Валюта UZS
  • USD

    12 102.39-33.37

  • EUR

    13 990.36-77.41

  • RUB

    153.08-0.32

+3C

+3C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+3c

  • Hozir

    +3 C

  • 21:00

    +1 C

  • 22:00

    +1 C

  • 23:00

    +0 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Juma, 13-March

+3C

  • Hozir

    +3 C

  • 21:00

    +1 C

  • 22:00

    +1 C

  • 23:00

    +0 C

  • Juma, 13

    +3 +20

  • Shanba, 14

    +6 +20

  • Yakshanba, 15

    +6 +20

  • Dushanba, 16

    +9 +20

  • Seshanba, 17

    +9 +20

  • Chorshanba, 18

    +10 +20

  • Payshanba, 19

    +9 +20

  • Juma, 20

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Мустақиллигимиз моҳияти ҳақидаги вақт синовидан ўтган ҳақиқат

Жамият
590 13:59 | 19.01.2026 13:59

Ўзбекистон мустақилликка эришганига салкам 35 йил бўлди. Бу вақт мобайнида суверен давлат шаънига хорижлик «сиёсат пешволари» ва «оға»лар озми-кўпми тошлар ҳам отишди. Аммо сўнгги кунларда очиқдан-очиқ таҳдид билан тош отадиган «ақлли» аҳмоқлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек болалаб кетишди. Улар билишмайдики, «ит ҳурар, карвон ўтар».


Шундай тарихий ҳужжатлар бўладики, улар ҳеч қачон долзарблигини йўқотмайди. Чунки уларда ҳақиқат айтилган бўлади!


Бундан 37 йил бурун катта минбарда янграган мардонавор нутқ матни бугун олислардан янграётган ўша «оташин чиқиш»ларга жавоб ва баҳо сифатида бир нечта электрон нашрлар саҳифаларидан жой олди ва бу тўғри қарор, албатта.


Биласизми, ўша машҳур нутқ «Ватан» журналининг 2025 йил 3- сонида «Миллат ойдинлари» рукни остида эълон қилинганди. Уни ўқисангиз, бугун қайта-қайта мурожаат этилаётган ўша тарихий нутқ қаерда, қачон ва ким томондан ирод этилгани ва энг муҳими, унда қандай аччиқ ҳақиқатлар дангал айтилиб, «марказ»га, «катталар»га ойна тутилганига гувоҳ бўласиз...


***


Миллат ойдинлари


ХАЛҚ УЧУН АЙТИЛГАН ҲАҚ СЎЗ


Ўзбек адабиётининг забардаст вакили, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, миллатпарвар адиб Одил Ёқубов 1989 йил 16 июнда Москванинг баланд минбарларидан туриб, баралла пахта сиёсатига қарши миллат дарди билан йўғрилган мардонавор нутқ ирод этган эди.
Бу — улкан жасорат, халқ учун ҳақ сўзни дадил айта олган қаҳрамонлик эди.
Эътиборингизга ана шу нутқни ҳавола этяпмиз

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Правленияси Раиси,
СССР ёзувчилар уюшмаси Правлениясининг котиби,
СССР ёзувчилар уюшмасидан сайланган
СССР Халқ депутати ОДИЛ ЁҚУБОВ нутқи


Азиз ўртоқлар! Вақт тиғиз, шу сабабли нутқимнинг энг мўътабар, оламшумул муаммоларга доир қисмини тушириб қолдириб, асосий мақсадга ўтаман. Биз асрлардек чўзилган 70 йил давомида кўп қадриятларимиздан айрилдик. Уларнинг орасида бир қадрият борки, унинг ўрнини қоплаш жуда мушкул. У тирикчиликнинг оғирлиги, очин-тўқин яшаётганимиз, инсон қадр-қимматини ерга урувчи узундан-узоқ навбат кутишлар туфайли юз берди. Бизда одамнинг энг олийжаноб фазилати – раҳм-шафқат ва мурувват қолмади. Унинг ўрнини тошбағирлик, ўзганинг дардига лоқайдлик эгалламоқда.


