Нишонда элчихона
Радиоэлектронразведка ўтган асрнинг 20-йилларида кашф этилган эди. Ўшанда бир неча илғор мамлакатда хонадонлардаги суҳбатларни ёзиб оладиган диктофон ва микрофонлар яратилади. 30-йилларнинг охирига келиб, совет махсус хизматлари хорижий элчихоналар махфий маълумотларини тўплайдиган мўъжаз ускуналарга эга бўлади. Қўлга киритилган ахборотлар шахсан Ички ишлар халқ қўмитаси – НКВДга тақдим этиларди.
НКВД ва НКГБ (Давлат хавфсизлиги халқ қўмитаси)нинг махсус гуруҳлари 1943 йил Теҳрон ва 1944 йил Ялтада Черчилль ва Рузвельтнинг ёпиқ музокараларини ҳамда иттифоқдош давлатлар раҳбарларининг халқаро конференцияларидаги чиқишларини ёзиб олишга муваффақ бўлишган. Бу суҳбатлар ҳеч кечиктирилмасдан ҳар куни Сталинга етказиб турилган, у эса бу муваффақиятли ишдан ғурур туяр эди. Ана шундан кейин махсус хизматлар ичида мулоқотларни тинглайдиган алоҳида бўлим, кейинроқ эса бошқармалар ташкил этилади.
1953 йилда Москванинг Чайковский кўчасида АҚШнинг янги элчихонаси биносини қуришга киришилади. Табиийки, америкаликлар эҳтиёт чораларини кучайтирадилар: суҳбатни ёзиб олувчи жиҳоз ўрнатилишининг олдини олиш мақсадида, ҳатто, иншоотга келтириладиган қурилиш материаллари диққат билан текширилар, барча қурилиш-монтаж ишлари кучли назорат қилинар эди. Хавфсизлик хизматлари бу вазифани олий даражада уддалаганлари тўғрисида Вашингтонга ҳисобот берардилар.
1964 йилга келиб, америкаликлар энг замонавий жиҳозлар билан ҳам аниқлаб бўлмайдиган тахминан элликта «тингловчи-ёзиб олувчи ускуна»дан хабар топадилар. Таҳлиллар қурилиш маҳсулотларига заводнинг ўзида кўз илғамас жиҳозлар «жойлаштириб келинганини» кўрсатади. Бунёдкорлик материаллари «тайёр» ҳолда қурилиш майдонига келиб тушаверган...
1976 йилда Қўшма Штатлар элчихонасида яна бир жосуслик иши фош этилади. Шифрли-махфий ёзувларни ўқийдиган хонанинг иссиқлик батареясида ажойиб антенна топиб олинади. Советларнинг махсус хизматлари уч йил давомида америкалик дипломатларнинг ёзишмаларини ортиқча ташвишсиз ўқиб ўтиришган...
Америка дипломатик ваколатхонаси мутахассислари 1984 йилда ўн учта электрон ёзув машинаси ичида махсус «жиҳозлар»ни «қўлга киритишади».
Навбатдаги шармандалик 1987 йилда юз беради. Америка разведка тарихида сержант Лоунтри ва капрал (ҳарбий раҳбар) Брейси, деган шов-шувли иш бор. Москвадаги элчихонани қўриқлайдиган икки денгиз пиёдасининг совет разведкаси билан алоқаси борлиги фош бўлади. Терговда Лоунтри ва Брейси сигнализацияни ўчириб туриб, икки рус мутахассисини Давлат департаменти, Марказий разведка бошқармаси ва Миллий хавфсизлик агентлиги томонидан йўлланадиган махфий ҳужжатларни ўқийдиган махсус хонани очиб берганликларини бўйниларига оладилар.
Ваҳоланки, мазкур хона ўша замон хавфсизлигини таъминлайдиган энг юқори даражадаги ускуналар билан жиҳозланган эди. бунинг устига, хона баланд бинонинг тўққизинчи қаватида жойлашганини ҳам таъкидлаб қўйиш керак. Мазкур кўнгилсиз воқеадан сўнг элчихонадаги барча махсус ускуналар 120 та контейнерга юкланиб, Москвадан олиб чиқиб кетилган. Бундан ташқари, компьютерлар ва принтерларни текширган Миллий хавфсизлик агентлиги экспертлари кўплаб жосуслик «жиҳозлари»га дуч келадилар.
Махфий ахборот ёзилгач, у шифрлаш жараёнига етиб бормасидан... Москвада у билан танишиб олишга улгуриларди. Яна ҳам қизиғи, ускуналар батареялар воситасида ишлаши эди. Демакки, уларнинг доимий равишда алмаштириб турилиши шарт бўлган... Бу махсус хона шу даражада қаттиқ қўриқланганидан унинг ичига пашша ҳам учиб киролмас эди. Кейинроқ Американинг Москвадаги элчихонасида яна бир воқеа содир бўлади.
Алоҳида хизматлар қандайдир фантастик-ғаройиб усулда махсус хонадаги электр симларини ўзгартиришга муваффақ бўладилар. Натижада хавфсизлик хизмати вакиллари элчихона қаршисидаги бинода ўтириб олиб, ахборотни тўплайверишган. Ана шундай кетма-кет муваффақиятсизликдан кейин АҚШ Давлат департаменти барча махфий ҳужжатларни курьер орқали сурғучланган ҳолда жўнатишга қарор қилади. 1992 йилда қисқа муддат Давлат хавфсизлик қўмитаси раиси бўлган Бакатин Америка элчихонаси биносидаги барча «тингловчи жиҳозлар»нинг харитасини тақдим этади...
Аброр ХОН
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0