Валюта UZS
  • USD

    12 109.0275.74

  • EUR

    14 139.7078.81

  • RUB

    150.311.01

-1C

-1C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

-1c

  • Hozir

    -1 C

  • 05:00

    -1 C

  • 06:00

    -1 C

  • 07:00

    -1 C

  • 08:00

    -1 C

  • 09:00

    -1 C

  • 10:00

    +0 C

  • 11:00

    +2 C

  • 12:00

    +4 C

  • 13:00

    +6 C

  • 14:00

    +7 C

  • 15:00

    +8 C

  • 16:00

    +7 C

  • 17:00

    +6 C

  • 18:00

    +5 C

  • 19:00

    +4 C

  • 20:00

    +2 C

  • 21:00

    +2 C

  • 22:00

    +1 C

  • 23:00

    +1 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Shanba, 10-January

-1C

  • Hozir

    -1 C

  • 05:00

    -1 C

  • 06:00

    -1 C

  • 07:00

    -1 C

  • 08:00

    -1 C

  • 09:00

    -1 C

  • 10:00

    +0 C

  • 11:00

    +2 C

  • 12:00

    +4 C

  • 13:00

    +6 C

  • 14:00

    +7 C

  • 15:00

    +8 C

  • 16:00

    +7 C

  • 17:00

    +6 C

  • 18:00

    +5 C

  • 19:00

    +4 C

  • 20:00

    +2 C

  • 21:00

    +2 C

  • 22:00

    +1 C

  • 23:00

    +1 C

  • Shanba, 10

    1 +20

  • Yakshanba, 11

    +0 +20

  • Dushanba, 12

    +6 +20

  • Seshanba, 13

    +2 +20

  • Chorshanba, 14

    +2 +20

  • Payshanba, 15

    +6 +20

  • Juma, 16

    +5 +20

  • Shanba, 17

    +0 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

ҚОЗОҚБОЙ ЙЎЛДОШЕВ: «Ўзбек тили ҳимояга ҳар қачонгидан кўпроқ муҳтож»

ХХ асрнинг бошларида ҳам миллат тушунчасининг тил бирлиги, ҳудуд бирлиги, бозор бирлиги, маданият бирлиги, психологик бирлиги сингари бешта белгиси бор эди. Глобаллашув қарқини (суръати) бугунга келиб, очундаги кўпчилик миллатлар учун бу бирликларнинг тўрттасини деярли йўққа чиқарди. Ҳозирги кунда ёлғизгина тил миллатнинг миллатлигини сақлайдиган қўрғон бўлиб турибди. Агар қайсидир этнос шу бирликни ҳам бой берса, ўз миллий қиёфасидан маҳрум бўлади. Шу боис бугун ҳар бир миллий тил ҳар доимгидан ҳам кўпроқ ҳимоя ва парваришга муҳтож.
Жамият
535 11:45 | 21.10.2023 11:45

Ўзбек учун тил ҳеч қачон фақат алоқа воситаси бўлмаган. Азалдан миллатимиз тилга ахборот беришдан, алоқа қилишдан ташқари, тилак, муомала-муносабат, орзу-истак сингари яна кўпгина вазифаларни бажарадиган сирли ва илоҳий ҳодиса тарзида ёндашиб келган. Халқимиз сўзни ўта нозик ҳис этган, уни жуда эҳтиёткорлик билан ўйлаб ишлатган. Сўзнинг тўғрилигидан ҳам кўра, унинг ўрнида ва керагидай айтилиши муҳим саналган. Шу боис боболаримиз имкон қадар ёмон маъноларни англатувчи сўзларни қўлламасликка, уларни юмшоқроғи билан алмаштириб ишлатишга уринганлар. Ўзбекда «ўлим», «касал» сўзлари деярли ишлатилмаган. Халқ ҳеч қачон «фалончи ўлибди» демаган, албатта, «фалончи қайтиш қилибди» ёки «пистончи бўмай қопти» деган. Ўзини биладиган ўзбек шу вақтга қадар «касал бўлдим» ёки «касал экан» деган эмас. У ҳамиша «тобим қочди», «мазам бўлмади» ёхуд «тумовлабди» каби юмшатувчи сўзларни қўллаган. Худди шу каби ўзбекнинг эркаги аёлини «хотиним», аёли эркагини «эрим» демаган. Улар бир-бирларини «келинчагим», «аёлим», «онаси», «келинингиз», «синглингиз», «опангиз» ёхуд «куёвим», «хўжайиним», «отаси», «укангиз», «акангиз» дея атаганлар. Бугунги кунга келиб тилимиздаги мана шу табиий майинлик (эвфемизм) ўрнини Кунботишга хос яланғочлик, пардасизлик олиб бораётгани ташвишлидир. Бугун аёллар бемалол «эрим», эркаклар эса «хотиним» ­дейишдан тортинмагани каби «касалман» деган сўз ҳам салкам ифтихор билан айтиладиган бўлиб бораётир. Ҳолбуки, тилнинг бузилиши руҳнинг бузилишидан белгидир.




