“Кутубхонадан тежалган электр энергияси орқали Тошкентни ток билан таъминлашмоқчими”?
Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона одатий иш режимига ўтгани эътирозларга сабаб бўлмоқда
Яқинда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолияти 24/7 режимидан одатий режимга қайтгани ҳақида хабар берилди. Кутубхона маъмурияти бунинг сабабини кийим илишга жойлар йўқлиги, электр энергиясини тежаш, ишчилар етишмовчилиги билан изоҳлаган. Бу зиё маскани республикада куну тун фаолият юритган ягона даргоҳ бўлиб, узлуксиз ишлаш режимини жамоатчилик таклифига биноан 2022 йил 1 ноябрдан йўлга қўйган эди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда охирги 20 йил ичида кутубхоналар сони 15 баробарга камайган.
Давлат статистика қўмитаси сайтида 2021 йил 1 январь ҳолатига 400 та ахборот-ресурс ва ахборот кутубхона маркази борлиги кўрсатилган (ушбу маълумот 2 йилдан буён янгиланмайди). 2000 йилда эса юртимиздаги кутубхоналар 6027 та эди. Демак, мамлакатда қисқа фурсатда кутубхоналар сони 93 фоизга қисқарган. Улар тобора камайиб бораётган бир пайтда узлуксиз ишлайдиган ягона кутубхонанинг ёпилиши ундан фойдаланувчиларнинг кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Айни кезларда кўплаб талабалар twitter ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида муаммо бўйича норозилигини билдимоқда ва Ёшлар ишлари агентлиги Алишер Саъддулаевни ҳолатга бефарқ бўлмасликка чақирмоқда.
Жумладан, талаба Музаффар Жўрабоев шундай ёзади:
«Одатда 23:00 – 00:00 оралиғида кутубхонага борардим. Эрталаб 7-8 ларда чиқиб кетардим. Доим залнинг ярмидан кўп қисми тўла бўларди (референдум туфайли 3-3,5 ойча залнинг ярим қисми ёпиқ бўлганида, жой етишмай қоларди). Аксарият фойдаланувчилар IELTSга тайёрланишар, тадқиқотчилар учун эса бу ер асосий иш жойига айланиб қолганди. Ёпилиши сабаби ходимлар йўқлиги, ишчилар етмаслиги билан изоҳланибди. Аммо кириш қисмида 2-3 нафар ходим, ичкарироқда ID-картани топшириш учун ҳам битта ходим ишларди. Гардеробда ҳеч ким ўтирмасди. Тунда ҳамма ўзига ўзи хизмат кўрсатарди.
Илгичларда эса ҳеч қачон муаммо бўлмаган. Аммо ғалати тақиқлар кўп бўларди. Масалан, компьютер уланган пилотларга ноутбук қувватлагичини тиқиш мумкин эмаслигини айтишарди. Компьютери бор стол устига ноутбук қўйиш мумкин эмасди.
Компьютери йўқ столга эса ноутбукни қўйиш мумкин эди, лекин унда розетка йўқ эди (ажойиб парадокс).
Август ойи охирларида тушунарсиз ишлар бўла бошлади: гардероб ёпилди, жойнамоз олиб кириш тақиқланди. Сумкада жойнамоз бўлса, кириш қисмига қолдириб киришга рухсат бериларди. Шу ва шунга ўхшаш ишлар ортидан бормай қўйдим. Тақиқларга қарамай, ҳар ҳолда, 1 дона текин кутубхона бор эди. Энди унинг ҳам ёпилгани шундоқ ҳам чўкаётган кема устига харсанг ташлангандай бўлди”.
Ҳарвард университети катта илмий ходими Ботир Қобилов ушбу мавзу юзасидан қуйидагича фикр билдирган:
«Кутубхонанинг обуначиси сифатида айтишим мумкин - яхши иш бўлмабди. Умид қиламанки, бу вақтинчалик ҳолат, узлуксиз фаолият тикланишига умид қиламиз.
