Сайловларда «оилавий» овоз беришга йўл қўйган масъулларга жавобгарлик белгиланди
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 51-10 ҳамда 51-11-моддалар билан тўлдирилмоқда.
Жорий йил 4 сентябр куни имзоланган ЎРҚ-953-сон қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга сайлов комиссиясининг ёки референдум ўтказувчи комиссиянинг аъзоси томонидан фуқарога бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенини берганлик, шунингдек сиёсий партияларга сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари бўйича Марказий сайлов комиссиясига оралиқ ёки якуний ҳисоботни тақдим этмаганлик ёки ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қўшимча киритилди.
Ҳужжат кўра, МЖтК тегишли тартибда 51-10 ҳамда 51-11-моддалар билан тўлдирилмоқда.
Яъни эндиликда, сайлов комиссияси ёки референдум ўтказувчи комиссия аъзоси томонидан фуқароларга бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш, – БҲМнинг бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари тўғрисидаги оралиқ ёки якуний ҳисоботни сиёсий партия томонидан Марказий сайлов комиссиясига тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этиш, – мансабдор шахсларга БҲМнинг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўладию
Қайд этилишича, ушбу Қонун ҳар бир фуқаронинг тенг сайлов ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлашга, «оилавий» овоз бериш ҳолларининг олдини олишга, сайлов кампанияси вақтида фойдаланилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари тўғрисида тезкор ва ишончли ахборот тақдим этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, сиёсий партияларнинг Давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш бўйича молиявий ҳисобдорлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0