Оммавий маданият қайбир даражада омманинг маданийлашувига ҳам туртки беради. Ана шу маданийлашувнинг сифат ва савияси қандайлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Агар бу маданийлашув миллий илдизлардан озиқланган ҳолда очун тамаддунига хос эзгу жиҳатларни ўзига сингдирган ҳолда юз берса, миллатнинг даражаси юксалади. Мабодо, маданийлашув кўр-кўрона тақлидга асосланиб, ўзгаларга эргашиш йўсинида борса, шаксиз, маънавий таназзул рўй беради. Мана, ўзбек тили давлат тили сифатида қонун ҳимоясига олинганига ҳам ўттиз тўрт йил бўляпти. Очиқ айтиш керакки, ўтган давр мобайнида миллий тилнинг тараққиёти учун қилинган ишлардан кўра ҳали қилинмаганлари кўпроқлигича турибди. Ёмони шундаки, ота тилимиз қўлланишининг кенгайиши ва ­тараққиётига бирор ташқи омил эмас, балки фақат ички факторлар тўсиқ бўлмоқда. Оммавий ғурурсизлик, миллатнинг ўзлигини билдирадиган қадриятларга нисбатан лоқайдлик ўзбек тилининг қўлланиш доираси кенгайиши, ифода тарзининг гўзал бўлишига халақит бермоқда.



Тил миллат тафаккури ва руҳиятининг даражасини аниқ акс эттирувчи барометр­дир. Ҳар қандай миллат руҳияти ва тафаккурининг савияси ягона миллий тилнинг мавжудлиги ва жамият аҳлининг ундан қай йўсин фойдаланаётгани билан белгиланади. Агар тил ўз миллий қонуниятлари асосида ривожланаётган бўлса, миллий руҳият ва тафаккур ҳам соғлом ўсиш жараёнини кечираётган бўлади. Агар тилда унга ёт унсурлар кўпайиб кетса, миллий тафаккур ва руҳият ўз илдизидан узоқлашгани ойдинлашади. Шу маънода бугун ўзбек тили ҳимояга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтождир. Ачинарлиси шундаки, бугунга келиб ўзбек тилини бошқалардан эмас, ўзбеклардан ҳимоя қилишга тўғри келмоқда. Миллий тилнинг ҳолатига оммавий бепарволик, ундан фойдаланишдаги савиясизлик ва пала-партиш­лик, кўпчилик амалдорларимиздаги ғурурсизлик, ўз тилида ҳужжат тайёрлашга уқувсизлик, ўзини уринтиргиси келмай, ялқовлик билан тайёр қолиплардан фойдаланишга ўчлик ўзбек тилининг қўлланиш кўлами кенгаймаслигига сабаб бўлмоқда.



Ҳеч қандай ташқи зуғум бўлмагани ҳолда ўз тилига эътиборсизлик ва нописандлик авж нуқтасига етганлиги мус­тақил юртнинг аҳолисида ҳали фикр ва руҳият мустақиллиги тўла қарор топмаганини кўрсатади. Айтиш керакки, ҳукумат тилнинг кенг миқёсда қўлланиши ва ривожлантирилиши учун қилиниши мумкин бўлган деярли барча чора-тадбирларни кўрди. Тилни ривожлантириш бўйича алоҳида департамент тузилгани, ҳар бир ташкилотда давлат тили бўйича маслаҳатчи лавозимининг жорий қилиниши дунё тажрибасида кўрилмаган ҳолат. Лекин бу тузилмаларнинг фаолиятидаги кемтиклик кўп жиҳатдан миллий аҳоли қатламларининг интилиш ва савияси даражасига боғлиқ.



