Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига!
Янги ўқув йилида эски хавотир
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ-июнь ойларида Ўзбекистонда жами 68 та мактаб фойдаланишга топширилган. Уларнинг қарийб ярми – 35 таси Андижон вилояти ҳиссасига тўғри келди. Бухорода 19 та, Хоразмда 7 та, Наманганда 6 та ва Қорақалпоғистонда 1 та янги таълим муассасаси ишга туширилди.
Лекин асосан аҳоли ўсиши ва таълим муассасаларига талаб тобора кучайиб бораётган, бир синфда 35-40 нафар болалар ўқиётган Тошкент шаҳрида ярим йиллик давомида бирорта ҳам мактаб қуриб битказилмаган.
Маълумотларга кўра, ўтган ўқув йили бошидаёқ мамлакатда 1,7 миллион ўқувчига жой етишмас эди. Бу йил эса мактаб ёшидаги болалар сони яна 282 минг нафарга кўпайиши натижасида танқислик янада кучайиши ҳақидаги ҳавотирлар бор. Бу, албатта, йирик шаҳарлар ва пойтахтимизда мактаблар сонини кўпайтириш масаласига жиддий ёндашиш лозимлигини кўрсатади.
Тўғри, бугунги кунда кўплаб хусусий мактаблар ташкил этиляпти. Бу масаланинг қисман ечими сифатида кўрилаётган бўлса-да, муаммони тўлиқ бартараф этиш учун кенг кўламли чоралар талаб этилади.
2025-2026 ўқув йилида Ўзбекистон бўйлаб 10 мингдан ортиқ мактабларга 6,75 миллион ўқувчи борди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотларига кўра, уларнинг 720 минг нафари биринчи синф ўқувчиларидир. Табиий савол туғилади: ўтган йилнинг ўзида 1,7 миллион болага жой етишмаган бўлса, яна миллонга яқин ўқувчи қаерга бош суқиши мумкин?
Аслида бу муаммо янги ҳам, янгилик ҳам эмас. Ҳар йили бу ҳақда бот-бот гапирилади, оммавий ахборот воситалари, хусусан, “Ishonch” газетасида ҳам бир неча бор бу масала кўтарилган. Аммо ҳар доимгидек масъул вазирликнинг масалага аниқ жавоби ва ёки таклифлари ҳақида хабаримиз бўлмади. Хуллас, янги ўқув йилини эски хавотир билан бошлаб олдик. Болалар келаси йил августгача амаллаб туришар…
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0