Ёш ихтирочидан катта ютуқ – “Ақлли иссиқхона”
Қишлоқ хўжалигида бугунги кун тренди — ақлли технологиялар. Нидерландия, Япония ва Жанубий Корея каби мамлакатларда томчилатиб суғориш, автоматлаштирилган ҳарорат ва намлик назорати, юқори ҳосилдор навлардан фойдаланиш орқали ҳосилдорликни бир неча баробар оширишга аллақачон эришилган.
Энг қувонарлиси, бу каби илғор ғоялар энди юртимиздаги мактаб ўқувчилари томонидан ҳам ҳаётга татбиқ этилмоқда. Учқўрғон тумани 25-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Диёрбек Қўқонбоев замонавий талабларга тўла жавоб берадиган “Ақлли иссиқхона” қурилмасини яратди.
Ёш муҳандиснинг ихтироси томчилатиб суғориш ва ўғит интеграциясига асосланган бўлиб, масофадан бошқариш имкониятига эга. Амалий синовларда кичик ҳажмли бўлишига қарамай, мазкур мослама 15 килограммгача ҳосил етиштириш самарасини бергани эса унинг амалий аҳамиятини янада оширди.
Диёрбек бу қурилмани синовдан ўтказиш жараёнида “Кросс F” навли помидор уруғини экиб, йилига икки маротаба ҳосил олишга муваффақ бўлди. Ҳозирда у тумандаги томат ишлаб чиқарувчи завод билан ҳамкорликда бир сотих майдонга помидор экиш ва ундан 1,5 тонна ҳосил олиш имкониятини синаб кўришни режалаштирмоқда.
Мазкур лойиҳа нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, ресурсларни тежаш ва маҳаллий иқлим шароитига мос технологияларни жорий этишда ҳам беқиёс аҳамиятга эга.
Эътиборлиси, ёш ихтирочи ўз “Ақлли иссиқхона”сига бўлган ҳуқуқларни мустаҳкамлаш мақсадида бу йилнинг ўзида уни патентлаштиришга киришмоқчи.
Анваржон Ҳалимов,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0