Шу ўринда ҳар қандай этноснинг чин маънода миллатга айланиши учун бир тилда сўзлашиши кераклигини ҳам таъкидлаш лозим. Ҳар қандай этнос аҳли ўзаро битта адабий тилда сўзлаша бошлаган вақтдан бошлаб миллатга эврилади. Афсуски, биз ҳақимизда бундай деб бўлмайди. Чунки кўпчилик ўзаро алоқа-аралашувда, ҳатто, радио-телевидение сингари матбуот воситаларида ҳам шевачиликка ружу қўйиб борилмоқда. Ҳатто ҳукумат таркибидаги, вазир даражасидаги расмийлар ҳам ўз шевасида сўзлашдан хижолат тортмай қўйди. Расмий ҳукуматнинг расмий тилида сўзлашни билмаган одамнинг расмий лавозимда ўтириши мантиққа тўғри келмайди. Адабий тилни қўллаш, айримлар ўйлаганидай, фақат сўзловчининг маданий савияси ёки нутқ одобига доир масала эмас, балки миллатнинг бирлиги ва бутунлигини кўрсатиш омили бўлган сиёсий муаммо экани бундай кимсаларни мутлақо ўйлантирмаяпти. Тўғри, шева – ҳар қандай миллий тилнинг туганмас бойликлар булоғи. Лекин адабий тилни шева сўзлари билан бойитиш бошқа-ю, ­фикрини фақат шевада ифодалаш тамомила бошқа нарса. Этнос миқёсида тил бирлиги эришилмагунча миллий бирликка эришиб бўлмайди.




Ҳар қандай катта ёмонликлар майда нуқсонлардан бош­ланади. Шу боис кундалик маиший турмушдаги, айримлар назарида «майда-чуйда» бўлиб туюладиган жиҳатларни ҳам назардан қочирмаган маъқул. Чунончи, шаҳару қишлоқлардаги деярли барча ўзбек ҳозирги кунда «тушлик» деган қадимий ўзбек сўзини қўйиб, ёппасига «абед» деган бегона сўзни ишлатади. «Қўқим», «чиқит» тушунчалари фақат «мусор», «кўприк» эса «мост», ўзбекча «кўтара», «улгуржи» сўзлари «оптим» билан ифода этилади. Ёбончи бу сўзларни ўзбекча деб ҳисоблайдиган бутун бошли авлод шаклланди. Чунки бугунги ёшлар тилни китоблар ёрдамида эмас, балки кўпроқ сўзлашув асносида ўрганмоқдалар.




Шаҳару қишлоқларимизни «дом продается», «чайхана продается», «магазин продается» ёки «под офис сдаётся», ёхуд «Мы открылись» тарзидаги битиклар эгаллаган. Ҳовли, чойхона, маркетларнинг мижозлари ҳам, оларманлари ҳам, албатта, ўзимизнинг одамлар. Лекин зеҳниятимизга чуқур сингиб кетган эълон ва лавҳалар ўзга тилда ёзилсагина таъсирли бўлади деган тушунчадан қутулиб бўлмаяпти. Рекламалар ҳақида-ку гапириб ўтириш ҳам ортиқча. Ҳаёти мобайнида ҳуқуқий сиқилишларга кўникиб кетган ўзбек рекламасидаги қандайдир бир ёбончи сўзни ўзбекчага айлантириш кераклиги айтилса, халқаро ҳуқуқлардан дам уриб, ётиб олиб олишади.



Турли объектларнинг бегона сўзлар билан номланаётгани аҳоли орасида ўзбек тилининг мавқеи пастлигини кўрсатувчи яна бир далилдир. Сон-саноқсиз тўйхона, емакхона, офис­ларнинг «Версаль», «Флоренция», «Касаб­ланка», «Диодора», «Боти», «Висбун», «Исидора», «Тзе Гўшт», «Ля Танбур» ва ҳк. тарзда аталиши одамларимизда миллий ғурурнинг ўта пастлигини кўрсатадики, бунга бефарқ қараш мумкин эмас. Бунинг устига, юқори идоралар ҳам тоза ўзбекча жой номларини «Нурафшон», «Яшнобод», «Янги ҳаёт» сингари сунъий ва чайналган номларга айлантиришга ҳисса қўшмоқда.