Жума куни фойеда туппа-тузук, кўҳликкина икки жувоннинг суҳбати қулоғимга чалинди. “Ўзбеклар намунча ўз пахталари тўғрисида жавраб қолишди?” – дер эди бири. “Жонга теккан, уларнинг руҳий олами бўлганми ўзи?” – дер эди иккинчиси. Бу гаплар менга алам қилди. Илгариги мард, мағрур деҳқонларимиз, уларнинг қора қош, қора кўз хотинлари шу қадар фожиавий аҳволга тушиб қолган бўлсалар, бунда ким айбдор ахир, деб ўйлайман. Уларнинг маънавий оламлари қандай қилиб юксалсин, ахир!


“Барча замонлар ва барча халқларнинг отаси” Сталиннинг мамлакат пахта мус­тақиллигини таъминлаш борасида ўртага ташлаган машъум шиори деҳқонларимизни ҳамма нарсадан маҳрум қилди-ку! Уларнинг бутун ери, неча юз минг гектар ажо­йиб мевазор боғлари, ҳамиша яшил бедазорлар ва бодомзорлар – буларнинг ҳаммаси шафқатсизлик билан кесиб ташланиб, шудгор қилинди-ку! Бу ерда муҳтарам Чингиз Айтматов айтганидек, пахта чиндан ҳам номи улуғ, супраси қуруқ нарсага айланди. Мамлакат, ниҳоят, пахта мустақиллигига эришди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бойликка ҳам эга бўлди. Хўш, деҳқонимизга, унинг хотини ва болаларига нима тегди? Саратон жазирамасида ҳар куни 12 соатлаб ишлаш, ишлаганда ҳам дам олиш кунларисиз, байрамларсиз, таътилларсиз ишлашга тўғри келди.


Матбуотда республика аҳли бошига дўлдек ёғилган сон-саноқсиз олди-қочди материаллар оқимига қараб, сизлар республикамиздаги ғазна ўғриларидан ҳар бири қанча пулни ўмариб кетганлигини тийин-тийинигача ҳисоблаб чиққан бўлсангиз керак. Ғазна ўғриларини жазолаш керак. Бу борада бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Аммо, Ўзбекистондан нарида яшаётган одам қўлини кўксига қўйиб, виждонига иймон келтириб, пахтакоримиз ана шу номи улуғ, супраси қуруқ пахта важидан қандай аҳволга тушиб қолганлигини айтиб бера оладими? Давлат режа қўмитасининг фикрича, худди ана шу пахта стратегик хомашё ҳисобланиб, давлатга жуда катта даромад келтиради ҳамда мамлакатимизга келаётган чет эл валютасида салмоқли ўрин тутади ва ана шу валютасиз, ўша давлат қўмитасининг эътироф этишича, давлатнинг қўли калта бўлиб қоларди. Хўш, ана энди, деҳқон ва унинг бешафқат меҳнатдан тинка-мадори қуриган бахтиқаро хотини қандай шароитда яшамоқда? Шу одамлар қанча иш ҳақи олишмоқда?


Офтоб радиация пуркаб турган жазирамада хотин-қизларимиз аёлбоп ишни қилишаётгани йўқ. Худди ана шу офтоб, заҳарли дориворлардан ҳуда-беҳуда фойдаланиш оқибатида рак, сариқ, меъда касаллиги ва аёллар камқонлиги, бошқа касалликлар жуда кўпайди ва бу аёллар билан болаларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда.


Хўш, уларнинг турмуши қай ҳолатда? Уларнинг турмуши шундайки, пахтакор аёллар қош қорайганидан кейин даладан уйларига қайтиб, ўша алмисоқдан қолган ифлос тезакни ўчоққа қалаб, болаларига оби-ёвғон пиширадилар. Ана шу мисдек қорайиб кетган, нимаси биландир куйиб кетган қайинларни эслатувчи аёлларни кўрганимда, кўзимда ёш қалқийди, уларда аёллик назокатию нафосатидан асар ҳам қолмаган, на қадди-қомату ва на сумбат бор. Кўзларида ғам-кулфат, ҳасрат-надомат аломатлари сезилиб турибди.


