳақиқатга мос. ishonch.uz сайти ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Пахтакор туманига борди.
Тумандаги Сувонобод маҳалласида жойлашган тадбиркор Лола Улуғмуродова раҳбарлигидаги нодавлат оилавий мактабгача таълим ташкилоти 25 ўринга мўлжалланган. 2 август куни боғчага 16 нафар бола келган. Кундуз тахминан соат 12.00 ларда боғча тарбиячиси билан бирга икки нафар тарбияланувчилар тана ҳарорати кўтарилиб, ўзларини нохуш сезишади. Ходимлар уларни шифохонага олиб боришади. Беморлар овқатдан заҳарланиш ташхиси билан юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган.
– 2 август куни соат 14:30лар атрофида уч нафар бемор бўлимимизга келиб тушди, – дейди Пахтакор туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими мудири Аҳмад Андаев. – “Диарея” ташхиси билан беморларга биринчи ёрдам кўрсатдик. Суриштирганимизда уларнинг боғча тарбиячиси ва тарбияланувчилари эканлигини билдик. Шу куннинг ўзида ушбу боғчада тарбияланаётган қолган 14 нафар бола ҳам бўлимимизда шифокорларнинг кузатувига олиниб, зарур муолажалар қилинди. Уларга соғлигидан шикоят аниқланмагани туфайли уйларига жавоб берилди. Қолган уч нафар беморлар бир кундан сўнг ҳолати яхши бўлганлиги сабабли уйига жавоб бердик.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати туман бўлими ходимлари ҳам шу куни оёққа турди. Эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилди, бироқ ўша кунги таомнома йўқлиги, берилган таомлардан намуналар бўлмаганлиги сабабли аниқ ташхис қўйишда қийинчиликлар бўлди.
– Тезкор хабарнома олганимиздан сўнг зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасининг, юқумли касалликлар бўлимига етиб бордик, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати туман бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Акбар Ўсаров. – Ошқозон чайиндисидан намуна олиб лабораторияга юбордик. Лаборатория натижаларига кўра овқатдан заҳарланиш аломатлари борлиги аниқланди. Бироқ таъминотчилар томонидан берилган озиқ - овқат маҳсулотларида салбий ҳолатлар топилмади.
Туман мактаб ва мактабгача таълими бўлими мутахассиси Зуфар Ахилов болалар уйида қовун-тарвуз егани оқибатида бундай ҳолат юзага келган, дея изоҳ бермоқда. Тадбиркор Лола Улуғмуродова эса шу куни бир оиланинг уч нафар фарзандида ўзларини ёмон ҳис қилганини айтиб ўтди.
Ушбу ҳолатдан сўнг, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари томонидан муассаса 10 кунга ёпилган. Тадбиркорнинг сўзларига кўра боғча сентябрь ойидан яна ўз иш фаолиятига қайтади.
Айни пайтда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Муқимбой Исмоилов,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0