Янги имло қоидалари умуммиллий саводсизликни кўпайтиришга хизмат қиладиган йўсинда ишлаб чиқилгани ҳақида кўп гапириляпти. Аммо қоидаларининг ўзидаги нуқсонлар камлик қилгандай, бу борадаги «нау-хау»лар аҳволни янада оғирлаштиришга сабаб бўлмоқда. Чунончи, асрлар давомида боболар қўллаб келган «Бешоғоч» сўзини кейинги вақтда, ҳатто, матбуотда ҳам «Бешёғоч» тарзида «тўғри»лаб ёзиш расм бўлган. Форсча «дарахт» сўзининг асл ўзбекчаси «оғоч» экани, у қирқилгандан кейингина «ёғоч»га айланиши мумкинлиги ўйлаб кўрилмаяпти.



Минглаб йиллик маданий қадриятларга эга ўзбек халқи бирор жойни қанчадир миқдордаги ёғоч борлиги билан мўлжал қилмаслиги, у масканни ёғочнинг номи билан аташи асло мумкин эмаслиги хаёлга келтирилмаяпти. Бешта ёғоч ҳеч қачон кўчада муқим турмайди. «Оғоч» эса бошқа гап. Гуркираб ўсаётган беш туп оғоч ўша жой учун, аввал, мўлжал бўлиши, кейинчалик унинг отига айланиши мумкин. «Сариоғоч», «Қўшоғоч», «Учтол», «Беш терак» топонимлари шундан далолат беради. Фитрат «Шарқ» шеърида: «Оғочлари яшил кийимлар кийган Терилишар топинғани Тангрига», деб ёзади. Маълумки, «ёғоч»да яшил кийим бўлмайди, бундай либосни у ҳали «оғоч» эканида ­кийиши мумкин.




Бу каби «замонавий янгилик»лардан яна бири нарсаларнинг аниқ миқдори айтилгач ҳам «-лар» кўплик қўшимчаси қўшилиши шаклида қаердандир пайдо бўлди ва жуда тез оммалашиб кетди. Энди радио-телевизорда ҳам, газета-ойбитикларда ҳам «ўн бешта болалар», «йигирмата отлар», «саккизта уйлар» тарзидаги ифода қўлланиши оддий ҳолга айланди. Ҳолбуки, ўзбек тилида кўплик қўшимчаси «лар» бирдан ортиқ, аммо миқдори аниқ бўлмаган нарса-ҳодисалар ифодаланган сўзларгагина қўшилади. Миқдор айтилгач, «-лар»га ўрин қолмайди. «Маҳаллада юзта енгил машина бор» дейилади.




Яқиндан бери жорий қилинган яна бир хатолик кенг ­ёйилиб бормоқда. Яъни мактаб, боғча, қарор ва фармонларнинг тартиби билдирилган белгидан сўнг, яна «сон» сўзини ёзиш ҳам оммалашиб бормоқда. 22-мактаб эмас, «22-сонли мактаб». Нега? Ахир ўзбекнинг тартиб сони одам, нарса ёки ҳодисанинг тартибини билдиради, сонини эмас. Тилимизда: «Қишлоғимиздан чиққан биринчи чемпион ёки иккинчи олим», дейилади. Зинҳор, «Қишлоғимиздан чиққан биринчи сон чемпион ёки иккинчи сон олим» дейилмайди-ку! Ёмони шундаки, саводсизлик белгиси бўлмиш бундай хатоликлар тўғри ёзув­ни сиқиб чиқармоқда. Сабаби аксар ҳолатларда бу хил хатоликлар «юқори»дан келадиган ҳужжатларда учрайди. Чамаси, юқори ташкилотлар ўз рутбасини имло қоидаларидан ҳам юқори, деб билади.




Миллат илмининг ўчоғи бўлиши лозим Олий аттестация комиссиясидай ташкилотда «Диссертациянинг амалий аҳамиятга эга натижаларидан фойдаланиш миқёси» деган жумла «Амалий аҳамиятга молик диссертация натижаларидан кенг миқёсда фойдаланиш» тарзида мужмал ифодаланиб турса ёки «14-бет» тарзидаги бирикма «Б. 14» шаклида ёзилиши қонунлаштирилса, миллат саводхонлиги тўғрисида гапириб бўладими?



