“Мен ишдан бўшашга ариза ёзмаганман...”
Чиноз тумани Тиббиёт бирлашмасида қоровул бўлиб ишловчи Б.Буваназаров меҳнатга лаёқатсизлик даврида ўзининг ишдан бўшатилганлиги ҳақида эшитиб, ҳайрон қолди. Суриштирганида гўёки унинг шахсий аризасига кўра бу иш амалга оширилгани айтилди.
Саросимада қолган Б.Буваназаров, Чиноз тумани Адлия бўлими, Меҳнат инспекцияси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига мурожаат қилди. Бу иш Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Тошкент вилояти инспектори томонидан ўрганишга киришилди. Аниқланишича, меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув ходимнинг имзоси билан расмийлаштирилмаган. Бундан ташқари, аризани ҳам ходимнинг ўзи ёзмаган. Шунингдек, у билан меҳнат шартномаси бекор қилинган вақтда меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлганлиги ўз исботини топди.
Ушбу ҳолатлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддаси, Меҳнат кодексининг 8-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг 35, 46-моддалари талаблари бузилганлиги ва уни дарҳол тузатиш бўйича иш берувчига тақдимнома киритилди. Бироқ, иш берувчи бу талабларни бажармади. Шундан сўнг иш судга оширилди.
Низолардан иборат, нақ етти марта бўлиб ўтган суд мажлисидан сўнг, Б.Буваназаровнинг ўз ишига тикланиши ва унга мажбурий бекор юрган кунлари учун 11 млн сўмдан зиёд маблағ ундирилиши ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилди.
Муҳаммаджон Рўзметов,
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба
уюшмаси республика кенгашининг Тошкент вилояти бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспектори.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0