Мен мамлакатимиздаги барча деҳқонларга, айниқса, рус деҳқонларига қийин эканлигини биламан ва ҳукуматимиз ана шу аҳволни ўнглаб олиш учун катта тадбирлар кўраётганидан хурсандман. Аммо, ҳарқалай, пахта, ўртоқлар, бу бошқа оламдир. Келинг, Америка жанубидаги оқ танли бағритош фермерларни эслайлик. Улар пахта далаларида ишлашни хоҳламай, ўз хотинлари ва фарзандларини ана шу инсон боласи чидаб бўлмайдиган меҳнатдан холи этиб, Африкадан неча юз минглаб негрларни кишанбанд этиб олиб келган эдилар. Аммо, адолат юзасидан шуни ҳам эслашимиз керакки, ўша пахта далаларида ишлашни хоҳламаган ва ўз болаларини бу оғир меҳнатдан халос этган ўша қаҳри қаттиқ фермерлар қуллардан соғлом, ишга яроқли насл олиш мақсадида уларни обдан тўйдиришган. Шундай қилиб, бўйи икки метрли қора танли полвонлар туғилдики, уларнинг авлодлари ҳозир Америка спортининг ва Америка санъатининг гултожидир.


Хўш, бизнинг қишлоқдаги болаларимиз-чи? Спорт ҳақида, маънавий равнақ ҳақида гапириб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ. Оч-наҳор яшашаётгани (жон бошига 20 килограмм гўшт тўғри келади), оғир меҳнат қилишаётгани натижасида уларни армияга ҳам олишмаяпти. Агар олишса ҳам, фақат қурилиш батальонларида хизмат қилишяпти. Деҳқонларимиз бошига тушган кулфат ҳақида мухтасар гапирганимдан кейин мен, муҳтарам Николай Иванович, сизга мурожаат қилмоқчиман: Давлат режа қўмитасидагиларнинг мамлакатга пахта керак, у стратегик хомашёдир ва валюта тушумларида салмоқли ўрин тутяпти, деган гаплари тўғрими? Агар тўғри бўлса, нега энди биздан пахта жаҳонда энг арзон нархда сотиб олинмоқда?


Инқилобга қадар ҳам, Николай Иванович, “Туркестанские ведомости” газетасининг ёзишича, рус савдогари (ҳа, ўлкамизга ана шу “номи улуғ, супраси қуруқ” экинни олиб келган ўша рус савдогари) бир пуд пахтага 18 пуд буғдой берар эди. Бизнинг жонажон давлатимиз эса, бир килограмм пахтага ўртача 50 тийин тўламоқда. Тошкентдаги Олой бозорида ярим килограмм бодринг 50 тийин туради (шуни эслатиб ўтмоқчиманки, ўртоқлар, бир килограмм пахтадан олинган газламадан камида 50 сўм турадиган иккита эркаклар кўйлаги тикиляпти).


Тарихий солномаларда қайд этилишича, Ўрта Осиёнинг табиий иқлим шароити жаҳонда бетимсолдир. Бу ерда Ер юзида энг ширин мевалар ва сабзавотлар етиштирилади, қовун ва тарвузларнинг меваси ва муаттар ҳиди бебаҳодир.


Табиийки, бойликлардан ўйламай-нетмай, илмга зид тарзда қаҳри қаттиқлик билан фойдаланиш оқибатида давлатимизнинг 70 йили мобайнида ўлкамиз экологик ҳалокат жари ёқасига келиб қолди.


Ўртоқлар, кеча сиз фикримни, тўғрироғи академик Аганбегян айтган фикрни охиригача эшитмадингиз. Энди шу гапни қайтармоқчиман. Академик Аганбегян Орол муаммосига бағишланиб, ўтган йили КПСС Марказий Комитетида бўлган кенгашда Ўзбекистон табиати, ер-суви ва ниҳоят халқи дучор бўлган бедорликнинг ҳақиқий сабабларини ҳеч ким билмайди, деган эди. Мамлакат Давлат режа қўмитаси ҳам, Давлат агросаноат қўмитаси ҳам, деб уқтирди у, республика олдига ҳали у, ҳали бу вазифани қўйишар экан, бамисоли туман ичида пайпаслаб юришибди. Шунинг учун, деб уқтирди академик, катта иқтисодчи олимлар, экологлар, шифокорлар, қишлоқ хўжалиги мутахассисларидан иборат нуфузли фавқулодда иқтисодий комиссия тузиш зарур, мазкур комиссия аҳволни пухта ўрганиб, Ўзбекистонда нималар бўлаётгани ҳақида ҳукуматга тўла ва аниқ-равшан хулосалар тақдим этиши керак.


