Тажовузкор дайди итлар: Тартибга солиш ёки қириб ташлаш?!
Яқинда Чирчиқда дайди итлар бир қизалоққа ҳужум қилгани видеоси тарқалди ва кўпчилик даҳшатга тушди. Кейинчалик болалар майдончаларида бемалол кезиб юрган итлар ҳақидаги тасвирлар ҳам пайдо бўлди. Аслида бундай ҳужумлар мунтазам юз бериб туради ва муаммо тизимли ёндошувни талаб қилади. Хўш, бу борада етакчи давлатлар тажрибаси қанақа?
Нидерландияда битта ҳам дайди ит йўқ
Ғарбий Европанинг бошқа мамлакатлари сингари, Нидерландияда ҳам азалдан итлар кўп бўлган. Бой-зодагонлар овга гала-гала тозилар билан чиқишдан ташқари, ўз қасрларидаги зотдор итлари билан мақтанишни хуш кўришар, қора халқ эса қўриқлаш ва бошқа хўжалик юмушларида кучуклардан фойдаланарди. Шаҳар кўчаларида ҳар қадамда кучукка дуч келиш одатий ҳол эди ўша пайтларда.
Бу ҳол ўн тўққизинчи аср бошларида бутун Нидерландияни қутурган итлар босиб кетгунига қадар давом этди. Қутуриш аввалига кўчалардаги дайди итлар ўртасида тарқалди, кейин ваҳимага тушган одамлар ўз итларини кўчага ҳайдай бошлашди. Ёниб турган оловга мой сепишга баравар бу ишлар бутун мамлакатни “ит вабоси”га йўлиқтириб, кўп одамлар кўп жабр кўрди.
Қутурган итларни амаллаб қириб битиришди, муаммо қайтиб болаламаслиги учун эса кескин чора қўллашга қарор қилишди ва “ит солиғи”ни (Hondenbelasting) жорий этишди. Аммо кўчаларда ташландиқ итлар камайишига умид қилган катталар чучварани хом санашганди. Энди ўша солиқни тўлай олмаганлар ташлаб кетаётган кучуклар кўчаларни босиб кетди.
Бугунги кунда ҳам ит солиғи Нидерландиянинг катта ярмида амал қилади ва жойига қараб тўлови ҳар хил. Масалан, Гаагада битта ит учун солиқ — 137,28 евро, иккитасига — 352,32 евро, учтаси учун — 625,08 евро. Ит сақловчиларнинг петициясидан сўнг айрим ҳудудларда ит солиғи бекор қилинган.
Хўш, воқеанинг давоми нима бўлди? Хуллас, пичоққа илингулик ечим топиш учун орадан бир ярим аср ўтди. Нидерландия 1962 йилда ҳайвонларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Муаммога ҳам қонун ва ҳам ҳайвонларнинг ҳуқуқлари томонлама ёндашиш бошланди. Ишламайдиган қонун — сариқ чақага қиммат. Нидерландия қонунлари эса жуда қаттиқ, ҳайвонларга шафқатсизларга шафқат қилинмайди. Жарима 20 минг евродан бошланади, қамоқ жазоси 3 йилгача, жазони 5 йилгача узайтириш масаласини кўриб чиқишяпти.
Шу қонун асосида CNVR (Collect, Neuter, Vaccinate, and Return) дастури ишга туширилган. CNVR — дайди итларни тутиш, стериллаш, вакциналаш ва эркинликка қўйиб юбориш.
Сақловхоналар асраб олмоқчи бўлганларга ит-мушукларни сувтекинга берворади, аммо зотдор ит сотиб олиш учун отнинг калласидай солиқ босилади. Камига ит сотиб олувчининг хонадонини ҳам ўрганишади, янги ҳайвон учун жой етарли ва шароит аъло бўлиши шарт.
Лолалар ўлкасида полициянинг махсус Animal Police (“ҳайвонлар полицияси”) бўлими ҳам бор, ҳайвонлар ҳуқуқларига қанчалик риоя қилинишини назорат қилади. Кўпларда савол туғилиши мумкин: Нега нуқул ҳайвонлар? Одамлар-чи? Ҳамма гап шунда-да! Нидерланд ҳукумати ҳайвонларнинг ҳуқуқини таъминлаш орқали ўз фуқароларига қулай ва хавфсиз муҳит яратиш мумкинлигини тушуниб етганига тасанно. Кўчада бўйинбоғсиз ёки эгасиз ит юрибдими — эгаси жавобгарликка тортилади, биров-яримни ит қопиб оладими ёки бебош болалар кучук боласига озор берадими — айбдорлар топилиб, чораси кўрилади. Нимаси ёмон?!
Бугунги Нидерландияда уйсиз ҳайвонларни кундузи кўчада чироқ ёқиб ҳам топа олмайсиз. Маълумотларга кўра, янги қонун-қоидалар натижасида кўчалар 1,2 миллионтагача дайди итдан халос бўлган.
Уйсиз ҳайвонлар муаммосига тўла ечим топган ягона мамлакат — Нидерландия тажрибасидан кўриниб турибдики, фақат қаттиқ чораларнинг ўзи камлик қилади, ишлайдиган тизим керак.
Германияда итларнинг адвокати бор
Германияда ҳам ит ва мушуклар ўз ҳолига ташлаб қўйилмаган. Ҳар ҳолда тартиб-саришталик немисларнинг қонида бор. Жуда бўлмаганда эгасиз итларни қараб туриш учун кўчадаги уйсизлар ёки камбағалроқ оилаларга бериб, кунига 3-5 евродан тўлаб туришади.