Нимагадир, биз ўзбеклар, оддий ва одатий нарса-ҳодисаларни ҳам бошқа тиллардан кириб келган сўзлар билан ифодалашга ўчмиз. Шунинг учундирки, туркий халқлар орасида фақат биз ўзбекларда томонлар «Шарқ», «Ғарб», «Шимол», «Жануб» тарзида арабча қўлланилади. Барча қардош­лар тарафларни «Чиқиш», «Ботиш», «Беткай», «Терскай» тарзида ишлатишса-да, негадир, томонларни адаштириб ­қўйишмайди. Эҳтимол, бу ҳол бир замонлар боболаримизнинг бошқа туркийларга қараганда, илмий тил бўлмиш араб­чага, сарой тили саналган форсчага яқинроқ, халқнинг жўн, жайдари сўзлашув тилидан баландроқ турганини билдирган. Лекин бугунга келиб, бу ҳолатлар фазилатликдан иллатга, ўзликдан йироқлашиш сабабига айланди. Биз эса ҳамон ўша баландлик ҳавоси билан юрибмиз. Натижада, минг­лаб ўз сўзларимиз ўрнига арабий, форсий сўзлар қўлланилади. Масалан, «соҳиб», «молик», «кафт», «лунж», «гўшт», «даво», «ҳамшира» ва бқ. Ҳолбуки, уларнинг «эга», «олақон», «урт», «эт», «эм», «эмбека» сингари туркий кўринишлари ёнгинамиздаги қардош­лар тилида фаол ишлатилади.




Бизда ўзга тилдан ўзлашган сўзларнинг аслидагидай ишлатилишига уринилиши ҳам ота тилининг ривожига тўсиқ бўладиган тутумлардан биридир. Ўзбекларнинг барчаси «мачит» дейди, лекин негадир матбуотда «масжид» шаклида қўлланади. Арабдаги ­«масъул», «аъло», «маърифат», ­«эътибор» сингари тутуқли сўзларни ҳам ҳар қандай ўзбек тутуқсиз талаффуз қилади. Лекин олдинлари айириш белгиси билан, эндиликда «тутуқ» билан ёзиш талаб этилади. Нима учун? Хатолар камайиб қолишидан хавотир сабаб­­ми? Айримлар, ҳатто, ўзлашган сўзларнинг «астойдил» эмас «аз таҳти дил», «удда» эмас, «уҳда», бежизга» эмас, «бежиз» тарзида ишлатилиши мақбуллигини қонунлаштирмоқчи бўлишади. Бу ҳолда сўз ўзлашган бўладими ёки биз ўзгалашган бўламиз?



Бизда бегона тилдан кирган сўзки бор, тўғри-нотўғрилигига қарамай, қўллайверишга ружу қўйилган. Чунончи, болалар дам оладиган жой «оромгоҳ» дейилади. Ҳолбуки, форсча бу сўз фақат «гўристон» маъносидагина ишлатилади. Тирик­лар дам оладиган маскан бундай аталмаслиги керак. Раҳматли Бегали Қосимов домла бу ҳақда алоҳида мақола ҳам ёзди. Лекин бу бировга чивин чаққанча таъсир қилгани йўқ. «Услуб», «услубчи» сўзларининг қўлланишида ҳам шу ҳолни кўриш мумкин. Маълумки, «услуб» сўзи бирор ижодкор битикларининг ўзига хослигини таъминлайдиган турли илмий-эстетик унсурлар йиғмасини англатади. Бизнинг расмий ва илмий адабиётларимизда эса бу сўз «метод», «усул» сўзларининг муқобили сифатида қўлланилади ва шундан келиб чиқиб, «методист» тушунчаси «услубчи» сифатида «ўзбекча»лаштирилади. Услуб касб бўлмагани каби фақат услуб яратиш билан шуғулланадиган мутахассис бўлиши ҳам имконсиз. Буни «йўриқчи» тарзида ўзбекчалаштириш мутасаддиларнинг эсига келмайди.




