50 дан ортиқ давлат, 400 минг км.дан ортиқ масофа... Бобурнинг улкан мероси бўйича изланишлар давом этади
Бугун, 28 февраль куни Тошкент давлат Шарқшунослик университетида “Халқаро бобуршунослик илмий платформаси” тақдимоти юзасидан “Матбуот анжумани” бўлиб ўтди. Унда Бобур номли халқаро жамоат фонди фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини янада кенг тарғиб қилиш мақсадида Президент томонидан 2023 йил 25 январ куни “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор эълон қилинган. Унга мувофиқ, Бобур Мирзонинг таваллуд санаси доирасида қатор маънавий, маърифий, илмий тадбирлар билан бирга, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш вазифалари белгиланган.
Бугунги тадбирда Бобур номли халқаро жамоат фондининг бу борада қилган ишлари бўйича маълумотлар берилди. Фонд тасарруфидаги Бобур халқаро илмий экспедициясининг биринчи сафари 1992 йилнинг май ойида амалга оширилган бўлиб, шу кунгача 50 дан ортиқ хорижий давлатларга 30 дан ортиқ халқаро сафарлар уюштирилган. Африка қитъасидан Ҳинди-Хитой ярим ороли, Европа-Америка давлатларигача 400 минг км.дан ортиқ масофа автомашинада босиб ўтилди. Бу сафарлар ва илмий изланишлар натижасида 1000 дан зиёд ноёб китоблар ва нодир қўлёзма асарлар олиб келиниб, фонд қошидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” китоб музейига жамланди ва илмий муомалага киритилди ва киритилмоқда.
Шу кунгача фонд ҳомийлигида 50 дан зиёд китоблар нашр этилди. Фонд ташкил этилгандан буён биргина “Бобурнома”нинг ўзи уч марта қайтадан нашр эттирилди. Бугунги ёшларга тушунарли бўлсин деган ниятда “Бобурнома”нинг табдили яратилди.
Тадбирда шунингдек янги платформа ҳам тақдим этилди. Мазкур платформанинг расмий домени учун синов тариқасида https://baburid.uz/ деб номланади. Ушбу платформа учун харид қилинган интернет майдони ҳажми 20 000 дан зиёд китоб, мақола каби файлларнинг юкламасини ўзида мужассамлашга қодир.
Платформанинг “Виртуал саёҳат” бўлимида “Бобур ва жаҳон маданияти музейи”, “Боғи Бобур истироҳат боғи”, “Бобурнинг рамзий қабри”, “Бобур халқаро жамоат фонди”, “ Андижон шаҳарсозлик маданияти” музейиларига саёҳат қилиш имконияти яратилди.
Иштирокчилар томонидан ташкилотчиларга мазкур платформани boburiy.uz домени орқали ишлайдиган қилиш таклифи берилди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0