Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 875.0613.23

  • EUR

    13 406.80-90.4

  • RUB

    124.75-0.72

+2C

+2C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+2c

  • Hozir

    +2 C

  • 14:00

    +2 C

  • 15:00

    +2 C

  • 16:00

    +2 C

  • 17:00

    +0 C

  • 18:00

    -1 C

  • 19:00

    -2 C

  • 20:00

    -3 C

  • 21:00

    -4 C

  • 22:00

    -6 C

  • 23:00

    -7 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Shanba, 21-December

+2C

  • Hozir

    +2 C

  • 14:00

    +2 C

  • 15:00

    +2 C

  • 16:00

    +2 C

  • 17:00

    +0 C

  • 18:00

    -1 C

  • 19:00

    -2 C

  • 20:00

    -3 C

  • 21:00

    -4 C

  • 22:00

    -6 C

  • 23:00

    -7 C

  • Shanba, 21

    +2 +20

  • Yakshanba, 22

    +0 +20

  • Dushanba, 23

    +2 +20

  • Seshanba, 24

    +3 +20

  • Chorshanba, 25

    +4 +20

  • Payshanba, 26

    +5 +20

  • Juma, 27

    +5 +20

  • Shanba, 28

    +6 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax
Жамият
3010 12:44 | 04.10.2024 12:44

“ЎҒЛИМ, СЕН БОРСАНУ НЕГА ЙЎҚДАЙСАН?..”


Кўпинча шунақа бўлади: катта жанжал майда гапдан бошланади, жузъий хато катта фожиаларга доялик қилади. Унинг асорати баъзан бутун умрга татийди. Жабрини эса, айбдорлар ҳам, бегуноҳлар ҳам бап-баравар тортишади.


Яна билмадим, балки мен янглишаётгандирман, балки бир оз кескин хулоса чиқараётгандирман. Лекин турли пайтларда таҳририятимизга нажот истаб келган уч тақдир соҳибининг қуйидаги муштарак дил ҳасратларини тинглаганимда, хаёлимни негадир шу ўйлар тарк этмади.


Келинг, яхшиси, сиз ҳам уларнинг арзи-ҳолларига қулоқ тутинг, кейин биргалашиб фикр юритармиз.




Биринчи суҳбат:


Боласи ўлганнинг бағри куяр, боласизнинг-чи?..


Мен Тошкентда яшайман, дурустгина лавозимда ишлайман. Маҳалла-кўйда ҳам, ишхонамда ҳам ҳурмат-эътиборим жойида. Иқтисодий жиҳатдан нолийдиган ерим йўқ. Негаки, еганим олдимда, емаганим ортимда. Данғиллама участкам, шаҳар ташқарисида дала-ҳовлим бор. Тагимда бир эмас, иккита “иномарка”. Ҳаммаси ўз пулимга келган, ҳалол меҳнатим эвазига бунёд бўлган. Қисқаси, сиртдан қараганда, мен бой-бадавлат, бахтиёр одамман. Аслида-чи?..


Одамзоднинг толе-иқболи, бахт-саодати, баъзи бировлар ўйлаганидек, фақат моддий фаровонлик, мол-дунё билан ўлчанмас экан. У тугал бахт эгаси бўлиши учун оила қуриши, фарзандлар кўриши ҳам керак экан. Минг афсус, бу борада тақдир мени ўкситди, жуда қаттиқ ўкситди. Ҳолбуки, маҳалламизнинг энг гўзал, энг хушрўй қизига уйланганман, тагли-тугли хонадонга куёв бўлганман. Аммо, йиллар ўтса-да, ўртада фарзанд бўлмади. Уйимизда гўдак йиғиси, бола кулгиси эшитилмади. Хотиним бешик қучоқлаб, чақалоқ беламади. Бу нақадар аччиқ қисмат, нақадар буюк армон эканлигини мен каби биттагина тирноққа зор бўлганлар, зурриёт дея оҳи кўкка етганлар билади.


Албатта, аввал-бошда биз унчалик тушкунликка тушмадик. Умид билан, ишонч билан кутдик. Оз эмас-кўп эмас, ўн беш йил кутдик. Барибир, орзумиз ушалмади. Сўнг ўзимизни дўхтиру табибларга қаратдик. Шунда аччиқ бир ҳақиқат аён бўлди. Билсам, ҳамма айб менда экан! Пуштим куйиб кетган, мендан фарзанд бўлмас экан!..


Начора?!. Бир оқшом хотинимнинг кўнглига қўл солдим. “Мен туфайли сен ҳам дунёдан армон билан ўтма... Ҳали ҳам кеч эмас, балки бахтингни топарсан, ажрашайлик”, дедим. У кўнмади. “Мен азалдан сизни деганман, бундан кейин ҳам сизни дейман. Неки бўлса, пешонамдан кўраман”, деди. Таклифимдан ранжиб, неча кунлар юм-юм йиғлади.


Мавриди келиб, муқим қарорга келдик. Ота-онаси номаълум икки ойлик чақалоқни асраб олдик. Унга Умиджон дея исм қўйдик. У билан андармон бўлдик, у билан овундик. Эмаклаганда-юрганда, бир суюндик, “ая”лаганда, “дада”лаганда, икки суюндик. Мудом меҳримизни аямадик, атрофида гирдикапалак бўлдик. Мудом асраб-авайладик, оқ ювиб-оқ тарадик.


