Рамазон Юлдузга шифо ҳадя қилди
Янгиариқлик Юлдуз Сапаева 4 нафар фарзанднинг меҳрибон онаси. Икки томонлама бирламчи коксартроз ҳасталаги туфайли аёлнинг ҳаракатланиш имкониятидан кундан кунга чекланаётган эди. Бунинг устига фарзандларининг 2 нафари ногирон. Юлдузхон учун ҳар бир кун сабр ва матонат имтиҳонига айланди.
Ана шундай синовли кунларнинг бирида Юлдуз ёлғиз эмаслигини ҳис қилди. Давлат томонидан кўрсатилган эътибор ва амалий кўмак унга янги ҳаёт эшигини очди.
Аввало беморга махсус тиббий йўлланма тақдим этилди. Шундан сўнг малакали мутахассислар томонидан бир неча босқичли чуқур тиббий текширувлар ўтказилди. Жарроҳлик амалиёти учун зарур тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Хоразм вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.
Президентнинг “Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарори Юлдуз Сапаева каби ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун ҳақиқий нажот бўлди. Ушбу қарор асосида республикамиз бўйлаб 6 минг нафар бемор аъзонинг даволаниши ва жарроҳлик амалиётлари билан боғлиқ харажатлари тўлиқ қоплаб берилмоқда.
Бугунга қадар Хоразм вилоятида ижтимоий реестрга киритилган, оғир турмуш шароитида яшаётган 8 нафар юртдошимиз узоқ йиллардан бери азият чекиб келаётган турли хасталикларидан ушбу қарор асосида халос бўлди. Жараён давом этмоқда. Рўйхатда яна 500 га яқин бемор бор.
Муҳаббат Тўрабоева




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0