Қўш устунимнинг бири
Ушбу битикларимни онам – Қумрихон Абдулҳамид қизи хотирасига бағишлайман.
Бировнинг ҳақи
Бу ҳол муттасил ҳар йили такрорланади. Ҳамма ёзда дам олса, мен авжи кузда меҳнат таътилига чиқаман. Бошқаларга ўхшаб, сайру саёҳат қилиш қайда, дейсиз?.. Қишлоққа бораман. Оз эмас-кўп эмас, роппа-роса тўрт ҳафта бобокасбимни қиламан: анор боғлаб, анор кўмаман.
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўшанда мезон ойининг охирги жумаси эди. Ҳар қалай, отам мачитга кетганди. Катта акам иккимиз томорқада ишлаётгандик. Куз кунлари бир тутамлигидан, илиқ дамлар ғаниматлигидан ниҳоятда шошилаётгандик.
Тушга яқин ҳаво исиб кетди. Томоқни бирров ҳўллаб олмасак бўлмайди. Чой келтириш ниятида ҳовли томон юрдим. Ошхонага кираётиб, онам олди ойнаванд айвонимизда ким биландир қуюқ суҳбатлашаётганини сездим. Деразага парда тутилгани боис меҳмоннинг ўзини кўрмадим. Аммо овозидан дарҳол танидим: почтачи йигит!
Унинг исми Даврон. Ёши акамникидан ҳам каттароқ, мендан беш-олти кўйлакни ортиқ йиртган. Бўйи пакана. Қўл-оёқлари калтабақай. Жуссаси ғўлабирдай – хўппа семиз. Афт-ангори сап-сариқ. Кўзлари мовий, қошлари қалин-ўсиқ. Сочу киприклари қизғиштоб. Боши тепакал. Юришлари ажабтовур: бамисоли ғилдираб кетаётган бочкага ўхшайди. Бир нарсадан қуруқ қолаётгандек пилдираб қадам ташлайди. Гап-сўзлари ўта мулойим, ўта нозик. Лекин ўзига анча-мунча пишиқ. Ҳуда-беҳуда жон койитмайди. Кимдан ҳайиқса, ўшанинг газета-журналини вақтида элтиб беради. Бошқаларникини эса, уч-тўрт кунлигини битта қилиб, болаларданми, қўни-қўшниларданми, йўл-йўлакай бериб юборади.
У баъзан хуфиёна иш кўради. “Ортиқча юк”ни ими-жимида гузардаги қассоблару пистафуруш аёлларга оширади. Эвазига минг бор таъна-дашном эшитса ҳам пинак бузмайди. “Йўргакда теккан эски касали”дан воз кечмайди. Фақат нафақа пулларинигина ҳеч кимга ишонмайди. Иссиқ-совуқ, қор-ёмғир демасдан, шалоғи чиққан велосипедида уйма-уй юриб, ўзи тарқатади. Бекорга эмас, албатта. Битта сири бор: одамига қараб, бировдан озроқ, бировдан кўпроқ пул уриб қолади. Гўёки “ҳожатбарор”лиги учун “арзимас хизмат ҳақи” олади.
Албатта, буни ҳамма билади, ҳамма гапиради. Бироқ юзига айтмайди. Мусулмончиликка бориб, истиҳола қилади. Почтачи эса мана шу ўзбекона андишанинг отини қўрқоқ деб билади.
Эҳтимол, шунданми, мен уни унчалик хушламайман. Тамагирлигини ҳечам ҳазм қилолмайман. Онам бўлса, аксинча, мудом иззатини жойига қўяди. Айниқса, пенсия пулини келтирганда ийиб кетади. Айланиб-ўргилиб сўрашади. “Давронбой”, “Давронбой”лаб тўрга ўтқазади. Чой дамлаб, дастурхон ёзади. Бизга айтмаган дардини, мингйиллик сирдошидек, унга айтади.
Ишонмасангиз, ана, қулоқ солинг: ҳозир ҳам икковлон дунёнинг бор ташвишларини унутиб, қизғин гурунглашаяпти...