Айримлар тилни халқ яратади, бинобарин, қайси сўзни қаерда ва қандай ишлатишни ҳам ўзи билади деб даъво қилишни яхши кўради. Ҳолбуки, халқ − илоҳий-интеллектуал неъмат бўлмиш тилнинг истеъмолчиси. Халқ тилни яратган тақдирда ҳам, ўз тилида яратган, бегона сўзларни тиқиштирмаган бўларди. Ўзбек ҳамиша ўқимишли одамларга эргашиб, улардай бўлишга интилиб яшаган. Халқ, азбаройи, ойдинларига ишончи ва ҳурмати боис, уларга тақлидан ўз тилига жуда кўп бегона сўзлар киритилишига йўл қўйган. Чиндан ҳам халқ у ёки бу ўринда қайси сўзни қўллаш ёки унинг ўрнига қандай муқобилини топиш кераклиги ҳақида бош қотириб ўтирмайди. Бу − миллат ойдинлари бўлмиш олимлар, адиблар, журналистлар, ўқитувчилар, лавозимдорлар қилиш­лари керак бўлган юмуш. Азалдан ўқимишли, китобга яқин миллат бўлган ўзбекнинг нутқига ўзга тиллардан кўпроқ сўзлар кириб қолгани табиий ҳол. Лекин бу ҳолни қоидага айлантириш худди ўз чегарасига бепарволик қилган, унга ким кириб, ким чиқишини назорат қилмаган юртга ўхшаб, бир куни заволга элтади.



Шу ўринда биздаги имло қоидалари ўзбек тилига эмас, балки тил имло қоидаларига бўйсиндирилгани миллий тил тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган асосий омил эканини ҳам таъкидлаш лозим. Оламдаги аксарият тилларнинг имло қоидаларини тайин этишда кўпроқ фонетик тамойилларга амал қилинади. Негаки, тил нутқда, сўзланганда воқеликка айланиб, моддийлашади. Тилнинг стихияси, асл қуд­рати сўзлашувда намоён бўлади. Агар сўзларнинг айтилиши билан ёзилишида айричалик бўлмаса, миллатнинг саводхонлик даражаси тез юксалади. Бизда эса бунинг тескариси қилиниб, тилнинг норматив талаблари ўзбек тили ва ўзбекнинг нутқига хос белгиларни эмас, балки қоидани ишлаб чиққан кишиларнинг истакларини акс эттирган. Натижада ўзбек ўз тилининг табиатига тамомила бегона бўлган қоидаларга бўйсунишга мажбур қилинган. Шундай қоидалардан бирига кўра, «қ», «ғ» товуши билан тугайдиган сўзларга жўналиш келишиги қўшимчаси –га қўшилганда, сўзнинг ўзак-негизида ҳам, қўшимчада ҳам товуш ўзгаришлари бўлмаслиги ва ўртоқга, ўроқга, боғга, тоғга, қулоқга, теракга ва ҳк. тарзда айтилиши ва ёзилиши кераклиги белгиланган. Худди шу товушлар билан тугайдиган сўзларга «-и» эгалик қўшимчаси қўшилганда товуш ўзгармаслиги кераклиги борасидаги ­қоида ҳам тилимиз ­табиатига мутлақо ёт. Бунга кўра, эндиликда ўзбекчани бузиб гапирадиган чет элликлар каби «акамнинг тароқи», «устанинг қайроқи», «теракнинг япроқи» тарзида сўзлаш ва ёзиш керак бўлади. Кўринадики, бу ҳол тилимиз табиатига мутлақо бегона.




Хўш, бу каби ножоиз ҳолатларнинг илдизи, миллий тилга хос бўлмаган жиҳатлар қоидалаштирилиб, тилнинг асл белгиларига зуғум ўтказилганининг сабаби нимада? Бунга, асосан, ўзбек тилига сингармонизм, яъни товушлар уйғунлиги хослигини ҳисобга олмасликдай ноилмий қараш сабаб бўлмоқда. Ўзбек тили ўзга туркий тилларга хос бошқа барча хусусиятларга эга-ю, фақат сингармонизм унга бегона деган ёндашув ўзбек адабий тилини нафақат қардош туркий тиллардан, балки ўз ичидаги шевалардан ҳам узоқлаштирмоқда. Бу – масаланинг бир жиҳати.



Иккинчи томондан, сингармонизм­ни ҳисобга олмаслик натижасида ўзбек тилининг товушлар тизими камбағаллашиб, шаклдош сўзлар сунъий равишда кўпайтирилиб, тилимиз омонимик тилга айланиб бормоқда.