Қизиқ, худо урганни пайғамбар ҳассаси билан туртмаса, нима қиларкин-а? Тақдир менинг ярим-ёрти бахтимни ҳам кўп кўрди. Бунга бошқалар эмас, ўз умр йўлдошим, ҳа-ҳа, ишонаверинг, ўз ёстиқдошим сабабчи бўлди...


Ўтган йилнинг эрта баҳори, шанба куни эди. Мактабдан қайтган Умиджон ўртоқлари билан кўчада ўйнаб юрганди. Мен уйда телевизор кўраётгандим. Бир маҳал сигарета чекким келди. Чиқиб ошхонадан гугурт олмоқчи бўлдим. Даҳлиздан ўтаётиб, ошхонада аллаким билан телефонда гаплашаётган хотинимнинг овози қулоғимга чалинди. У суҳбатдошига “Эй, нимасини айтасиз, шу бепушт эрим бўлмаганда, мен ҳам бола туғардим, аллақачонлар ўғил уйлантириб, қиз чиқарардим”, деди.


Ҳа-ҳа, аниқ эшитдим, айнан шундай деди. Турган жойимда қотиб қолдим: наҳотки, эшитганларим рост бўлса?!. Наҳотки, шу сўзлар бир вақтлар мени деган, мени деб тақдирига тан берган аёлимнинг оғзидан чиқаётган бўлса?!. Ахир, мен уни зўрлаб-мажбурлаб ёки ялиниб-ёлвориб ушлаб турганим йўқ-ку. Вақтида ихтиёри ўзида эканлигини айтганман-ку. Демак, унинг аҳду паймонлари ёлғон экан-да. Демак, фақат раҳми келгани, ачингани учунгина мен билан 25 йилдан буён яшаб келаётган экан-да. Демак...


Орият — ўлимдан қаттиқ! Хонага қай ҳолатда бостириб кирганимни, телефонни қандай улоқтириб юборганимни билмайман, аммо алам-изтироб билан бор овозда ўдағайлаганим эсимда:


Ҳозир нима дединг?.. Нима дединг, яна бир қайтар!


Шу топда хотинимнинг “Эшитганларингиз ёлғон!” дейишини, лоақал “Билмай оғзимдан чиқиб кетибди”, дея кўнглим учун мендан узр сўрашини жуда-жуда истагандим. Йўқ, кутганимдек бўлмади. У бамайлихотир ўрнидан қўзғалди-да, кўзларимга биринчи бор тик боқди.


— Ҳа, нима, — деди кейин етти ёт бегоналардек совуққонлик билан, — пуштингиз куйиб кетгани ёлғонми, бор ҳақиқат-ку!


Тамом-вассалом! Мана шу икки оғиз сўз номусимни ерга урди, бу ёруғ дунёдаги сўнгги илинжимдан ҳам айирди. Энг гўзал, энг меҳрибон турмушдошим кўзимга ўта хунук, ўта бераҳм кўриниб кетди. Тун бўйи мижжа қоқмадим. Эркак бошим билан йиғладим, бахтсизлигимдан нолиб-нолиб, аламимдан ўксиб-ўксиб йиғладим.


Шу-шу хотинимдан ҳам, уйимдан ҳам кўнглим совиди. Бора-бора иккимиз арзимаган баҳонада тез-тез жанжаллашишга, сал гапга аразлашишга одатландик. Охир-оқибатда дарз кетган кўнгил ойнасини бутлаб бўлмаслигига кўзимиз етди. Ажрашадиган бўлиб, судга ариза бердик. У ердагилар аввалига бизни муросага чақиришди. Яна бир карра ўйлаб кўришимиз учун муҳлат беришди. Қароримиз қатъийлигини билишгач, ишимизни қайта-қайта кўришди. Лекин ҳанузгача тайинли тўхтамга кела олишмади. Сабаби — мен ҳар сафар Умиджонни хотиним туғмаганини эслатаман, уни ўзимда қолдиришларини сўрайман. Эвазига бор мол-мулкимдан воз кечишга тайёрлигимни таъкидлайман. Ўз навбатида, ёстиқдошим ҳам бўш келмайди. “Туғиш азобини тортмаган бўлсам ҳам, барибир онаман, барибир, аёлман. Бола мен билан бўлиши шарт!” дейди.


Мана, мен дил дардимни дастурхон қилдим, андаккина бўлса-да. кўнглимни ёздим. Энди холисона айтинг-чи, бизнинг қай биримиз ҳақмиз? Умиджон кимники бўлиши керак — меникими ёки хотинимники?..


Иккинчи суҳбат:


Ўз боламни ўзим сотиб олайми?..


Мен ўн саккиз ёшимда турмуш қурдим. Кетма-кет етти ўғил кўрдим. Шундан бештаси кўз ўнгимда — соғ-саломат. Биттаси гўдаклигидаёқ нобуд бўлган. Энг кенжам эса...