Йўқ, тўхтанг, адашдим чоғи, аслида почтачи соддагина онамни ҳар галгидек бемалол лақиллатаяпти. Нафақа пулини бериш баҳона ундан қуртдеккина қилиб, “хизмат ҳақи” ундираяпти:
– Буниси сизники. Униси чолингизники. Жами – олти минг беш юз сўм (у пайтларда бу каттагина пул саналарди). Мен хизмат ҳақимга икковингиздан бор-йўғи уч юз йигирма беш сўмгина обқолдим. Розимисиз, хола?
Ортидан онамнинг сокин-хотиржам овози эшитилди:
– Майли, розиман, Давронбой, розиман. Ҳалолинг бўсин. Ие, шошма, ма, манави юз сўмниям қўшиб олақол... Ҳа, барака топ, илоё, мани ёшимга етиб юр!..
Демак, тушунарли: почтачининг навбатдаги “бизнес-савдо”си пишди. Кўз очиб-юмгунча икки пенсионернинг ҳисобидан нақд тўрт юз йигирма беш сўм текин пул ҳамёнига тушди.
Куппа-кундузги кишибилмас бу қароқчиликка бефарқ қарай олмадим. Онам айтмоқчи, “честний мухбир"лигимга бордим.
– Ассалому алайкум, ҳорманг, Даврон ака! – дедим эшикни шартта очиб, айвонга қия мўраларканман. – Хуш кепсиз!
Почтачи онамдан олган “ширинкамо”сини эндигина кўкрак чўнтагига солаётган экан, бехос бош суққанимни кўриб, каловланиб қолди.
– Ие-ие, – деди шоша-пиша оёққа қалқиб. – Бу-у... сен шу ердамидинг, укажон?.. Мен билмабман, қачон келдинг?
Мендан олдин онам ҳозиржавоблик қилди.
– Бир ҳафта бўлди. Отпускага чиққан. Ўшандан буён агаратда ишлаяпти, – деди мамнуният билан.
– А-а, шунақами?.. – Почтачи жойига чўкаркан, ҳамон эсанкираганича онамга ўгирилди. – Бу ўзи-и... сизларда анор жа сероб-да, хола. Эринмай санаса, шу би-ир... тўрт юз туп чиқар-ов?!.. – деди довдираб.
–Э, йўқ, унча кўп эмас. Катта-кичиги аралаш уч юзу олтмиш бешта! – Онам унинг тахминига аниқлик киритди. Этагидаги пулларни шошмай кўрпача қатига қистиргач, почтачига батафсил “ҳисобот” беришга киришди. – Бари бир хил. Тўлка туятиш сўртидан. Олди ўттиз-ўттиз икки йиллик. Орасида қайнотам раҳматли экканлари, тириклигида бутун қишлоқди онахонига айланган қайнонамди қўли текканлари ҳам талайгина.
Гап шу ерга келганда мен норози оҳангда томоқ қирдим. Негаки, онамнинг феъл-атвори маълум. У, хоҳ таниш-хоҳ нотаниш бўлсин, барчани бирдек кўнглига яқин олаверади. Биров сўраса-сўрамаса, дилида борини тўкиб солаверади. Бу кимгадир ёқади, кимгадир йўқ. Шу боис бундай кезларда мен ўзимча ҳушёрлик кўрсатаман. Мавридини топиб, гап оқовасини бошқа ўзанга буриб юбориш пайида бўламан. Ҳозир ҳам шундоқ қилмоқчи эдиму, уддасидан чиқолмадим. Онам безовталанаётганимга, асабийлашганча остонага ўтириб олганимга парво ҳам қилмай, “ҳисобот нутқи”ни давом эттирди.
– Энди, бировдан яширадиган жойи йўқ, Давронбой, бизди рўзғорди кам-кўсти шу анорлар билан, – деди салмоқлаб. – Ман санга айтсам, анор жаннатдан чиққан дарахт. Меваси – беғубор, минг бир дардга даво неъмат. Қанча ема, меъдангга урмайди. Руҳингни тетиклаштиради. Даромадиям дуруст. – Онам мамнун жилмайиб, енгларини шимарди. Сочиққа ўралган чойнакдан чой қуйиб, почтачига узатди. – Фақат меҳнати сал оғирроқ. Куз пайти боғлаб кўмишда, кўклам чоғи очиб, тиклашда одамни тоза қийнайди. Отаси билан тўрт ака-ука ойлаб тиним билмайди. Келинлариму мани қўлим қиш бўйи анор сотишдан бўшамайди. Қариб, ҳосилдан қолганларини кўчириб ташлайлик, десак, кўзимиз қиймайди. Уволидан қўрқамиз, Давронбой, уволидан.
