Бизнинг фарзандларимиз ҳам сифатли адабиётга лойиқ: болалар учун 10 номдаги китоб чоп этилди
Охирги йилларда хусусий нашрлар кўпайиб кетган. Улар орасида болалар учун чиқарилаётган китобларни варақласангиз, биринчи бўлиб ҳарфларининг майдалиги, қоғознинг ҳам энг яхшиси эмас, сифатсизроғи танланганини кўрасиз. Ўз касбининг усталари бўлмаган ноширлар томонидан тайёрланаётган бундай китоблар биринчи таассуротнинг ўзидаёқ болаларни ўқишдан узоқлаштиради. Чунки майда ёзув билан чоп этилган адабиёт катталарнинг ҳам болаларнинг ҳам кўзини тез чарчатиб, кўриш қобилияти пасайишига олиб келади. Қолаверса, ёш боланинг психологияси шундайки, у ёрқин ранглар билан безатилган, расмли, осон ва содда тилда ёзилган китобни, шеърларни яхши кўриб ўқийди. Агар бунинг акси бўлса, бола китобни бир варақлаб кўрадию, четга суриб қўяқолади. Балки болаларимизнинг китобдан йироқлашиб кетаётганида нашриётларда чиқаётган ана шундай сифатсиз адабиётларнинг ҳам ҳиссаси бордур?
Яқинда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида давлат буюртмаси асосида “Китобхон болалар” ва “Дунё даҳолари” рукнида 10 та янги китоб чоп этилди. Бу китоблар сўнгги пайтда “шаблон”га айланиб қолган биз юқорида айтган қолипларни бузгандек. Сабаби аввало, мазкур китоблар сифатли қоғозда ва қаттиқ муқова билан чоп этилибди. Иккинчидан, ҳарфлар катта-катта, расмлар мавзулар учун ўзига хос ишланган.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида зиёлилар, болалар шоир ва адиблари, китобхонлар иштирокида мазкур китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. “Шалола”, “Оқ қовуннинг боласи”, “Учар ҳаммом”, “Сеҳргарнинг узуги”, “Болаликнинг қўлидан тутиб” ва яна беш номдаги дунё даҳоларининг болалиги ҳамда дунёни ўзгартиришга ҳисса бўлиб қўшилган ижоди, кашфиётларига бағишланган китоблар ҳар бири 1000 нусҳадан чоп этилган бўлиб, улар аввало юртимиздаги ахборот-ресурс марказларига ва мактаб кутубхоналарига тарқатилади. Китоблар “O’zbekiston”, “Asaxiy Books” каби профессионал жамоа томонидан нашрга тайёрланган бўлиб, унда Ориф Тўхташ, Абдураҳмон Акбар, Исоқжон Нишонов, Муҳаббат Йўлдошева каби болалар шоир ва адиблари ижодига мурожаат қилинган. Битта китоб эса бир нечта муаллифлар ҳикоялари асосида тайёрланган. Тақдимотда сўзга чиққанлар китобларни тайёрлашда энг яхши муаллифларнинг ижодига мурожаат қилинганини эътироф этар экан, ўзбек болалари ҳам энг сифатли адабиётни ўқишга лойиқлигини таъкидлади.
– Биз кўпинча болаларимизни “телефоннинг ичига кириб кетаяпти” деб ёзғирамиз, аммо ўзимиз уларнинг қўлига яхши, сифатли болалар китобларини тутқазаяпмизми? – деди “Гулхан” журнали бош муҳаррири Заҳро Ҳасанова. – Афсуски, кўпинча болалар учун чиқаётган китобларнинг сифати билан ҳам мазмуни билан ҳам мақтана олмаймиз. Аксарият болалар китоблари яхши қоғозларда чоп этилмаяпти, ҳаттоки, олди-қочди мавзулардаги ҳикоялар ҳам болалар учун чиқарилган адабиётларнинг ичига кириб қолаётганини кўраяпмиз. Ахир болаларга энг яхшисини раво кўришимиз керак эмасми? Бизнинг фарзандларимиз ҳам сифатли адабиётни ўқишга муносиб-ку!
Мен хурсанд бўлганим, мазкур лойиҳада “Болаликнинг қўлидан тутиб” китоби ҳам чоп этилди ва унда болалар учун яхши асарлар ёзадиган муаллифларнинг узоқ йиллардан буён бирор нашриётда чоп этишга улгурмаган, мазмунан энг сара ҳикоялари жой олди. Ушбу ишга ўз ҳиссамни қўшганимдан ниҳоятда хурсандман. Ҳар бир оилада китобхон болаларни улғайтиришимиз учун биз ота-оналарга яхши китоблар керак, қолаверса, ҳеч бўлмаганда ўзимиз ҳам бир кунда икки марта китоб ўқисак, болаларимиз шуни кўрса, албатта улар ҳам китобхон бўлади. Дунёни фақатгина илму-маърифат билан забт этиш мумкин. Шундай экан, сифатли китоблар кўпайсин!
Тақдимотда мазкур лойиҳа келгусида ҳам бардавом бўлиши айтиб ўтилди.
Зебо НАМОЗОВА,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0