Худога шукур, у ҳам тирик. Ҳозир олти ойлик. Борликка бору, аммо мен учун гўё йўқдек. Шоир айтимоқчи, кул остида қолган чўғдек. Чунки бағримда эмас, бировнинг қўлида. Мен уни туққанимдан буён қайтиб ололмайман, бир лаҳза бўлсин, кўксимга босолмайман. Ўзим кесган угра ошни ўзим ичолмайман, хатоларимдан воз кечолмайман.


“Нега?” дейсизми, унда мен бир бошидан айтай, сиз қулоқ тутинг. Зора, шунда дардим бир оз енгиллашса, зора, орзу-армоним ушалса...


Биз қишлоқда яшаймиз. Эрим оддий тракторчи. Оғир меҳнатдан қочмайди. Лекин ойлаб маош олмайди. Шундай эса-да, эски “пат-пат”ини ташламайди. Қайтага томорқадан топганини ҳам уни тузатишга сарфлайди.


Кичкинамга юкли бўлган кезларим эди. Катта-кичик болаларим ҳовлида ўзлари билан ўзлари андармон эди. Бир маҳал хамир қориб, нон ёпай деб сандиқни очсам, ун тугул урвоқ ҳам қолмабди. Эримга айтгандим, пинак ҳам бузмади. Одатдагидек “Пул йўқ!” деди-ю, индамай қуруқ чойини ичиб ўтираверди. Унинг боқибеғамлигидан зардам қайнаб кетди.


— Сиз ҳам мундоқ бошқаларга ўхшаб пул топсангиз-чи. Токайгача шу шарти кетиб, парти қолган шалоқ аравангизга ёпишиб оласиз? — дедим ўзимни босолмай.


— Ўчир овозингни! — Эрим бирдан тутақиб кетди. — Менга бировларни мисол келтирма, — деди кўзларини чақчайтириб. — Бошқа иш қўлимдан келмайди, бўлганим шу, тушундингми?


Жаҳл келганда, ақл кетади. Мен эримни тушунадиган ҳолатда эмасдим.


— Ҳо, — дедим паст тушмай, — қаторлаштириб бола қумалоқлатишни биласизу, боқишни билмайсизми? Яна қутурган туядек пишқирганингизга ўлайми?


— Йўқол! — Эрим ўрнидан сапчиб тураётиб, хонтахтани зарб билан муштлади. Дастурхондаги чойнак ағдарилиб, ичидаги иссиқ чой тиззасига тома бошлаганига парво ҳам қилмади. — Кўзимга кўринма, манжалақи! — У иккинчи бор хонтахтага мушт урди-да, чап қўлидаги пиёлани қулочкашлаб деворга қараб отди. — Мени топганимга қаноат қилмасанг, ана, катта кўча! — деди оғзидан кўпик сачратиб. — Болаларингни ўзинг боқиб олавер, — деди қўшни хонага ишора қилиб, — боқолмасанг, детдомга топшир. Фақат мени тинч қўй, тушундингми, ҳе падарингга лаънат, ахмоқ!..


Унинг охирги гапи жон-жонимдан ўтиб кетди. Шу заҳотиёқ хун-хун йиғлаб, отамникига аразлаб кетдим. Болаларимни соғинсам ҳам, уйга қайтмадим. Ўзимча эримдан ўч олмоқчи бўлдим.


Икки ҳафтадан кейин туғуруқхонага тушдим. Бу сафар ҳам суқсурдай ўғил туғдим. Аммо эрим бирров хабар олмади. Устига устак, орқаваротдан “Ўзиниям, чурвақасиниям кўрарга кўзим йўқ!” деган гапни айтиб юборибди. Баттар жаҳлим қўзиди. Бунисиям майли, аччиқ устида катта хатога йўл қўйдим. Оқибатини ўйламай-нетмай чақалоғимни уч-тўрт қишлоқ нарида яшовчи холамнинг келинига бериб юбордим. Чунки у бўламга текканига ўн йилдан ошганига қарамай, туғмаганди. Мен оғироёқ бўлган пайтларим эри уни қўйиб юбормоқчи бўлиб юрганди. Кўзим ёриганини эшитиб, эл қатори мени кўргани келди. Гап орасида дардини айтиб, зор-зор қақшади. “Турмушим бузилиб кетмасин, илтимос, янга, шу болангизни менга беринг. Уни мен боқиб олай, зора, ирим-жирими жойига тушиб, бўйимда бўлса...” дея ялиниб туриб олди. Ахийри, ниятига етди. Туғуруқхонадан чиқишим арафасида нотаниш кишилар билан бирга ўзи тўғрилаб келган аллақандай қоғозларга қўл қўйдириб, ўғлимни олиб кетди.


Мен отамникига ёлғиз қайтдим. Бўлган воқеадан огоҳ топган эрим ўша куниёқ мени олдига солиб уйга олиб борди. Остона ҳатлаб ичкарига кираётганимда, “Ахмоқ, бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдирган калтафаҳм. Бу кунингдан баттар бўл, шарманда!” деди-ю, бошқа сўз қотмади.