Онам оилавий ҳаётимизга доир “ахборот”ини якунлар-якунламас, мен томонга бош бурди-ю, гапи оғзида чала қолди.
– Ҳа, болам, – деди-да, тўсатдан танбеҳ берди. – Бу нима қилиқ? Нега кофирга ўхшаб бўсағада ўтирибсан? Ёки остонани босиб туриш бехосият эканини билмайсанми?.. Қани, ўрнингдан тур, бундоқ ичкарига кириб, Давронбой аканг билан одамга ўхшаб кўриш!
Айтганини қилдим. Бироқ чангга ботган этигимни ечишга эриндим. Пойгакда турибоқ, почтачига қўл чўздим. Унинг кулчадек думалоқ-иссиқ кафтларини маҳкам сиқаётиб, этдор бармоқлари билинар-билинмас титраётганини сездим.
– Қани, ке, сўрига чиқ, укажон. – Почтачи ўнғайсизланиб, менга ёлғон манзират қила бошлади. Аввалги жойидан сал юқорига ўтираётиб, беихтиёр кўкрак чўнтагини устидан сийпалаб қўйди. – Бу-у, ишқилиб, ўзинг омонмисан, укажон? Ўйнаб-кулиб, бардам-бақувватгина юрибсанми? Бу... ишларинг қалай?
Очиғи, унинг ҳар икки гапининг бирида “укажон-укажон”лаб ялтоқланиши, устига-устак, нуқул “бу-бу” дея талмовсираши ғашимга тегди. Жиним қўзиб, қитмирлигим тутди.
– Чатоқ! – дедим туйқусдан томдан тараша тушгандай қилиб. – Анчадан бери янги иш излаяпман.
– Йўғ-е, наҳотки? – У ўзи сезмаган ҳолда иккинчи бор чўнтагини пайпаслади. – Бу-у... ростданми?
– Рост! – дея онамга яширинча кўз қиримни ташладим. У деразани очиш билан банд бўлиб, ёлғонимга эътибор бермаётганидан фойдаланиб, почтачига росманасига пичинг отдим. – Мабодо, почтангизда бўш ўрин йўқми? Бўлса, айтинг, бир амаллаб жойлашиб олардим.
– Вой, нималар деяпсан, укажон? – Даврон ака астойдил таажжубланди. – Бу-у... сани соҳанг бошқа, бизники бошқа бўса...
– Нима қипти, тирикчиликнинг айби борми? – Темирни иссиғида босиш учун боягидан баттар тўнғилладим. Эшик кесакисига суянаётиб, тағин тилимга эрк бердим. – Ахир, қишлоғимиз худди шаҳардай катта. Ким кўп – пенсионер кўп. Ҳар пул тарқатганимда истаганимча “чойчақа” ишласам, яна ойлик олиб турсам, ёмонми? Қайтага бир ўқ билан икки қуённи урганим маъқул-ку!
Почтачи коса тагидаги нимкосани англаб етди шекилли, аввалгидан-да баттарроқ гарангсиб, мовий кўзларини мендан олиб қочди. Қизғиштоб киприклари тез-тез пирпираб, қизларникидек лўппи юзлари дув қизарди. Ногоҳ қўлга тушган ўғри мушук сингари дам менга, дам жойига келиб ўтирган онамга олазарак боқди. Сўнгра қалтироқ бармоқлари билан чўнтагини кавлади. Бояги пулни чиқариб, дастурхон четига қўйди. Ўртага ноқулай жимлик чўкди. Онам нима гаплигини тушуниб етдими, менинг қўрслигимдан мулзам тортгандай, лабларини қимтиди. “Хаҳ, нодон-а!” дегандай, оппоқ сочли бошини сарак-сарак қилди.
