Хоккейчилар муносиб кутиб олинди
Хабарингиз бор, хоккей бўйича Ўзбекистон U18 терма жамоаси Гонконгда ўтказилган жаҳон чемпионатининг III дивизион баҳсларида “A” гуруҳида ғолибликни қўлга киритган эди.
Мураббийлар Дмитрий Макаров, Абдурашид Мусалиев, Алексей Петров бошчилигида бахс олиб борган ёш хоккейчиларимиз ўтказилган 5 учрашувнинг барчасида ишончли ғалабага эришишди. Шу тариқа улар келаси йил жаҳон чемпионатининг II дивизион “В” гуруҳида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Таркибдаги ёш хоккейчиларнинг 18 нафари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг спортчилари эканини таъкидлашимиз керак.
Жумладан, жамоа етакчиси, касаба уюшмаларининг иқтидорли хоккейчиларидан бири Салоҳиддин Азимовнинг ўйини алоҳида эътирофга лойиқ бўлди. У 5 та учрашувда рақиблар дарвозасига 8 та шайба киритиб, яна 11 та голга ассистентлик қилди ва мусобақа ташкилотчилари томонидан жаҳон чемпионатининг ушбу дивизионидаги “Энг яхши ҳужумчи”, деб топилди.
Кеча жамоамиз юртимизга қайтиб келди. Улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Ёш чемпионларни кутиб олиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, хоккей Федерацияси мутасаддилари, спортчиларнинг оила аъзолари ҳамда кенг спорт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Қаҳрамон спортчиларга самимий табриклар ва эзгу тилаклар билдирилди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0