Фарзанд ўнта бўлса ҳам ҳар бирининг ўрни бошқа экан. Мен айрилиққа бор-йўғи уч кун чидадим. Тўртинчи куни тонгсаҳарлаб эримга ёлвордим. “Сутларим оқиб кетаяпти. Жон, дадаси, юринг, ўғлимизни олиб келайлик”, дедим. Эрим ҳам шу гапни кутиб юрган экан шекилли, дарҳол олдимга тушиб, йўл бошлади.


Бўлам муддаомизни англаб, хомуш тортса-да, қаршилик билдирмади.


— Энди, нимаям қилардик, зоримиз бору, зўримиз йўқ. Гўдак сизларники, ана, келганидан буён биғиллаб йиғлаб ётибди, олиб кетаверинглар, — деди.


Бироқ хотини қайсарлик қилди.


— Мен болани қонунийлаштириб олганман. Қайга борсангиз-боринг, қайтариб олишга ҳақингиз йўқ! — дея оёқ тираб туриб олди. Холам бояқишнинг насиҳатлари-ю, эрининг дўқ-пўписаларига ҳам, менинг йиғи-илтижоларимга ҳам қулоқ осмади. Кейинги боришимизда эса, олдимизга битта шарт қўйди: “Нақд беш миллион сўм пул топиб келинг, марҳамат, чақалоқ ўзларинингники бўлади”, деди.


Воажаб, бу қандай гап, қандай андишасизлик? Бу қандай болафурушлик? Энди бир камим ўз боламни ўзим сотиб оламанми? Бировга қилмоқчи бўлган яхшилигим эвазига ёмонлик кўраманми? Онага бундан ортиқ кўргулик, бундан ортиқ азоб борми?..


Турган гап, бошқа иложимиз қолмагач, судга мурожаат этдик. Шунгаям ярим йилдан ошаяпти. Лекин қонуншунослар ишни кўришни чўзгандан-чўзишаяпти. Бу орада мен ичикиб, адои тамом бўлдим. Неча бор касал бўлиб, ётиб қолдим.


Сизлардан илтимос, шу ишга бош қўшсангизлар, ўғлимни тезроқ қайтариб олишимга ёрдам берсангизлар. Ахир, қачонгача боламни соғиниб, унга интиқ бўлиб яшайман...


Учинчи суҳбат:


Тирноқни этдан ажратиб бўладими?..


Мен асли қишлоқ қизиман, деҳқон фарзандиман. Мактабни тугатиб, пойтахт олий ўқув юртларидан бирига ҳужжат топширдим. Омадим чопиб, талаба бўлдим. Яна денг, шу ерда севгимни — бахтимни топдим. Ўзим билан бир вилоятдан келган, ота меҳрига тўймай ўсган курсдошимга кўнгил қўйдим. Биринчи курслигимиздаёқ тўйимиз бўлиб ўтди. Ўн ойга борар-бормас, ўғилчалик ҳам бўлдик. У бир ёшга тўлганда қайнонам Тошкентга борди. Икки ҳафтача ижарахонамизда биз билан бирга яшади. Талабаларга мос, мусофирларга хос ҳаётимиз билан танишиб, ичи ачиди. “Сизлар ҳозирча фақат илм олиш пайида бўлинглар, унгача неварамни ўзим боқиб тураман”, деди.


Норозилигимга қарамай, норасида гўдагимни ўз шаҳрига олиб кетди. Кўникмай иложим қанча? Биз вақти-вақти билан ҳам қайнонамдан, ҳам ўғлимиздан хабар олиб турдик. Уч кўкламу уч қишимиз шу алфозда кечди.


Институтни битиргач, табиийки, қайнонам қошида яшай бошладик. Дастлаб турмушимиз бинойидеккина эди. Ҳовлимиз вилоят маркази ҳисобланмиш шаҳарнинг қоқ ўртасида жойлашганди. Эр-хотин кундузи ишга қатнардик. Қайнонам ўғилчамизга қарарди. Кечқурун бир дастурхон атрофида жам бўлардик. Боламни биримиз қўйиб, биримиз суярдик.


Афсус, тинч-тотувлигимиз узоққа чўзилмади. Қишлоқ жойга келин бўлиб тушган қайнопам турмуши бузилиб, қайтиб келди-ю, ширин ошимизга оғу аралашди. У негадир аламини мендан олишга киришди. Ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқ, деди. Уззукун юриш-туришимдан, қилган-қилмаган ишимдан нуқсон ахтарди.


Аввалига индамадим, тишимни тишимга босиб, ҳаммасига чидадим. “Инсофга келиб қолар, ҳар нечук, укасининг хотиниман-ку”, дея ўзимни ўзим овутдим. Қаёқда, дейсиз? Қайнопам ўч олишнинг янги йўлини топди. Ҳе йўқ-бе йўқ, ҳар икки гапининг бирида “Ўғлингни онам катта қилган, унда сенинг ҳақинг йўқ”, дея юзимга сола бошлади. Бу ҳам етмагандай, боламни бағримга босишимга йўл бермади. Кўп-да уни қайнонамнинг хонасидан чиқармади.


