Қалбаки дори воситалари чиқарилмаслиги учун яна қанча қурбон керак?
Кейинги пайтларда қалбакилаштирилган дори воситалари бўйича ҳуқуқбузарлик юзасидан кўплаб ахборотлар кузатилмоқда. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, паст ва ўрта даромадли мамлакатларда муомалада бўлган ҳар ўнта тиббий маҳсулотлардан биттаси сифатсиз ёки сохталаштирилган ҳисобланади.
Айтш керакки, қалбаки ва контрафакт дорилар аҳолининг энг заиф қатламларига кучли таъсир қилади ва натижада жиддий касаллик ёки ҳатто ўлимига сабаб бўлади.
Буни биргина “Док-1 Макс” дори воситаси билан боғлиқ аянчли ҳодисадан ҳам билиш мумкин. Аммо бу воқеалар ҳамон қалбаки дори воситалари билан шуғулланувчилар учун хулоса бўлолгани йўқ. Чортоқ туман тез ёрдам бўлими фельдшери томонидан яширин цех шароитида тайёрланган “Зодак”, “Анаферон”, “Хилак Форте” ва “Витамин B6” номли қалбаки дори воситалари Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилгани бу қинғир ишлар давом этаётганидан дарак беради.
Таъкидлаш керакки, қалбаки ва контрафакт дори воситалар ҳамда тиббий буюмларнинг тарқалиши нафақат истеъмолчилар, балки ишлаб чиқарувчиларнинг фаолиятига хам салбий таъсир кўрсатиб, маҳсулотларга бўлган ишончни пасайтиради.
Фармацевтика хавфсизлиги институти (PSI) томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатадики, дунёда қалбаки ва контрафакт дори воситаларининг муомаласи ҳар йили тахминан 10 фоизга ўсиб боради.
Қалбаки дори воситалари савдоси айниқса, веб-сайтлар орқали ривожланган. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, Интернетда сотиладиган дори воситаларининг 50 фоизи қалбаки ҳисобланади.
Ўзбекистонда ҳам қалбаки ва контрафакт дори воситаларининг муомаласи соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг долзарб муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, мамлакатда аҳоли орасида катта талабга эга бўлган дори воситалари сохталаштирилмоқда.
Ўтган йили Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тиббиёт ташкилотлари ҳамда фуқаролар томонидан дори воситалари ва тиббий буюмларни экспертиза қилиш юзасидан 1906 та мурожаат келиб тушган. Таҳлил натижаларига кўра 7067 турдаги 1 359 903 ўрам тиббиёт амалиётида қўллаш мумкин эмаслиги, шулардан 80 турдаги 7231 ўрам дори воситаларининг қалбакилаштирилгани аниқланган.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 80 турдаги дори воситаси ҳазил гап эмас. Тасаввур қилинг, буни қанчалаб инсонлар, айниқса, болалар истеъмол қилади. Қалбаки дори воситалари қўшимча касаллиги бор шахсларга, умуман, ҳар қандай организм учун зарарли эканини инобатга олган ҳолда бу бўйича кучли назоратни йўлга қўйиш керак бўлади.
Назорат механизмларининг йўқлиги ва аҳолининг қалбаки дори воситаларини сотиб олиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарлардан етарлича хабардор эмаслиги ноқонуний савдо муомаласининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, коррупция ва дори воситаларини рўйхатга олиш ва сотишни тасдиқлаш жараёнларида шаффофликнинг йўқлиги жиддий оқибатларга олиб келади.
Шу боис дори воситаларининг сифати ва хавфсизлиги устидан қатъий назорат ўрнатиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш, дори воситалари сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш ва қалбаки дори воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарлар тўғрисида аҳоли хабардорлигини ошириш зарур.
Яна бир муаммолардан бири фармацевтика корхоналарининг тиббиёт мутахассислари билан “яқин” ҳамкорлиги. Шифокорларнинг тавсияларига таянган беморлар оғир оқибатларга олиб келадиган қалбаки дори воситаларининг қурбонига айланишмоқда.
Тиббий саводхонлик масаласини ҳам муаммонинг асосий бўғини сифатида айтиш мумкин. Кўпчилик зарур бўлган дори воситалари топилмаган тақдирда, тавсия этилган дори воситаларини бошқасига алмаштиришга мажбур бўлишади. Натижада, даволаниш учун мўлжалланмаган дори воситалари тарғиб қилинади.
Телеканалларимизда ҳар 10-15 дақиқада айланиб турадиган дори воситаларининг рекламаси эса алоҳида мавзу... Уларнинг назоратини амалга ошириш ва фармацевтика компаниялари ҳамда тиббиёт ходимлари ўртасидаги муносабатларнинг шаффофлигини таъминлаш учун яна қанча қурбонлар керак бўларкин?
Хўш, қалбаки дори воситаларини қандай фарқлаш мумкин?
ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Матбуот хизмати бу борада назорат инспекцияси мутахассисларининг қуйидаги тавсияларини бериб ўтди:
Нарх – қалбаки дори воситалари дорихоналарда оригинал дори нархига нисбатан арзон бўлади.
Маҳсулот қадоғи – ундаги ҳарфлар ва рақамлар ноаниқ, тасвирлар хира ва картон қутининг ўзи юпқа ва шаклини яхши ушламайди.
Серия рақам, штрих-код, ишлаб чиқариш санаси тушуниб бўлмайдиган даражада ноаниқ бўлади.
Қўллаш йўриқнома варағи худди нусхаланганга ўхшайди. Қадоқдаги ва дорининг ўз қолипидаги ишлаб чиқарилган сана ва сақлаш муддатлари бир бирига мос келмаслиги мумкин.
Харид қилаётган дори воситасида юқорида санаб ўтилган белгилар сизни шубҳалантирса, дорихона томонидан мазкур дори воситасига тегишли мувофиқлик sertifikatini (https://t.me/uzpharmcontrol/55) сўранг. Агарда бундай сертификат мавжуд бўлмаса ушбу ҳолат юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига мурожаат қилишингиз мумкин.
Гулруҳ ОДАШБОЕВА тайёрлади
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0