Аслида Ўзбекистонга жуда кўп жамоат кутубхоналари керак. Фақат талаба эмас, балки исталган фойдаланувчилар учун эшиклари доимо очиқ, у ерда фойдаланувчилар нима қилишларини назорат қилмайдиган кутубхоналар керак. Гап фақат Тошкент шаҳрида ёки вилоят марказларида эмас, қишлоқларга, маҳаллаларга ҳам жамоат кутубхоналари керак.
Менга қолса, маҳалла гузари эмас, маҳалла кутубхонаси кўпроқ бўлсин. Мен хорижда конференцияларда кўп бўламан. Фаолиятим деярли 24/7 давом этади, шу сабаб қаердадир ўтириб ишимни қилиб олишим керак. Шу мақсадда асосан ўша шаҳардаги жамоат кутубхонасига бораман. Борган барча жойимда кириш бепул, энг тез WI-FI, ичида тамадди қилишга имконият бор.
Нью Йорк, Даллас, Эдинбург, Лондон ва ҳоказо. Барча шаҳарлардаги хотираларимда жамоат кутубхонаси бор ва улар одамлар билан гавжум. Энг муҳими, туристлар ҳам ўша ерда! Авваламбор, ўтириб дам олишга, WI-FIдан фойдаланишга, заряд қилиб олишга шаҳарда эшиклари доим очиқ бўладиган деярли ягона жой бу жамоат кутубхонаси. Айтмоқчиманки, туристларни жалб қилиш учун ҳам жамоат кутубхонаси тизимини яхшилашга, уни ўта қулай маконга айлантиришга тўғри келади. Унутмайлик, кутубхоналар бу – фақат талабалар китоб ўқийдиган жой эмас, балки имкониятларни тенглаштирадиган, инсонларни ўзаро бир-бирига яқинлаштирадиган ва фуқаролик жамиятни қуришда муҳим саналган макондир».
Шунингдек, журналист Шахруза Сатторова ўз саҳифасида шундай ёзади:
“Мана шу ўринда савол туғилади: катта-катта форумлар, кераксиз табдирлар, қимматбаҳо машиналарга миллиардлаб ажратиладиган давлат бюджети кутубхон, мактаб, ётоқхоналар мавзусига келганда оқсаб қолади? Ёки бу ҳукуматга ёшларнинг билим олиши, дунёқараши кенг бўлиши керак эмасми? Ўқиш истагида бўлганлар учун қулай жойнинг иш соатлари қисқартирилишига тузукроқ сабаб борми? Ёки кутубхонада тежалган электр энергияси орқали Тошкентни ток билан таъминлашармикан?”
ХАЛҚАРО ТАЖРИБА
Маълумотларга қараганда, дунёда 2,8 миллонтадан ортиқ кутубхона мавжуд. АҚШдаги жамоат кутубхоналари McDonald’s ресторанлари ва “Starbucks” қаҳвахоналаридан кўпроқ. 2021 йил статистикасига кўра, энг кўп китоб ўқувчилар Ҳиндистон, Таиланд ва Хитойда яшайди. Ривожланган давлатларнинг нафақат миллий кутубхоналари, балки университет кутубхоналари ҳам 24/7 режимида фаолият юритади. Бу эса, ўз-ўзидан ривожланишнинг энг асосий омили мутолаа эканлигини исботлайди.
Шунингдек, изланишларимизга кўра, Тошкент шаҳрида бирор текин Book-café ёки cowopworking маркази йўқ.
Шусиз ҳам саноқли бўлган китоб кафелари соати учун пул олади ёки албатта, у ерда нимадир сотиб олишингиз шарт. Шундай бир шароитда Ўзбекистонда ягона туну кун режимда ишлаётган миллий кутубхона фаолиятида салбий ўзгаришлар рўй бергани китобхон ёшлар ва илм аҳли учун кутилмаган ҳодиса бўлди.
Унутмайлик, бир Ватанда илм олиш ва мутолаа учун етарлича шароит йўқ экан, унинг келажаги минбарларда баланд айтилгани қадар буюк бўлолмайди. |
Эъзоза Умурзоқова
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
5/52
0
0
0
0