Охири, ҳаммаси жонимга тегди. Мен ҳам гапига гап қайтарадиган, тенгма-тенг ғижиллашадиган бўлдим. Қарабсизки, “Бир яхшига бир ёмон ҳар жойда бор, икки ёмон бир бўлса, кун қайда бор!” деганларидек, қайнопам билан мен бир-бирини кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ ғанимларга айландик. Буни кўриб, шу вақтга қадар доим мени алқаб-суйиб келган қайнонам ҳам тўнини тескари кийди. “Ўзидан каттанинг юзига сапчийдиган одамга менинг оиламда ўрин йўқ! Аслида сени келинликка мен танламаганман, сен бирга ўқиб юрганингда ўғлимнинг бошини айлантириб, унга тегиб олгансан, мегажин!” дея камситишга ўтди.


Кошки, шундай дамларда эрим ёнимни олган бўлса? Йўқ, араванинг олдинги ғилдираги қаердан юрса, кейингиси ҳам ўша ердан ўтаркан. Уям мендан юз ўгирди. Кўп марталаб “Сен қишлоқисан, маданиятни билмайсан, бундан кейин ҳам шундайлигингча қоласан”, дея ярамга туз сепди.


Нима қилай, қурбақани ҳам боссангиз, вақ этади, мен эса одамман-ку!..


Ўринсиз таъна-дашномлар бўғзимга келгач, қатъий қарорга келдим. “Яхшиси, жавобимни бера қолинглар. Ўз кунимни ўзим бир амаллаб кўрарман”, дедим. Бажонидил розилик билдиришди. Никоҳимиз қонунан бекор қилинадиган бўлди. Ишни кўрган суд ҳайъати аёллардан иборат эди. Улар савол-жавоб давомида болам бечора йиғлаб, менга талпиниб турганини кўришди. Шунга қарамай, уни отаси тарбиясида қолдириш юзасидан ажрим чиқаришди.


Мен эътирозларимни тегишли идораларга қайта-қайта ёзиб юбордим. Лекин ҳанузгача ижобий жавоб ололмадим. Кўз ёшларим сабаби билан жиддий қизиқадиган одамни тополмадим.


Хўш, айтинг, нега шунақа? Болага туққан бир ёқда қолиб, нега жони оғримаганлар эга чиқади? Бу қайси ақидага тўғри келади? Аёл учун фарзандидан тириклайин айрилишдан ортиқ кулфат борми? Ҳеч жаҳонда тирноқни этдан — болани онадан ажратиб бўладими?..


* * *


Кўриниб турибдики, учала суҳбатдошимиз ҳам мушкул вазиятга тушиб қолган. Бирининг оилавий ҳаётда аввалдан бахти юришмаган. Боз устига, эндигина дардимга малҳам топдим, оғзим ошга етди, деганида бурни қонаган. Таъна-маломат-ла йўғрилган бир оғиз сўздан қалби озор чеккан. Шусиз ҳам ўксик кўнгил шишаси чил-чил синган. Иккинчиси бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдирган, гўёки раҳмдиллик кўрсатган бўлиб, ҳали она сути таъмини билмаган дилбандини бировга бериб юборган. Энди эса, “Ўзингдан ўтган айб, қаерга борсанг — ҳайб” деганларидек, ҳаргиз хатосини тузатолмай жони ҳалак. Учинчиси лойқаланган сувнинг тинишидан, дока рўмолнинг қуришидан батамом умидини узган. Баайни севиб-севиладиган ёшида “эрдан чиққан” деган тавқи-лаънатни бўйнига олишга мажбур бўлган. Бевалик азобларига чидашга аҳд қилган. Бироқ оналик ҳуқуқидан маҳрум этилишини сира хаёлига келтирмаган. Тақдир ўйини олдида эсанкираб қолган.