– Кечирасан, укажон. – Сукунатни почтачининг палағда товуши бузди. – Буни опангди ўзлари кўнгилдан чиқариб берувдилар. Мен сазалари ўлмасин, кексаларнинг атагани табаррук бўлади, деб олувдим. – У пулни оҳиста олдидан нари сурди. Нигоҳини ердан узиб, қалдирғоч баҳорда ин қурган шифтга қадади. – Майли, хола, – деди сўнгра онамга мўлтираб, – энди мен борай. Ҳали тарқатадиган пулларим анчагина. Бу ўтиришимда эгалари маҳтал бўлиб қолишмасин.
Почтачи шундай дея шоша-пиша оёққа қалқди. Телевизор устидаги алмисоқдан қолган эски сумкасини чаққон елкасига илди. Онамнинг “Ҳой, андак тўхта, Давронбой!” дея жаврашларига қулоқ ҳам солмади. Туфлисини апил-тапил кийди-ю, ёвдан қочгандай ташқарига отилди. Мен индамадим. Лоақал “Хайр” ҳам демадим.
Почтачининг шарпаси кўздан йўқолар-йўқолмас, онам менга заҳрини сочди.
– Бу нима қилиқ? Бу қанақа жиннилик? – деди кўзларимга қаттиқ тикилиб. – Ҳеч жаҳонда мезбон деганиям шунчалар қўпол бўладими? Меҳмонни иззатлаш ўрнига шарманда қилиб жўнатадими? – Унинг қошлари чимирилиб, овози изтиробли титраб кетди. – Ёмоннинг кучи япалоққа етиши рост экан-да, а? Пулни берган ман бўсам, санга нима?
Онам бу қадар аччиқланади, деб ўйламовдим. Қилмишимдан ичимда афсусландим. Аммо сўнгги пушаймондан не фойда? Шуни эслаб, отдан тушсам-да, эгардан тушгим келмади.
– Қўйсангиз-чи, опа, – дедим хижолат аралаш иягимни қашиб. – Нима қиласиз ҳадеб ўшанинг тарафини олиб? Биринчидан, у меҳмон эмас, “кунда – шунда”, иккинчидан, пулни сиз берганингиз йўқ. Олдин ўзи олиб, кейин сизга айтди. Ҳаммасини ташқаридан эшитиб турувдим.
– Оҳо, зўр-ку! Ҳали ёмон хотиндай гап пойлайдиган одатим ҳам бор дегин. – Онам дастурхонни йиғиштириб, дераза токчасига обориб қўяркан, кинояли ўсмоқчилади. – Бехабар эканман, яхши айтдинг. – Кейин муддаога ўтди. – Хўш, эшитган бўсанг, нима бўпти, осмон узилиб ерга тушибдими? Бечора, барибир, мани розилигимни сўради-ку. Шўрликкинани нега уялтирасан? Келиб-келиб, райсабисди одамига туҳмат қилгани Худодан қўрқмайсанми?
Аслида-ку, почтачи ўзига тўқ одам. Уй-жойи бинойидеккина. Болалари удли-шудли. Вояга етганлари топармон-тутармон. Оиласи ўзгаларникидан тўкин-тўкисроқ яшаса яшайдики, ёмон эмас. Онам шуни билатуриб, уни бир жиҳатдан нотавон-бечораҳолга чиқариб қўйгани, иккинчи жиҳатдан “райсабиснинг одами” деб улуғлагани менга эриш туюлди. Ўзимни босолмай, кулиб юбордим.
– Тавба, – дедим бурнимни жийириб, – у қанақасига шўрлик, қанақасига райсобеснинг одами бўлсин. Қип-қизил муттаҳам, қип-қизил юлғич-ку.
– Пешдаҳанлик қима! – Онамнинг бирдан важоҳати ўзгариб, зарда билан қўл силтади. – Ёки сан ўзингча мани ҳеч балога фаҳми етмайдиган оми кампир ҳисоблаяпсанми? Шунақами?.. Унда билиб қўй, манам тўртинчи синфди битирганман. Хат-саводим жа саникичалик бўмасаям, Худога шукур, эс-ҳушим жойида. Оқу қорани яхши ажратаман.
У сўнгги сўзларини худди дугонаси билан баҳслашаётган ёш қизалоқдек қизишиб айтди. Басма-басига фикрини исботлашга киришди.
