Орол денгизида 55 кун қолиб кетган Робинзон
Олис ва кимсасиз оролга тушиб қолиб, жон сақлаганларни Даниэл Дефо замонларидан буён робинзонлар дейиш урфга кирган. Ҳаётга ташналик, матонат, меҳнат ва умид одамлар орасига қайтгарган инсонлар ҳақиқий ҳаётда ҳам кўп. Тинч океанининг олис ва сернам тропиклари ёки Шимолий Муз океанининг даҳшатли қаҳратонларидан омон чиққан робинзонларни эшитганмиз, аммо ўзимизнинг Орол денгизимизнинг ҳам ўз “Робинзон”и борлигини билармидингиз?
Тўғри, ҳозир Оролнинг денгизлик ҳайбати қолмаган, бироқ 1974 йилда дунё кўллари орасида катталиги жиҳатидан тўртинчи ўринда турадиган росмана денгиз эди. Ўша денгиздаги кўпдан-кўп оролларда ғаройиб воқеа юз берган.
Мовий денгиздаги оқ елкан
Вилнюс университетининг доценти Паулюс Нормантас қишки уйқудан уйғонаётган табиат қўйнида кузатув олиб бориш учун Орол денгизига келганди. Литвалик 52 ёшда, эшкак эшиш бўйича спорт устаси, яхтсмен, алпинист, Тян-Шан чўққиларидан тортиб Кола яриморолигача кезган, Япон ва Охота денгизларининг муздек сувларида чўмилган тажрибали сайёҳ эди. Шунинг учун “ички денгиз”га сафар чўт кўринмаган, шекилли, ўзига шерик ҳам олмаганди.
Литваликнинг саёҳатини “катта сузиш” десак ҳам сал муболаға бўлар. Шиширилган елканли қайиқда Амударё қуйилишидан Акпеткин архипелагигача етиб олса бас. Денгизчилар қаричида — бир қадам. Борар манзили қирғоқдан ҳам кўриниб турарди. Нормантаснинг режаси йўл-йўлакай балиқ овлаб, каналлар ва бўғозлар бўйлаб сузиш, бепоён саҳронинг қоқ ўртасидаги улкан кўлнинг ноёб табиатини кузатиш эди. Манзилнинг охирида, архипелагнинг энг катта ороли Тайлакжегенда балиқчилар қишлоғи жойлашганди.
Алвидо, “Аргонавт”
1974 йилнинг 25 мартида литвалик “Аргонавт” қайиғини сувга туширдию манзил томон сузиб кетди. У ергача бир кеча-кундузда етиб олишни кўзлаганди, бироқ изғирин ва шамол сабаб 10 соатдан сўнг номсиз бир оролчада тўхташга қарор қилди. Қайиқни қирғоққа тортиб чиқариб, йўл халтаси ва сув милтиғини ортмоқлаб, оролчани ўрганишга кетди.
Ўргангулик нарсанинг ўзи йўқ экан: ҳаммаёғини саксовул ва қамиш босган теп-текис орол. На сув бор, ҳайвон ёки қушлардан асар йўқ. Ортига қайтаётган Нормантас қирғоқдан 400 метрлар наридаги елканли қайиқни кўрди. Аввалига менга ўхшаган ўткинчилар ҳам кўп эканда деб ўйлади, кейин хаёлига келган фикрдан даҳшатга тушиб югурди. Не кўз билан кўрсинки, “Аргонавт” жойида йўқ, олислашиб бораётган қайиқ уники эди.
“Қирғоққа чиқдингми, қайиқни боғлаб қўй”. Денгизчиларнинг энг муҳим қоидасини унутиши Паулюсга панд берганди. Аммо ҳозир ўйланиш фурсати эмас, дарҳол ечиниб ўзини сувга отди. Не-не денгизларда сузган одамга 400 метр нима бўпти?
Аммо 10 сония ҳам дош беролмади. Муздек сув суякларигача ўтиб кетиб, оёқ-қўллари увишиб қолди. Ортига қайтиб чиқиб, тобора нуқтага айланиб бораётган “Аргонавт”га алам билан тикилди.
Хўш, шундай вазиятда нима қилинади? Аввало тинчланиш муҳим, ваҳима қилгандан фойда йўқ. Иккинчидан, сафархалтани титкилаб, нарсаларни обдан текшириб олиш керак. Учинчидан, буёғига нима қилишни режалаш.
Ўйлаб қараса, учинчи масалага ҳожат ҳам йўқ, биронта балиқчилар кемасини кутади, наилож. Қолаверса, унақа қадам етмас жойлар эмас, атиги ўн денгиз мили наридаги оролда балиқчилар қишлоғи бор. Хуллас, қутқарилишидан умид қилса бўлади. Фақат нажот келганича амаллаб жон сақласа бас.
