Ўзбек сериалларидаги “доллар”фурушлик
Миллий сериалларимиз ҳақида ижобийдан кўра салбий фикрлар кўпроқ билдирилади. Танланаётган мавзулар, сюжетдаги сунъийлик, образлар сайқалсизлиги, ижродаги юзакилик, буларнинг барчаси жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Чунки, бугунги кунда сериаллар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Телевизор ёки интернет орқали намойиш этилаётган ҳар бир фильм, улардаги образлар, воқеалар томошабин онги ва қалбига таъсир ўтказмоқда. Шу боис ҳам миллий сериалларимиз кўнгилочар маҳсулот эмас, балки тарбия воситаси, миллий ғоя ташувчиси бўлишини кутамиз.
Одатда “миллийлик” деганда миллий либосларимиз, тўй-маросимларимиз, қайнона-келин муносабатларини тушунамиз. Аслида ҳақиқий миллийлик халқнинг дунёқараши, ахлоқий мезонлари, оилавий қадриятлари, ибратли урф-одатлари, жамиятга ҳурмати, ҳалоллик ва виждон, ор-номус билан белгиланади. Миллий сериалларимизда ана шу жиҳатлар акс этмаяпти негадир. Кўпинча қаҳрамон сифатида дунёқараши тор, бойликка ружу қўйган, маънанан қашшоқ кишилар танланаётгани қайта-қайта танқид қилинмоқда. Улар муваффақиятни фақат пул билан ўлчайди, муносабатларни фақат манфаат бошқаради. Бу эса томошабин онгида хавфли стереотипни шакллантирмоқда. Бахтни қиммат уй, қиммат машина, қиммат тақинчоқлардан изловчилар кўпаймоқда.
Халқимиз эса сериаллардан кўп нарса кутади. Улар оилаларни мустаҳкамлашга хизмат қилса, бойликни эмас, ҳалол меҳнатни тарғиб қилса, ватанпарварлик ва фидойиликка ундаса дейди. Ҳозирги сериаллар маънавий бўшлиқни чуқурлаштириб, енгил-елпи дунёқарашни оммалаштиришга хизмат қилмоқда, халос.
Тўғри, сериаллар бозор қоидалари асосида яратилади. Рейтинг, реклама, томошабин талаби муҳим, буларни инкор этиб бўлмайди. Бироқ, рейтинг учун ўзликни қурбон қилиш тўғримикин? Оммабопликни баҳона қилиб, енгил-елпи дунёқарашни оммалаштириш кимнинг манфаатига хизмат қилади? Ахир, санъат фақат бозор маҳсулоти эмас-ку.
Ўзбек сериалларида кўзга ташланаётган, томошабинларнинг эътирозига сабаб бўлаётган яна бир ҳолат – аксарият иқтисодий муомалалар АҚШ долларида амалга оширилишидир. Қаҳрамон уй сотиб оладими, автомобилми, мебелми, қимматбаҳо тақинчоқ, албатта долларда баҳоланади. Гўёки миллий пул бирлиги мавжуд эмасдек.
“Вой, бу бадиий асар-ку”, дейишга шошилманг. “Деворда осиғлиқ турган қурол отилиши керак” деган гапни эсланг. Ҳар бир бадиий детал муайян ғояни ташийди. Экранда доимий равишда чет эл валютасининг устувор кўрсатилиши томошабин онгида нохуш тасаввур уйғотмайдими? Ахир ҳар бир давлатнинг ўз рамзлари бор. Агар сериал қаҳрамонлари муомалани ўзбек сўмида амалга оширса, миллий иқтисодий тафаккурни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилар эди.
Хорижий фильмларни кўрганда, бир нарса диққатимни тортади. Донг таратган, томошабинларнинг қалбидан жой олган бадиий фильмларнинг аксариятида албатта диний муассаса, кутубхона ёки китоб ўқиётган инсон тасвири бўлади.
Бизда-чи? Биз ҳам сериаллар орқали миллат руҳини кўтаришимиз мумкин эмасми? Нега қаҳрамонларимиз орасида илмли, ҳалол меҳнат билан юксалган, ватанга садоқатли образлар кам? Атроф фақат тадбиркорлардан, бойлардан ва енгил ҳаёт кечиручилардан иборат эмас-ку. Миллий сериаллар маънавий юксалишга хизмат қилгандагина ҳақиқий миллий санъат даражасига кўтарилади.
Шуни ёдда тутиш керакки, экран – телеэкран бўладими, компьютер экрани – ютуб ёки бошқа ижтимоий тармоқлар, – ўйинчоқ эмас. У миллат келажагини шакллантирувчи кучли восита. Демак, у орқали узатилаётган ҳеч бир кадр, ҳеч бир сўз, ҳатто қайси валюта тилга олинаётгани ҳам шунчаки бўлмаслиги керак. Шунда улар таназзулга эмас, тараққиётга хизмат қилади.
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0