Яна эътибор берган бўлсангиз, сезгандирсиз, суҳбатдошларимиз юлдузи юлдузига тўғри келмай қолган айрим эр-хотинларга ўхшаб уй-жой, мол-мулк ёки мерос талашаётганлари йўқ. Бор-йўғи фарзандларининг ўзлари билан бирга бўлишларини исташаяпти. Шу ниятда ёрдам-маслаҳат сўрашаяпти. Таассуфки, биз уларнинг илтимос-илтижоларини қондириш имконига эга эмасмиз. Бундай дейишимнинг қатор сабаблари бор: биринчидан, юқорида қоғозга туширганларим, нечоғли дардли-изтиробли бўлишидан қатъи назар, бир томоннинг ҳасратлари. Биз ҳали иккинчи тарафни тинглаганимизча йўқ. Тингласак, эҳтимол, улар ҳам ўзларини оқлаш учун талай асос-далиллар келтиришар. Эҳтимол, шунда қарс икки қўлдан чиққани аён бўлар. Иккинчидан, ўртада барчага баробар қонун бор. Қонунга кўра, сўнгги сўзни шу соҳа вакиллари айтишлари лозим. Унгача бизнинг низога қўшилишимиз тақиқланган. Шу сабабли арзгўйларнинг исм-шарифларини, яшаш жойларини ошкор этмадик. Учинчидан, ўзингиздан қолар гап йўқ, оилавий можаролар ниҳоятда мураккаб, ўта нозик масала. Негаки, севиш-севилиш, турмуш қуриш ёхуд ажрашиш ҳар кимнинг ўз кўнгил ишидир. Оила фақат икки қарама-қарши жинснинг — эркак ва аёлнинг ўзаро розилиги, инон-ихтиёри асосида тузиладиган иттифоқдир. Таъбир жоиз бўлса, ҳар бир оила бошқасига ўхшамаган қўш устунли айвон, ўзига хос алоҳида қўрғондир. Унинг тупроғи Ишқ-Севги эҳтиросларидан олинади. Лойи-зуваласи — эзгу Ният, Аҳду паймон туйғулари билан йўғрилади. Пойдевори Вафо-Садоқат азми-ла кўтарилади. Деворлари Муҳаббат нури ила сайқалланади. Томи Меҳр-Оқибат ҳислари қўшилган ҳолда ёпилади. Пештоқига Бурч-Масъулият, Сабр-Қаноат шиори нақшланади. Ана шу олий туйғулар бир мақсад йўлида уйғунлаштирилса, инсонни Бахт-Иқбол сари элтувчи ОИЛА аталмиш муқаддас кошона вужудга келади. Бу кошонанинг кўз илғамайдиган ўз чегара-ҳудудлари, бирон-бир ҳужжатда қайд этилмаган ўз қонун-қоидалари бўлади. Ундан ҳуда-беҳуда ҳатлаб ўтишга, четдан туриб “Сен фалончи билан умрбод бирга яшашга маҳкумсан!” ёки “Пистончи билан ажрашасан!” дейишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Буни халқимиз асрлар оша синовдан ўтган нақлларида мухтасаргина қилиб қуйидагича ифода этган: “Ҳар ким суйган ошини ичади”, “Эр-хотиннинг орасига эси кетган тушади”.


Шундайликка шундайку-я, аммо барибир аччиқ бир ҳақиқатдан кўз юммаслик керак. Оила бузилди дегани танҳо эр-хотин икки тарафга қараб кетди, дегани эмас. Ёхуд қуда-андалар, ёру биродарлараро қон-қариндошлик ришталари узилди, дегани ҳам эмас. Узилган ип уланса, тугуни қолади. Оила парчаланса, севги завол топади. Аҳду паймон ўрнини нафрат, вафо-садоқат ўрнини хиёнат эгаллайди. Ўзаро меҳр-оқибат йўқолади. Бурч ва масъулият унутилади. Сабр-тоқат бегона бўлади. Бахт-иқбол саробга айланади. Ўрта ичида муҳаббат етим қолади. Қисмат чорраҳасида ишқнинг ширин меваси — бегуноҳ болалар чирқиллаб қолади. Улар ё ота, ё она меҳридан айро тушадилар. Ҳатто баъзан отаси ҳам, онаси ҳам ҳаёт бўла туриб, тирик етимга айланадилар.


Шубҳасиз, бундай кезларда қариндош-уруғ, маҳалла-кўй қараб турмайди. Келажагини ўйлаган жамият бахти кемтикларни ёлғизлатиб қўймайди. Меҳрибонлик уйлари дейсизми, интернатлар дейсизми, ишқилиб, барча шарт-шароитларга эга масканлар етим-есирлар ҳаётига оз бўлса-да, нур олиб кириш учун хизмат қилади. Бироқ улар ҳеч қачон ўша гўдаклар туғилган хонадон ўрнини босолмайди. Энг ғамхўр энага, энг ширинсўз тарбиячи ҳам, ҳарчанд уринмасин, барибир, ҳақиқий ота-она меҳрини беролмайди. Айни чоғда, кўз очиб кўрган умр йўлдошидан, ширин-шакар фарзандларидан воз кечган одам қайта турмуш қурган тақдирда ҳам том маънода бахтли бўлолмайди. Ўз пушти камаридан бўлган зурриётига меҳр кўрсата олмаган одам ўзга бировнинг ўғил-қизи бошини чин ихлос билан силай олмайди. Билъакс, амалда унисининг ҳам, бунисининг ҳам кўнглини яримта қилиб қўяди. Тан оламизми-йўқми, хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, оқибат — тайин ҳақиқат шу!


Демак, оилавий қўйди-чиқдилар зоҳиран шахсий ишдек туюлса-да, моҳиятан жамият ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ иллатдир. Ўз уйида тинчини йўқотган одам эл-улус ичра бахтли бўлолмагани сингари оилалари инқирозга учраган мамлакат ҳам изчил тараққиётга эришолмайди. Аксинча, қайси юртнинг оилалари мустаҳкам, аҳил-тотув бўлса, ўша давлатда ҳамжиҳатлик ва осойишталик ҳукм суради, файз-барака, қут-фаровонлик барқарор бўлади. Чунки оилавий хотиржамлик миллий хотиржамлик учун замин яратади. Буни ота-боболаримиз қадимдан яхши билишган, яхши тушунишган. Шу боис авваллари ажрашишлар нисбатан камроқ бўлган. Кўпчилик эр-хотинлар ҳарф танимасалар-да, ёзув билмасалар-да, ҳаёт мактабини пухта ўзлаштирганлар. Бир-бировини асосан гўшангага киргандагина кўрган-таниган бўлсалар-да, мустаҳкам турмуш қурганлар. Баъзи келин-куёвларнинг тажрибасизликлари туфайли келиб чиққан жиддий “сан-ман”лар қозихона-ю судгача бориб етмаган. Келишмовчиликлар сабаби, аввало, хеш-ақробалар, кўпни кўрган кексалар — маҳалла, қишлоқ оқсоқоллари иштирокида муҳокама этилган. Улар эр-хотинга оила қуриш яккаш висол лаззатидан, кайф-сафодан иборат эмаслигини обдон тушунтиришган. Турмуш машаққатларига бардошли бўлиш оилавий тотувлик асоси эканлигини уқтиришган. Натижада ҳатто ҳалокат жари ёқасига келиб қолган оилалар ҳам кўпинча қайта тикланиб кетган. Муҳими, кимдир фарзандининг, кимдир отаси ёки онасининг дийдориига зор-интизор бўлиб қолмаган.