Сафар халтасидан овчилар пичоғи, соат, линза, харита, қалам, игна-ип, ярим буханка нон, озроқ қуруқ чой, 22 дона қанд, олти бош пиёз, икки бош саримсоқпиёз, саккиз қути гугурт чиқди. Яна сув милтиғи, оёққа тақиладиган сузгич ва сув остига шўнғиш учун трубкали ниқоби бор.
Нормантас оролда яшаб, кутишни бошлади. Биринчи куни қамиш ва хашаклардан амаллаб чайла ясади, аммо эрталабгача изғирин шамол суяларигача ўтиб кетди, чидолмаганидан озроқ исиниб олиш учун чайласига ўт қўйиб юборди. Эртасига ерни ковлаб, атрофини тупроқ ва лой кўтариб уйча қурди, буниси ҳар ҳолда шамолни қайтарарди. Кечаси совуқда қотмаслик учун қўлбола печкача ҳам ясаб олди.
Ичишга суви бор эди. Амударё қуйилиши яқинлиги учун баҳорда оролча атрофидаги сув чучуклашарди. Қирғоқда топиб олинган консерва банкаси сувни қайнатишда асқотди. Егулик эса мўл-кўл эди ҳатто. Қирғоқдан сал нарида катта-катта зоғора балиқлар, лаққалар сузиб юрар, гап муздек сувга тушиб нишонга аниқ уришда эди. Сув милтиғини олиб келгани яхши бўлган экан.
Сув бор, овқат топиш муаммо эмас, бироқ қутқарилиш умиди тобора сўниб борарди. Бир ҳафта ўтди, иккинчи ҳафта поёнига етди, биронта кема қорасини кўрсатмасди. Нормантас эса қўл қовуштириб ўтирадиганлар сирасидан эмас. Нажот кутиш бефойдами, демак, ўзидан бошқа халоскор йўқ. “Б” режага ўтиш керак. Режа оддий: оролдан оролга сузиб ўтиб, катта соҳилга етиб олиш. Бунинг учун эса ҳаво илишини кутиш ва узоқ вақт совуқ сувга дош бериш учун танани тинмай чиниқтириш талаб қилинарди.
Ёнғин
Чиниқиш машқлари узоқ чўзилмади. Апрелдаги сузиш машқларининг бирида Паулюс тутун ҳидини пайқаб қолди. Шошилиб қирғоққа қайтди, қараса, бутун оролни қип-қизил аланга қоплаган. Бир ярим соатга қолмай оролчадаги бор нарса ёниб кулга айланди. Ҳайтовур Паулюснинг ертўласига зиён етмаган, харита ва гугуртлар солинган сафар халтаси бус-бутун эди. Катта ёнғин гулханни шамол учиришидан чиққан экан.
Қўшни орол 700 метрлар олисда, бунча жойни сузиб ўтиш учун сув ҳали совуқлик қиларди. Бироқ кўчмаса бўлмайди, энди кулмайдонга айланган оролда яшаб бўлмасди.
Паулюс лаққа балиқлар терисидан кичик сол ясаб, лаш-лушларини ортида-да, унга таяниб қўшни орол томон сузиб кетди. Сузиш жуда оғир ва суст, совуқ сув танасига игнадек санчилиб, нафас олишга қўймай бўғарди.
Ороллик Робинзон кейинчалик ўз эсдаликларида шундай ёзади:
“Совуқ муздек қўллари билан томоғимдан бўғарди. Нафасим сиқилади, аммо қўрқув худди ёвузлик каби адреналинни оширади. Ортимга ағдарилиб, бўйнимдаги ҳамма тугмаларни бўшатаман. Энди чуқур нафас олиш мумкин. Ласт(сузгич)ларни секин ҳаракатлантириб, қўлим билан томоғимни тинмай уқалайман. Бироз ўзимга келиб, солга етиб оламан ва сузишда давом этаман. Танам борган сайин увишиб боряпти, бироқ бу сафар ҳам омон қолишимга негадир ишонаман».
Нормантаснинг омади чопди. Бу аввалгисидан каттароқ орол эди. Унга Олмахонлар ороли деб ном қўйиб олди, харитадаги тасвири жудаям шу жониворни эслатарди. Оролда саққоқушлар ва балиқларни овлаб, тинмай ўзини чиниқтириб, майгача жон сақлади. Келиб қутқаришларидан тамомила умидини узган, фақат бир нарсани, ҳавонинг исишини кутарди.