Аминманки, Ўзбекистон узоқ келажакда эмас, балки яқин йилларда мамлакат аҳлининг ярмини боқиши мумкин. Бунинг учун эса республикани пахта яккаҳокимлиги зуғумидан қутқариш, меҳнатсевар халққа эса турғунлик йиллари асоратидан қутулишига ва кўкрагини кериб яшашига ёрдам бериш керак.


Ажратилган вақт ўтди. Нутқимни тугатяпман. Фавқулодда комиссия тузиш тўғрисидаги таклифимни қабул қилишингизни сўрайман. Раҳмат.


(Нутқнинг давоми)


Ҳурматли ўртоқлар! Съездда сўзга чиққан деярли барча нотиқлар миллий низолар, миллатлар ўртасида тўқнашувлар ҳақида қалблари ташвишу аламга тўлиб гапирдилар. Бундайин кулфатни келтириб чиқараётган сабаблар кўп, бироқ битта сабаб, айниқса, аксарият нутқларда такрор-такрор айтилдики, бу – иқтисодий тенгсизлик муаммосидир. Гўё шундай ҳол юз берганки, ҳар бир жумҳурият мамлакатнинг бу умумий бебарака қозонига бошқаларга қараганда кўпроқ масаллиқ солаётир-у, бироқ унинг “нони”ни бошқалар “туя” қилиб кетаётир.


Ҳурматли ўртоқ Борис Николаевич Ельцин бир сафар ҳатто шундай гапни айтишни ўзига эп кўрди: у бошқараётган жумҳурият 70 йиллик Совет ҳокимияти даврида мамлакатдаги бошқа барча жумҳуриятлар халқларини фақат едириб-ичиргангина эмас, боқиб келгани учун гўё ўзи ғариб аҳволга тушиб қолган эмиш. Тобора авж­га минаётган бу тортишувларнинг сабаби менимча шундаки, бир маҳаллар “бутун дунё пролетарлари доҳийси” ғайриқонуний қарор чиқарган эдики, бу қарор ҳар бир халқнинг Умумиттифоқ хазинасига қўшаётган ҳиссасини қатъий суръатда сир тутиб келишга имкон яратди. М.С.Горбачев ўзининг якунловчи нутқида бизнинг машҳур юртдошимиз Хўжа Насриддинни эслатиб ўтди. Мен Хўжа Насриддин ҳақида гапирмоқчиман. Бизда қадимда “ҳалфана” деган бир одат бўлган. Бу удумга кўра бир неча ялангоёқ, камбағал бир жойга тўпланиб, ош дамлаган. Бири гўшт сотиб олган, бошқа бири думба, учинчиси – гуруч, чўнтагида сариқ чақаси ҳам бўлмаган мулламирқуруқ гадоси эса бир бош саримсоқ олиб келган.


Ялангоёқ дарвешларнинг бу зиёфатига Хўжа Насриддин раҳнамолик қилган. Улар олдиндан ошни ҳамма баравар ейиши керак, деган ўзаро битим тузишган. Бироқ баъзан шундай ҳам бўлганки, бир бош саримсоқ олиб келган гадо гўшт сотиб олиб келган ҳамтовоғидан кўра ошни кўпроқ туширишга уринган. Шундай пайтларда Хўжа Насриддин ёғоч қошиқ билан одобсизнинг бошига секин уриб қўйган.


