1211 эшитади “Ишлашни истайман”
Ҳаёт баъзида чекинишга, баъзан курашишга мажбур қилади. Лобар Болтабоева ҳам гоҳ қоқилиб, гоҳ туртилиб, оёқда қатъий туришни ўрганди.
У 2019 йили Хонқа тумани Педагогика коллежининг “Мактабгача таълим тарбиячиси” йўналишини тамомлади. Ўз соҳаси бўйича беш йил фаолият кўрсатди.
Аммо, тақдир доим ҳам деганингга кўнавермаскан. Турмуш ўртоғининг талаби билан ишдан бўшашга мажбур бўлди. Бу орада уч фарзандни дунёга келтирди. Ҳозир у оилавий можаролар туфайли фарзандлари билан ижара уйда яшамоқда.
Иқтисодий қийинчиликлар, ижара ҳақи, болалар эҳтиёжи уни яна иш излашга ундади. Ёрдам сўраб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Хотин-қизлар муаммолари бўйича 1211 ишонч телефони”га мурожаат қилди.
“Ишлашим керак, илтимос, яшаш шароитим оғирлигини инобатга олган ҳолда, тез фурсатда мутахассислигим бўйича иш билан таъминланишимда амалий ёрдам берсангиз” деди у.
Мурожаат тегишли тартибда Хоразм вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасига йўналтирилди. Мутасаддилар томонидан Лобарга Урганч шаҳридаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берилди. Лобар таклифларни ўрганиб чиқиб, 42-сон мактабгача таълим муассасасидаги тарбиячи лавозимини маъқул деб топди. Урганч шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан унга мазкур таълим муассасасига ишга жойлашиш учун расмий йўлланма берилди.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0