СССРнинг “сўнгги фуқароси” Самарқандда яшамоқда
Онахоннинг қўлидаги қизил муқовали, СССР герби туширилган паспортга қараб, кишининг кўзига беихтиёр ёш келади. Бугун биз қайси асрда яшаяпмизу, бу аёл қайси замонда қолиб кетган?!
Ўзбекистон мустақилликка эришганига қарийб 35 йил бўлди. Шу давр ичида мамлакатда бир неча бор паспорт алмаштириш кампаниялари ўтказилди, биометрик паспортлар жорий қилинди. Бугун эса аллақачон рақамли ID-карталар замонида яшаяпмиз. Лекин Самарқанддаги бу Она ҳали ҳам... СССР фуқароси. Мавжуд бўлмаган давлатнинг "мавжуд бўлмаган" одами.
Биз газеталарда ҳам, телевидениеда ҳам "Ўзбекистон аёллари — эътиборда" деб чиройли мақолалар ёзамиз, баландпарвоз кўрсатувлар қиламиз. Бироқ бу қишлоқдаги Онахон каби аёллар ҳамон пахса деворли уйларда, ўша эски печканинг олдида қўлида аллақачон тарих қаърига ғарқ бўлган тузумнинг ҳужжати билан яшашда давом этмоқда.
Мамлакатда аёлларга ёрдам бериши керак бўлган турли "... дафтар"лар борлиги ҳақида бонг урамиз. Бироқ Онахон учун бу дафтарларнинг бирортасидан жой топилмаган. Чунки у расман... ҳали ҳам мавжуд бўлмаган давлатнинг фуқароси!
Бу аёлга берилмаган Ўзбекистон паспорти — шунчаки қоғоз эмас. Бу — у ололмаган нафақа, у бора олмаган сайловлар ва у ҳис қилмаган давлат ғамхўрлигидир.
"Нега ҳали ҳам бу паспортни алмаштирмагансиз?", деб сўрайман. "Имконим йўқда", дея зўрға жавоб беради.
Қани энди, аёлларга ғамхўрмиз дея бонг ураётган мутасаддилар "уйқу"дан уйғонишса-ю, реал ҳаётга қараб, шу аёлни СССР фуқаролигидан "озод қилиб", ниҳоят Ўзбекистон фуқароси сифатида рўйхатга олишса. Биргина аёл — биргина Онанинг оддий инсоний ҳуқуқини тиклаб бера олсалар.
Ё бунга ҳам яна бир чорак аср керак бўладими?



Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0