Ҳозир-чи?..


Минг қатла шукур, замон тинч, юрт обод. Ҳамма саводли, ҳамма билимли. Тағин замонавий эр-хотинларнинг деярли барчаси севишиб-синашиб, жилла қурса, олдиндан учрашиб-танишиб никоҳдан ўтишган. Шунга қарамай, оилавий можаролар камаймаяпти. Бунданам ажабланарлиси, ажрашган ёки ажрашаётганларнинг аксарияти турмуш машаққатларини озми-кўпми бошидан кечирган, бола-чақа орттирган дуппа-дуруст кишилардир.


Ажаб, нега бунақа, нега тескариси? Жавоби оддийгина: дарёнинг суви бошидан лойқа келса, қуйи оқим ғоратга учрайди. Девор қийшиқ бўлса, тез қулайди. Гап шундаки, биз табиатан болажон, ўта кўнгилчан халқмиз. Хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлайлик, умр бўйи уйим-жойим, бола-чақам деб елиб-югурамиз. Йиллар мобайнида ўғил уйлантириш, қиз чиқариш илинжида йиғиниб-теринамиз. Бўлажак келин-куёвга оддий кийим-кечакдан тортиб, қўша-қўша кўрпа-тўшаккача, қимматбаҳо мебелдан тортиб, алоҳида данғиллама уйгача, хуллас, одамзод эркин-эмин, тўкин-сочин яшаши учун нимаики зарур топилса, ҳамма-ҳаммасини муҳайё қилиб берамиз. Тўй маросимларини ҳам, ризқ-насибамиздан қийиб, дабдаба билан ўтказамиз. Биров эътироз билдирса, “Ҳа, нима қипти? Бу дунёда барчамиз ҳам фарзандларимизни деб юрибмиз. Топган-тутганимиз шуларники-да”, дея ўзимизни оқлаймиз. Фақат бир нарсани унутиб қўямиз. Ота-она фарзандига, эҳтимол, тахт яратиб бериши мумкиндир, аммо бахт яратиб беролмайди. Ҳар кимнинг бахти ўзи билан бўлади. Бундан ташқари, халқда “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр!” деган нақл ҳам бор. Бирйўла ҳамма нарсага оппа-осон эришган ёшларнинг хатти-ҳаракатлари сал бошқачароқ бўлади. Хаёлига “Турмуш мана шунақа роҳат-фароғатдан иборат экан-да” деган нотўғри фикр ўрнашиб қолади.


Ваҳоланки, вақти-соати етиб, ишқ-муҳаббат эҳтирослари сусаяди, буюм-жиҳозлар эскиради. Оилада фарзандлар туғилади, уй-рўзғор ташвишлари кўпаяди. Бизга доимо суянчиқ ота-онани эса ҳеч кимга боғлаб берган эмас. Улар анча мўрт келади. Ёшлари ўтгани сайин ўзлари ҳам бизнинг кўмагимизга муҳтож бўлиб қоладилар. Алқисса, ёш эр-хотиннинг бўйнига росманасига “олахуржун” тушади. Энди улар ўз араваларини ўзлари тортишларига тўғри келади. Бунга кўниксалар-ку, хўп-хўп, мабодо, кўникмасалар, кўника олмасалар-чи? Бир-бировидан нуқсон ахтаради, арзимаган гапдан жанжал кўтаради. Кунда-кунора эр “қўяман”га, хотин “кетаман”га зўр беради. Униси бунисини, буниси унисини отишга ўқ излайди. Ўртада фарзандлар безиллайди. Хонадонда бесаранжомлик бошланади, файз-барака йўқолади. Худди мана шу нуқтада қайнона-қайноталарнинг — қуда-андаларнинг йўл-йўриғи, ўгит-маслаҳати жуда-жуда асқотади. Кексалар масалага холис ёндошсалар, келин-куёвни сабр-тоқатга ундасалар, олам гулистонлигича қолади. Борди-ю, аксинча, бўлса, бири ўғлига, иккинчиси қизига ён босиб, оловга мой пуркаса-чи? Оқибати шундоғам маълум: низолар баттар авж олиб, оила таназзулга юз тутади. Эсли-ҳушли катталар, жигаргўшалари тақдири бир четда қолиб, ўзаро ҳақ-ҳуқуқ, уй-жой, мол-дунё талашишга тушиб кетади.