– Бизга пенсияни райсабис белгилаб, пул тарқатишни Давронбойга ишониб топширганми, ахир? Шундай экан, у райсабисди одами бўлмай, ким бўлади?
Онам ўз наздида мени мот қилгач, почтачи олмай кетган пулларга ишора қилди.
– Мана шу зормандага, – деди шаҳодат бармоғини ниқтаб, – нари борса, икки қадоқ гўшт келади. Бу билан Давронбой бойиб кетиб, бошқалар оч қолмайди. Парвардигоримди даргойи кенг, қимирлаган жон ризқини териб ейверади.
– Ҳа, ўлманг, яшанг! – дедим мен фурсатни бой бермай. – Ҳамма гап ана шу насибани ким қандай топишида. Агар Давронбойингиз икки юз-уч юз пенсионернинг ҳар биридан ўртача икки юз сўмдан шилиб қолса, ойига, ўлдим деганда, олтмиш минг ишлайди. Бунча пулни уззукун даладан бери келмайдиган деҳқон бир мавсумда ҳам тополмайди.
– Э, қўй, қайси гўрдаги хомаки ҳисоб-китобларингни. Қозилик санга қоптими? – Онам тайин ҳақиқатни атай тан олмасликка уринди. Совиб қолган чойни ҳўпларкан, яна почтачини оқлашга зўр берди. – Давронбой оддий почтачи бўсаям, ориятли йигит. Ҳаммагаям ҳадди сиғиб, бунақа эркалик қилавермайди, тушундингми? Ҳар чол-кампирлар борки, бир сўмди устида тикка туради. Пенсияси-ку, ўз йўлига, ердан пул топиб осаям, етти санаб, бир тугади.
– Ана, бўпти-да, – дедим бирданига жонланиб, – улар ҳақ-ҳуқуқларини яхши билишади. Сариқ чақасиниям бировга бекордан-бекор раво кўришмайди. Сиз эса, тескарисини қиласиз. Дуч келганга ачиниб, ҳотамтойлик кўрсатасиз. Қўйиб берса, оғзингиздаги ошингизни ҳам қўшқўллаб тутқазасиз. Кошки, шунга яраша раҳмат эшитсангиз. Масалан, мана шу почтачиям, – дедим алоҳида таъкидлаб, – пулингизни олгунча атрофингизда гирдикапалак бўлади. Вақти келганда, барча яхшилигингизни унутади.
– Унутмайди! – Онам сўзимни кескин рад этди. Шу заҳотиёқ яна такрорлади. – Иймонли одам яхшиликни ҳеч қачон унутмайди. – Шундай деди-ю, қўққисдан ҳовуридан тушиб, бир нуқтага тикилиб қолди. – Унутса, – деди анчадан сўнг бошини хиёл кўтариб, ҳорғин-шикаста овозда, – тепада ҳаммасини кўриб-билиб турувчи Худо бор. Ношукур бандасининг жазосини ўзи беради. Бировди ҳақи бировга юқмайди. Бу дунёни тошу тарозили дунё дейдилар.
Мен бу сафар гап қайтармадим. Айвондан секингина сирғалиб чиқдиму, анорзорга кириб кетдим...
* * *
Аёллар байрами арафаси эди. Онамнинг қирқини ўтказишга ҳозирлик кўраётгандик.
Пешин маҳали кутилмаганда ҳовлимизга Даврон ака кириб келди. Бирпас ўчоқ кавлашга, ўтин ёришга кўмаклашган бўлди. Лекин негадир кайфияти бузуқ, қовоғи солиқ эди. Ўқтин-ўқтин менга зимдан қараб-қараб қўярди. Бу бежиз эмас экан. Пайт пойлаб, мени четга имлади. “Бирор дарди бордир-да”, деган ўйда орқасидан эргашдим.
У омборхонамиз ёнбошидаги пичан ғарами олдига яқинлашганда юришдан тўхтади. Теварак-атрофга безовта аланглаб, гапимизни эшитадиган одам йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, елкамга қўлини қўйди.
– Ўксима, ука, – деди арқонни узун ташлаб. – Холам раҳматли жаннати аёл эдилар. Уларни мен ҳам қаттиқ ҳурмат қилардим. Ишқилиб, Худо раҳматига олган бўлсин. – Кейин қўйнидан газетага ўроғлик алланимани чиқариб, менга узатди. – Мана, – деди алланечук энтикиб, – малол келмаса, шу омонатни олиб қўйсанг...
