Бош консулхона Туркиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновлар давомида айрим шахслар аэропортларда ўз юкларини Ўзбекистонга етказиб беришни илтимос қилаётганликлари билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларидан огоҳлантирмоқда.
Консулхонанинг таъкидлашича, улар турли баҳоналар билан (масалан, оғир касал қариндоши борлиги ёки юкни жўнатиш имконияти йўқлиги) сизни ишонтиришга ҳаракат қилади.
Ўтган йилларда эса бир неча Ўзбекистон фуқаролари айнан шундай вазиятларга тушиб қолган ва ноқонуний юкларни, жумладан наркотик моддалар ва сохта ҳужжатларни билмасдан олиб ўтганлари учун ҳибсга олинган.
Жумладан, 2023 йилда Истанбул аэропортида 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси номаълум шахснинг илтимосига биноан юкни олиб ўтишга рози бўлган. Бироқ, чегарада текширув вақтида юк ичидан катта миқдорда наркотик моддалар топилган. Натижада у 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
2022 йилда Анталия шаҳридан Тошкентга қайтаётган яна бир фуқаро ўзига нотаниш кишининг юкини олиб ўтишга рози бўлган. Юк таркибида сохта паспорт ва ноқонуний ҳужжатлар борлиги аниқланиб, фуқаро бир неча йилга озодликдан маҳрум этилган.
Бош консулхона эҳтиётсизлик ёки бегоналарга бўлган ишонч оғир жиноий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билдириб, бегона одамларнинг юкини ҳеч қандай ҳолатда қабул қилмасликни сўрамоқда.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0