Ўзбекистонда Озарбайжон ҳақида китоб чоп этилди
Бирор халқнинг маънавиятига баҳо бермоқчи бўлсанг, унинг мозорига боқ дейишади. Бугунги талатўп замонда бир мамлакат вакилларининг ўз аждодлари ва биродарлари руҳига ўринли иззат- икром кўрсата олиши нафақат маънавият, балки жасорат ҳамдир. Қардош биродарларимиз бўлган озарбайжонликларнинг ўтганлар хотирасига бўлган чексиз ҳурмат ва оқибати бу халқнинг маънавияти нақадар кўҳна ва юксаклигидан дарак бериб туради.
Журналист Шарофддин Тўлагановнинг Ўзбекистондаги Озарбайжон маданият маркази ҳомийлигида чоп этилган "Оловлар юрти – Озарбайжон" номли китобини мутолаа қилсангиз, ушбу фикрларга ўзингиз яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз. Китоб орқали озар миллатининг навқирон ва ҳассос туйғулари, ярадор ва қайноқ қалби кўз олдингизда гавдалангандай бўлади. Бу сеҳрли мамлакат бошидан жуда кўп тегирмонлар айланди, бир неча бор геноцидлар, қирғинларга дуч келди, аммо ҳар сафар оловлар қаридан бутун чиқа олди.
Кўплаб синовларни енгиб ўтган Озарбайжонда бир йилда икки бор аждодлар хотираси ёд этилади. Шарофиддин Тўлаганов ўз китобида ушбу саналар билан боғлиқ тарихий ҳодисаларга ҳам муфассал тўхталган.
Китобнинг "20 январ – Озарбайжон умумхалқ хотираси куни", "31 март –Озарбайжонда қатлиом (геноцид) куни" номли саҳифалари Озарбайжон тарихи ва бугуни ўртасидаги кўприкларни мушоҳада қилади.
Куни кеча Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида мазкур китобнинг тантанали тақдимот маросими ўтказилди. Тадбирда Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Гулиев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, “Ўзбекистон 24” радиоси директори Худойназар Дўстқобилов ва бошқалар иштирок этди. Тадбирда “Оловлар юрти – Озарбайжон” китоби мазмун-моҳияти, Ўзбекистон – Озарбайжон халқлари дўстлик алоқалари ривожланиб бораётгани хусусида сўз юритилди.
Шарофиддин Тўлаганов китобнинг ёзилиши тарихига тўхталиб шундай дейди:
– Ўтган асрнинг 70 йилларида СССРнинг энг юқори бошқарув органи 22 кишидан иборат (14 нафари аъзо, 8 нафари номзод) КПСС МК Сиёсий бюроси эди. Сиёсий бюронинг атиги тўрт вакили миллий республикалар раҳбарлари эди. Улар – Қунаев (аъзо), Ҳайдар Алиев, Шароф Рашидов, Шеварднадзе (аъзоликка номзодлар).
Биз ёшлар Ҳайдар Алиев ва Шароф Рашидов ўртасида дўстлик алоқалари борлигига ишонардик. Шу ўринда Андропов даврида Алиев, Горбачев даврида Шеварднадзе Сиёсий Бюро аъзоси бўлганини эслатиб ўтаман.
Ўзбеклардан Нуриддин Муҳидинов Сиёсий бюро (1956-1957 йилларда аъзоликка номзод, 1957-1961йилларда аъзо) таркибида бўлганини эслатиб ўтамиз. Ҳайдар Алиевнинг кейинчалик Ислом Каримов билан дўстлиги ҳаммамизнинг ёдимизда. Айни дамда Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёев икки халқ, икки мамлакат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро дўстлик алоқаларини ўрнатган. Мақсуд Шайхзода 1958 йили қадимий ва айни чоғда замонавий Тошкент шаҳрига бағишланган “Тошкентнома” лирик достонини ёзди. «Жалолиддин Мангуберди» (1944) ва «Мирзо Улуғбек» (1961) каби драматик асарлар муаллифи. Умуман, Ўзбекистон ва Озарбайжонни ўзаро боғлаб турувчи жиҳатлар жуда кўп, – дейди муаллиф.
Мафтуна Каримова
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0