Бугунги кунда Хўжа Насриддиннинг усулини қўллай олмайсиз, чунки сиз қўшнингизнинг бошига қошиқ билан туширсангиз, у сизнинг бошингизга чўмич билан солади. Нима қилиш керак? Менимча, бунинг биттагина йўли бор, у ҳам бўлса, статистикадаги Сталин жорий этган ғайриқонуний сир сақлашни бекор қилиш керак. Негаки, бугун ҳар бир халқ умумиттифоқ хазинасига қўшаётган ўз ҳиссасини аниқ билишни истайди, устига-устак, бу ҳиссанинг баҳоси Маслюков ва Воронин ўртоқлар ўзбошимчалик билан тайин этган нархларда эмас, балки жаҳон бозоридаги, дейлик, ҳам нонга, ҳам бензинга, ҳам кўмирга ва ҳам пахтага тўланаётган аниқ муайян баҳоларда белгиланмоғи керак. Шундай қилинса, ким боқиманда экани, ким кимни боқаётгани ўз-ўзидан равшан бўлади-қолади. Боз устига, ўзаро таъналар, хафагарчиликлар, тош отишларга чек қўйиларди. Энг муҳими – бу нарса меҳнат кишисининг қадр-қимматини ҳам барча халқларнинг қадриятини жой-жойига қўярди.


Биз шуни унутмаслигимиз керакки, жаҳондаги ҳар бир илғор халқ ўз ҳаётини ва келажак учун белгиланган мақсад-режаларини тузганда чуқур илмий ҳисоб-китобларга асосланади. Фақат бизнинг ҳисоб-китоб (статистика) ҳамон Сталин давридаги маъмурий-бюрократик аппаратнинг буйруқларига бўйсунган ҳолда факт ва рақамларни, бу деган сўз, ҳар бир халқнинг умумдавлат хазинасига қўшаётган ҳиссасини бузиб кўрсатади, оқибатда ССЖИга кираётган бирор-бир жумҳурият халқи умумдавлат бойлигига қўшаётган ўз ҳиссасини ҳануз билмай келаётир.


Энди яна бир фикр. Бу фикр ҳам одамларни ҳаяжонга солаётган энг катта ташвиш – жиноятчиликнинг ортиб бораётгани билан боғлиқдир. Бу – ҳақиқий кулфатга айланди! Одамлар беҳаловат. Мамлакатда қазиб олинаётган темирнинг ярми темир эшиклар ясашга сарф этилмоқда: бироқ бундан наф йўқ: менинг бир ветеран дўстим уйига ўн пудлик сейф қурдирди, лекин бундан ҳам фойда чиқмади – унинг топган-тутганини сейф-пейфи билан кўтариб кетишди.


Майли, кетгани худо йўлига-ю, бироқ арзимаган нарса учун гуноҳсиз, ҳимоясиз одамларга нисбатан шафқатсизлик қилиняпти. Шу боисдан, менинг назаримда, ўртоқ Крючков чет эл айғоқчиларини тутиб қолиш ҳаракатида юрган ўз қўшинларининг бир қисмини жиноятчилар билан курашга сафарбар этиб, тўғри иш қилди. Фақат истар эдимки, ўртоқ Крючков бу шпионларни “халқлар отаси” давридагидек, ҳар хил ижодий уюшмалар ва илмий институтлардан қидириб юрмасин, чунки бунга эҳтиёж ҳам йўқ: ҳаёт шуни кўрсатаётирки, биз яқин орада ўз уюшмаларимизда бир-биримизнинг гўштимизни еб битирсак керак.


Бироқ, менинг ўйлашимча, ўртоқ Крючковнинг бу ташаббуси ҳали етарли эмас. Ўйлаб кўриш лозим: балки баъзи ҳарбий қисмлардан ҳам фойдаланиш керакдир. Бу шунчаки мулоҳаза учун ўртага ташланган бир фикр. Чунки жиноятчиликнинг авж олиш оқибатлари жамиятни жуда ёмон аҳволга солиши мумкин. Тез орада бирор бир чора кўрмоқ лозим. Хуллас, биз шуни унутмаслигимиз керакки, бу муаммо халқни озиқ-овқат муаммосидан кўра кам безовта қилаётгани йўқ, халқ ушбу анжумандан муҳим қарорлар қабул қилишни муштоқ бўлиб кутаётир.


1989 йил, 16 июнь


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 6043 16:57 | 05.08.2023