Нўхатфурушлар қўлидаги ҳужжатлар
ёхуд катта-кичик ташкилотлардаги маълумотлар хавфсизлиги ҳақида
Бугунги кунда шахсий маълумотларингизнинг бегона инсонлар қўлига тушиб қолиши сиз учун катта молиявий хавф-хатар манбаига айланиши ҳеч гап эмас. Теварак-атрофда ахборот технологиялари воситасида содир этилган фирибгарлик ҳолатлари кун сайин кўпайиб боряпти. Бир қарасанг, кимдир телеграм орқали келган файлни очиб юбориб пластик картасидаги маблағидан айрилган, яна биров “банк ходимиман” деб қўнғироқ қилган нотаниш шоввознинг алдовига лаққа тушиб, бўйнига йўқ жойдан кредит илиб олган... Хуллас, ҳушёр бўлмасангиз, хакерлар ҳар қадамда ҳамёнингизга қўл солиши мумкин.
Шундай бир вазиятда 15 миллион ўзбекистонликнинг шахсий маълумотлари интернетда тарқаб кетганлиги ҳақидаги гап-сўзлар барчани жиддий хавотирга солгани бор гап. Айниқса, билгичларнинг онлайн кредит олишга тақиқ қўйиш ҳақидаги тавсияларидан, ижтимоий тармоқлардаги баъзи фаолларнинг пластик картада пул сақламаслик борасидаги ваҳималаридан сўнг кўпларнинг кўнглидаги ҳадик чандон ортгани сир эмас. Бир неча кунлик мавҳумликдан сўнг Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов аниқлик киритдики, юқоридаги гап-сўзлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Аксинча, ҳукуматнинг учта идораси киберҳужумга учраган ва 60 мингтага яқин шахсий маълумот тарқалган. Шунга қарамай, ўғирланган маълумотлар фуқаро номидан унинг иштирокисиз бирон-бир ҳаракатни амалга оширишга имкон бермайди. Бироқ фирибгарлар ихтиёридаги маълумотлардан алдов қуроли сифатида фойдаланишлари эҳтимолдан ҳоли эмас.
Мавзу ҳамон кун тартибида экан, хавф-хатар даражаси киберқароқчилар ҳужумидан кам бўлмаган бир жиҳат хусусида сўз очсак. Бугун айрим давлат идоралари ихтиёрида ҳамда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида ҳудудда яшовчи аҳолининг турли хатловлар мақсадида йиғилган маълумотлари бор. Улар айрим ҳолларда эътиборсизлик билан ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларга тарқаб кетяпти. Мисол учун, бир МФЙдаги 50 нафар фуқаронинг солиқдан ёки коммунал тўловлардан қарзи бор. Бу борада улар яккама-якка огоҳлантирилмай, қарздорлар рўйхати баъзан шу ҳудуднинг 400-500 нафар, ҳатто мингдан зиёд фуқароси жамланган телеграм гуруҳларига ташланяпти. Бундай рўйхатларга кўпинча жисмоний шахснинг исми-фамилияси, шахсий идентификация рақами ҳам киритилган бўлади. Шу гуруҳларни кузатаётган шум ниятли бирор ким исталган маълумотдан ўзининг ғаразгўй мақсадини амалга ошириш учун фойдаланиши мумкинми? Албатта! Демак, айни масалада коммунал идоралар ва йиғинлардаги еттилик вакилларини ҳам жиддий огоҳлантириш керак.
Ёзганимизни ўқиб, сарлавҳадаги нўхатфурушларнинг мавзуга нима алоқаси бор деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Фарғона водийси, хусусан, Андижон томонларда нўхат кўп истеъмол қилинади. Деҳқон бозорларга бош суқсангиз, эрталабдан кечгача ўнлаб нуқталарда нўхат савдосига кўзингиз тушади. Қишлоқ ва маҳалла гузарларида ҳам худди шу манзара. Айниқса, тонгда йўл ёқаларида бешта новвойхонани учратсангиз, камида учтасининг ёнида, албатта, нон билан бирга ана шундай иссиқ таом сотилаётганига гувоҳ бўласиз. Аксарият сотувчилар нўхатни А-4 ҳажмдаги, бир томони ишлатилган, орқаси оппоқ қоғозлардан ясалган “варонка”га ўраб беради. Нима бўпти, дерсиз?
Гап шундаки, нўхат ўраладиган бу қоғозларнинг жуда кўп қисми давлат идораларидан чиқади. Ишонмасангиз, бир қизиқиб кўринг: нўхатфурушлар қўлида фуқароларнинг паспорт нусхалари, МФЙларда уч-тўрт йил аввал ёзилган далолатномалар, йиғилишлар баённомалари, туман ва вилоят миқёсидаги ташкилотлардан чиққан турли ҳужжатлар, ҳатто айрим банкларнинг кредитдан қарздор фуқароларнинг бир қанча шахсий маълумотлари ва қарз суммалари миқдори акс этган рўйхатларини ҳам учратишингиз мумкин. Тўғри, принтердан чиққан бу маълумотлар кўпинча қоралама, устига қалам теккизилган шаклда бўлади, аммо орасида мутасаддилар жимжимадор имзо чеккан ҳужжатлар ҳам талайгина топилади. Айтишларича, бундай қоғозлар идоралардаги айрим ходимлар томонидан пулга сотиларкан. Фикрларимиз бир қарашда майда масаладай туюлиши мумкин, аммо эгри ниятли бирор “нўхатхўр” бу қоғозлардан шахсий мақсадида фойдаланмаслигига кафолат борми? Йўғ-а?! Демакки, бу масала нафақат катта-кичик ташкилотлардаги маълумотлар хавфсизлиги, балки сақлаш муддати тугаган ҳужжатларни йўқ қилишда архив ишига доир қонунчилик талабларига нечоғли риоя қилинаётганлигини ҳам катта сўроқ остига қўяди.
Унутмайлик, ўзини эҳтиёт қилганни Худо асрайди!
Нурилло Нўъмонов,
ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0