“Журналистмиш яна, ҳеч нимани билмас экансиз-ку?!”
Бир куни телефоним жиринглади. Олсам, Халқ таълими бўлими бошлиғи саломни қисқа қилди-ю, ҳовлиқиб гап бошлади: — Сиз журналистсиз-ку. Ҳозир бир киши билан битта савол устида баҳслашиб қолдик. Шунга жавоб берворинг.
— Нима савол экан у?
— Айтингчи, “маъсулият” деган сўзда айириш белгиси “а”дан кейин келадими ёки “с” дан кейин? — деди айнан “а” ҳарфига урғу берганча.
— Албатта “с”дан кейин келади-да! — дедим.
— Йўқ, сиз хато айтяпсиз. Унақа бўлмайди..!
Бутун бошли Халқ таълими бўлими бошлиғининг кўтарган масаласи-ю, камига қимматли вақтимни олганидан астойдил жаҳлим чиқди:
— Агар эволюция натижасида ўша айириш белгисининг жойи сурилиб қолмаган бўлса, “с”дан кейин турганди, — дедим секингина.
У кесатганимни билиб, тутақиб кетди. Энди овозини баландлатиб, зарда қилишга ўтди:
— Ҳе, сизни қаранг-у! Журналистмиш яна. Ҳеч нимани билмас экансиз-ку?! Бекор вақтимни кетказиб сизга қўнғироқ қилганим. Яхшиси, “тилчи”лардан сўрайман. Улар аниқ билишади!
Шундай дея у шартта телефонни ўчирди. Ҳангу-манг бўлиб қолдим. Мени кузатиб турган ҳамкасбларим оғзимга қараб туришарди. Уларга бор гапни айтиб бергандим, барчаси шарақлаб кулиб юборишди.
Кейинчалик билсам, ўша куни Халқ таълими бўлими бошлиғи шу масалада бир киши билан баҳслашиб қолибди, ҳатто гаров ҳам ўйнашган экан. Уларнинг фикрича, бунинг аниғини ҳозир машҳур ёзувчилар, тилчи-ю, журналистлар ҳам билишмас эмиш. Шу сўз хато билан кетаётган бўлиши ҳам мумкин экан...
Ана холос... Наҳот мен ҳам доимо “масъулият” деб ёзиб хато қилаётган бўлсам. Сиз нима дейсиз, “масъулият”ми ёхуд “маъсулият”?
Холида Эгамбердиева,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
5/51
0
0
0
0