Сингармонизм – тилда товушлар уйғунлиги мавжудлигини англатадиган ҳодиса. Ўзбек тили нафақат унли, ҳатто, ундош товушлар ўртасида ҳам гармония бўлишини талаб қилади. Тилимизнинг гўзаллиги айни шу хусусиятида намоён бўлади. Сингармонизм ўзбек тилидаги унли товушларнинг сони худди қардош қозоқ ва қорақалпоқлардаги каби камида тўққизталигини тан олишни тақозо этади. Ҳолбуки, бугунги ўзбек адабий тилида унлиларнинг бор-йўғи олтмиш фоизигина ўз ҳарфий ифодасига эга бўлиб, нутқ амалиётида фаол қўлланилаётган «Ә», «I», «Ы», «Ұ», «Ө» унлилари учун ҳарфлар белгиланмаган. Лекин тил шундай қудратли ижтимоий-маънавий феноменки, товушларга махсус белги берилмагани билан унга хос хусусиятлар йўқолиб кетмайди. Шунинг учун ҳам қаерда яшашига қарамай, бугунги ўзбек танадаги муча ҳамда «ўтиб ол» маъносидаги буйруқ феълини англатувчи «ўт» билан майса ҳамда олов маъноларидаги «ўт» сўзларини, шунингдек, «ўзбек» ва «ўтин» сўзларининг илкинчи товушларини бир хил талаффуз қилмайди. «Емоқ-­емак», «ишламоқ-ишламак», «кутмоқ-кутмак», «эринчоқ-­эринчак» ҳамда шунга ўхшаб кетадиган минг­лаб ҳолатларда ўзбек тилида сингармонизм борлиги ва уни бузиш мумкин эмаслиги яққол кўринади. Бу сўзлар жуфтлигидаги сўнгги унлилар алмаштирилса, ундошлар ҳам алмаштирилиши кераклиги ёки аксинча бўлиши ўзбек адабий тилидаги товушлар оҳангдошлиги бузилмас қонуният эканини кўрсатиб турибди. Лекин имло қоидаларини яратувчилар буни тан олгилари келмайди.



Тилимизда йиллар давомида нотўғри қўлланиб келинганидан хатолиги билинмай кетган сўзлар ҳам бор. Чунончи, «сўтмоқ ва сўкмоқ» сўзлари кўпинча ўрни алмаштириб қўлланилади. Масалан, «Онам кўйлакнинг чокини сўкди» шаклида ёзилиши ­қоидалаштирилган. Ҳолбуки, чок сўкилмайди, «балки сўтилади». Шунингдек, «сурмоқ ва суртмоқ» сўзларини қўллашда ҳам шу ҳол кўзга ташланади. «Юзига упа сурди», деб ёзилади китобларда. Қизлар юзига упани сурмайди, балки суртади. «Қурт ва қурут» сўзларини ишлатишда ҳам шу хил хатоликка йўл қўйилади. «Қурт» жонли бир ҳашаротни ­англатса, «қурут» қуритилган сут маҳсулотини билдиради. Нарсанинг баҳоси баландлигини билдирувчи «қиммат» билан баҳонинг ўзини англатувчи «қиймат», ўлчам маъносидаги «мезон» сўзи билан мавсумни англатадиган «мийзон» сўзларини қўллашда ҳам шу хил хатолик­ларга йўл қўйилади.




Тилимизга хос бўлган «Ң» бурун товушининг жорий имлода «НГ» тарзида ҳарфий бирикма қилиб берилиши аслида икки товушдан иборат «енг», «ўнг» каби сўзларнинг уч; «тонг», «бонг», «тенг», «минг», «сўнг», «тўнг» каби аслида уч товушли сўзларни тўрт товуш сифатида ёзилиши ва энг ёмони, шундай айтилишига сабаб бўлмоқда. Ушбу сонор товушининг имлода тўғри акс этмаганлиги, унинг талаффузидаги ўзига хосликнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда. Шунинг натижаси ўлароқ, тилимизда «Кўчанинг ўн томонига бурил», «Ўттиз мин сўм пул олдим» каби носоғлом талаффуз ёйилиб бораётгани ташвишлидир.




Компьютер валийлари томонидан XXI асрнинг охирига бориб йўқолиб кетиши башорат қилинган ўттизта миллий тил орасида бизнинг неча минг йиллик тарихга эга ота тилимиз ҳам кўрсатилгани сабабли ушбу мақолада ёзғириш оҳанги бироз кучайди. Агар ўзбекда миллий ғурур уйғониб, ўз маданий ва интеллектуал савиясини оширса, компьютер башоратчиларининг адашишларидан умид қилиш мумкин. Шунда миллат ўзлигининг мустаҳкам қўрғони бўлмиш жонажон ўзбек тили ўз тараққиётининг тўғри йўлидан мангулик сари боравергай.



Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ,
профессор


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 5560 16:57 | 05.08.2023