Сув танқислигига қарши янги чоралар: каналлар бетонлаштирилади
2026 йил 5 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суғоришда сув йўқотишларини камайтириш ва сув танқислигининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Сўнгги йилларда сув ресурслари танқислиги масаласи долзарб бўлиб бормоқда. Айрим ҳолларда сувдан самарасиз фойдаланиш ва исрофгарчиликка йўл қўйилиши бу муаммони янада кучайтирмоқда. Янги қарор ана шу ҳолатларни бартараф этиш, сувдан оқилона фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.
Ҳужжатга мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлиги тизимида сув йўқотиш даражаси юқори бўлган 389 километр каналлар реконструкция қилиниб, бетонлаштирилади. Бу ишлар натижасида ҳар йили ўртача 206 миллион куб метр сув тежалиши, шунингдек 26 миллион киловатт соат электр энергияси иқтисод қилиниши кутилмоқда.
Шу билан бирга, мазкур ишлар 159 минг гектар суғориладиган ер майдонларининг сув таъминотини яхшилаш имконини беради.
2026 йил давомида каналлар ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишларига 480 миллиард сўм, сув танқислигининг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар учун эса 120 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Кутилишича, бу чора-тадбирлар сув ресурсларидан янада самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини ошириш ва мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0