Масалага шу жиҳатдан қарасак, қисмати талош бўлган Умиджоннинг онасини тушуниш қийин. Тўғри, у чорак аср ёстиқдошига беқиёс меҳр-садоқат кўрсатган. Ундан фарзанд бўлмаслигини билганида ташлаб кетмаган. Ажрашиш ҳақидаги таклифни эшитганида қатъиян рад этган. Пировардида эса қилган шунча яхшиликларини бир зумда елга совурган. Оғир тош мисоли нафсониятга тегувчи икки оғиз сўзи билан турмуш ўртоғининг қоқ юрагига ханжар урган. Бундан кўра, кўнглидаги армонини вақтида айтгани, эри ўзига ўрганиб қолмасдан уни ташлаб кетгани афзал эмасмиди?


Бир-бирига ўчакишиб, ўрта ичида чақалоғини овора-ю сарсон қилган эр-хотиннинг хатти-ҳаракатлари эса, ҳойнаҳой, эшитган қулоққа эриш туюлади. Чунки улар ёш эмас, кимсан, беш болани тарбиялаб вояга етказаётган ота-она! Бу демак, фарзанд давлатнинг боши эканлигини, тиш берган ризқини ҳам беришини сизу биздан яхшироқ биладилар. Қаноат зўр бойлик эканлигини, сўзсиз, теран тушунадилар. Бас, шундай экан, хотин бир сўздан қолса, эр тилига эрк бермаса, асакаси кетмасди. Ёки бугунги кунда уларнинг оиласида мавжуд моддий етишмовчилик бошқаларникида йўқми? Ахир, токайгача айб катталардан ўтади-ю, жабрини кичиклар тортади?


Бунисини билмадим, лекин бировнинг азасида ўйин тушишдан ор қилмаган келинни мутлақо кечириб бўлмайди. Унинг бу қилмиши бориб турган ноинсофликдан бошқа нарса эмас. Боиси — у болани ўзиники қилиб олгунча ялиниб-ёлворган, қайтиб беришга келганда эса шафқатсизлик кўрсатган. Чамамда, ё “Эр-хотин ҳозир қийналиб юришибди, мен айтган миқдордаги пулни топиб келишолмайди, бола ўзимга қолади”, деган хулосага борган, ёки чақалоқни сохта ҳужжатлар асосида фарзандликка олган бўлса, кимларгадир сарфлаган маблағини чиқариб олишни ўйлаган. Агар озгина инсоф-виждони бўлганида, у бундай йўл тутмасди. Ҳомиладорлик азобини тортмаган, туғиб қутулиш ўлиб-тирилишга баробарлигини ҳис этмаган бўлса-да, аёл сифатида аёл қалбини тушуниб, боланинг ҳақиқий онасини хор этмасди. Борингки, келгусида у чақалоққа эга чиққан тақдирида ҳам оддий ҳақиқатни билиб қўймоғи шарт: бировнинг, айниқса, онанинг кўз ёшлари эвазига эришилган бахт омонат бўлади. Яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтарган кимса эл аро уятга қолади.


Тавба, бир вақтлар талаба келинига ачиниб, неварасини вақтинча боқиб туришга ўзи розилик билдирган қайнонани нима жин урдийкин? Ахир, она учун фарзандининг фарзанди ҳам бола-ку. Машойихлар шуни назарда тутиб, “Болагинамнинг боласи, қантак ўрикнинг донаси” деганлар-ку. Неваралари тарбияси билан шуғулланиш ўзбек қайноналари учун оддий ҳол-ку. Қолаверса, катта бахт, катта шараф-ку. Наҳотки, онахон буни билмаса, охиратини ўйламаса? Наҳотки, қизи қайтиб келгани камлик қилгандай, ўғлининг оиласи ҳам барбод бўлишини истаса? Ундан кўра, ёшига яраша иш юритиб, қизи билан келинини муросага чақирса, ўринли бўлмасмиди? Ҳеч бўлмаганда, ўғли билан неварасининг келажагини ўйласа, яхши эмасмиди? Қайнопа-чи? Укасининг хотинига пилтакачлик қилиб нима фойда кўради? Жияни вояга етиб, бир кун бор гапдан воқиф бўлса-ю, “Сиз қаттолсиз, менинг бахтсизлигим сабабчисисиз!” деса, унга қандай жавоб беради? Одамлар орасида қандай бош кўтариб юради?..


Булар менинг тахминларим эмас. Мавриди келиб, қачонлардир юзага чиқажак муқаррар ҳақиқат. Ҳақиқат эса, биласиз, аччиқ бўлади. Ундан на шоҳ-гадо, на ёш-қари қочиб қутулади.


Қолган фикрларни бошқалар айтишар, деган умиддаман. Нима бўлгандаям, келинг, вақтни бой бермай, қайтар дунёнинг ҳисоб-китобини ўйлайлик, оилаларимизни асраб-авайлайлик.


“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси,


1998 йил 6 февраль


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 2493 16:57 | 05.08.2023