– Нима бу? – Қизиқиб, газета ўрамини қўлга олдим. Очиб қарасам, бир даста пул. Нуқул йигирма бешталик. Кўнглим алланечук бўшашиб, мужгонларимга ёш илашди.
– Ҳимматингиз учун раҳмат, Даврон ака, – дедим чин дилдан миннатдорчилик билдириб. – Фақат беҳуда овора бўпсиз. Худога шукур, тўрт ака-укамиз, пулга муҳтожлигимиз йўқ. Ҳамма нарса етарли. – Шундай дея, пулни қайтариб, Даврон акани ҳовли томон ундадим. – Сиз, яхшиси, отамнинг олдига кириб, чой ичиб ўтиринг. Иш эса, ёш-яланглардан ортмайди.
Гапимни тугатиб, йўл бошламоқчи эдим, у енгимдан тутамлади.
– Шошма, ука, – деди қўлимни қўйиб юбормай, – мен бу пулни сенга ёрдам тариқасида бераётганим йўқ. Холамдан олган қарзларимнинг бир қисмини қайтараяпман, холос.
– Қарз?.. Нима, опамга берасингиз бормиди?
– Ҳа! Фақат... – Даврон ака айбига иқрорлик келтиргандай, назарини мендан олиб қочди. Шу он кулча юзларига ҳу бирдагидек қизиллик югурди. – Очиғини айтайми? – У ўйчан алфозда оёғи остидаги нам кесакни туфлисининг учи билан эзғилай бошлади – Бу пулларни қачон, қандай олганимни холамди ўзлариям билмасди. Чунки мен қачон пенсия пулларини келтирсам, майдасини икки баравар камайтириб айтардим. Опанг, кўзлари яхши ўтмаганиданми ёки мени уялтирмаслик учунми, ведомостга қарамай, имзо чекарди. Қолган майдасини ҳам менга берарди. Камига “Соғ бўл, бола-чақангди орзу-ҳавасини кўр!” деб, узундан-узоқ дуо қиларди...
Даврон ака бўғзига нимадир тиқилгандай дудуқланиб қолди. Чуқур ютиниб, нафасини ростлагач, сўзида давом этди:
– Энди-энди билсам, ўша пайтлар ғирт аҳмоқлик қилган эканман. Ўз туққан онамдай муштипар аёлни салкам ўн беш йил муттасил алдаб келган эканман. Мана, оқибати: холам қазо қилибдиларки, шу ҳақда ўйлайман. Ўйлаганим сайин ўзимдан ўзим нафратланиб кетаман. Кўпинча тушларимга кириб чиқадилар. Лекин...
У оғир хўрсинди. Аста бошини кўтариб, кўзларимга илтижоли термулди:
– Кўнглингга гумон келмасин, бу ҳалол пешона терим. Тунов куни ойлик олувдим. Илтимос, раъйимни қайтарма... Зора, шунда кўнглим бир оз таскин топса...
...Таажжуб, менга нима бўлди ўзи? Аввал бошим ғувиллаб, кейин қулоқларим том битдимикин ёки тескариси рўй бердимикин? Билмадим, қандай бўлгандаям, айни чоғда ақлим ўзимда эмасди. Рўпарамда Даврон ака ҳануз куйиб-пишиб гапирар, қўлимга пулни тутқазишга уринар, аммо унинг иддаолари қулоғимга кирмас, тилим калимага келмасди. Тош қотганча онамни ўйлардим. Хаёлан унинг атиги тўрт ой бурун айтганларини такрорлардим: “Тепада ҳаммасини кўриб-билиб турувчи Худо бор. Нобакор бандасининг жазосини ўзи беради. Бировди ҳақи бировда қолиб кетмайди...”
Эс-ҳушимни йиғиб олганимда, қаршимда Даврон ака йўқ эди. У сал нарида бошини эгганича орқа-олдига қарамай, пилдираб кетиб борар, самода қуёш кулиб боқар, қибла тарафдан майин шамол эсар, оёқларим остида эса бир даста пул сочилиб ётарди...
(Давоми бор)
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0