Кўчага кучугини ҳайдаганлар, унга шафқатсиз муносабатда бўлганлар ёки ўлдирганлар 25 минг евро жаримага тортилади.
Баъзи сабаблар билан итига қарашга имконияти бўлмай қолганлар уни махсус сақловхонага олиб бориб топширишлари ва хизмат ҳақини тўлашлари шарт. Бу итни кўчага ҳайдаб жарима тўлагандан осон ва арзон.
Итларга бунча эътибор қаердан?
Биринчидан, ҳайвонларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги банд мамлакат конституциясига киритилган. Ҳа, рост.
Иккинчидан, ҳайвонларни ҳимоя қилиш, итларни сақлаш тартиби тўғрисидаги бошқа кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб турибди. Германияда ҳатто “ҳайвонлар ҳимоячиси” деган касб бор, ҳуқуқшуносликда бутун бошли бир йўналиш “ҳайвонлар ҳуқуқи” деб номланган. Бир жониворнинг ҳам ҳуқуқини судда ҳимоялай оладиган немис адвокатларига нима дейсиз?!
Хуллас, ҳайвонларнинг масъулиятсиз эгаларидан шикоят қилувчи учинчи шахсларни рағбатлантира олувчи тизим бор ва у ишлаяпти. Бировнинг ити нафақат бошқа бировни қопиб олиши, балки кечаси билан қўшниларни ухлатмай акиллаб чиқишиям ҳуқуқ бузилиши. Хуллас, ўз-ўзини бошқарадиган жамият шундай яратилади, лоқайдлик кетмайди, ҳеч кимнинг ҳуқуқи бузилмайди, ҳайвонлар ҳам шафқатсиз муносабатдан ҳимояланади.
Германияда кўчада топиб олинган ит ёки мушукни яқин ўртадаги сақловхонага топшириш мумкин. Бу ерда расмийлаштириб, йўқолган ҳайвонлар базасига киритишади. Агар жониворнинг чипи бўлса, эгасини топиш осонлашади. Эгаси чиқмаган итни сақловхонада қолдиришади.
Маълумотларга кўра, дайди ит-мушуклар сақланадиган битта маскан йилига ўртача 1 млн евро харажат қиларкан. Харажатларнинг катта қисмини хайриялар қоплайди, давлат озгина қарашади, қолганини сақловхонанинг ўзи ишлаб топаркан.
Хўш, дайди ҳайвонлар маскани пулни қаердан топади?
- ҳайвонларни сотишдан, мушуклар — 50-100 евро, итлар — 100-200 евродан сотилади;
- ветеринария хизматлари;
- ҳайвонлар меҳмонхонаси (олис сафарга отланганлар уй ҳайвонларини топшириб кетишади).
Қаранг, қанча одамнинг муаммосига ечим бор, ҳайвонларни яхши кўрувчиларга эса иш жойи.
Германия тизимининг моҳияти — итлар сони кўпайиб кетишига йўл қўймаслик. Ит етиштирувчи компанияларга маълум чегара қўйилган, ҳар бир итнинг эгаси эса солиқ тўлаши шарт. Ҳар бир қўшимча ит тўланадиган солиқни каррасига кўпайтиради. Масалан, Берлинда йилига биринчи ит учун 120 евро, иккинчиси учун 180 евро тўланади.
Кўриб чиққанимиз — муаммодан қутулган ва энг яхши чоралар кўрилаётган мамлакатлар. Аксарият инсон ҳуқуқлари таъминланиши юқори даражада кафолатланган ривожланган мамлакатларда ҳайвонларни муҳофаза қилиш бўйича ҳам қандайдир ютуқларга эришилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Қолганларининг аҳволи маълум.
Қизиғи, ҳайвонларга муносабат қайсидир маънода инсонга муносабат ўлчовига айланиб қолгандек. Ёки тескариси.
Фалон жойда дайди итлар болани тишлаб ташлади, фалон шаҳарда болалар майдончасини итлар босиб кетибди. Кунда-кунора шу йўсиндаги хабарларга кўзимиз тушади. Бир қарашда унча ваҳимали эмас, аммо ўйлаганимиздан кўра жиддийроқ муаммо аслида. Ўзбекистон ҳам ҳозирча бу борада ютуқлар билан мақтана олмайди.
Ҳеч ўйлаб кўргансизми, итлар қаердан пайдо бўляпти? Дайди итлар — катта шаҳарларнинг эътиборсиз ва кўздан пана ҳудудлари ёки кичик шаҳарлар муаммоси. Нега?
Чунки қишлоқда ҳар бир ит эгали. Бировнинг ити камдан-кам бошқанинг ҳовлисига бош суқади, чунки бу ернинг ҳам ити бор, ўз “табиий чегараси” бор. Қўшни маҳаллага ўтишни эса қўяверинг. Энг муҳими, одамлар эътиборсиз эмас, ўзаро ҳурмат бор. Қишлоқлар кўплар ўйлаганидан анча озода.
Шаҳарларда эса. Кўча ҳамманики, эгасиз... Кундузи болалар тўла майдонча кечаси итлар масканига айланади. Айрим жойларда ҳатто кундузи ҳам болаларга кун йўқ. Нима кўп, ошхона кўп, вақтида йиғиштириб кетилмаётган чиқиндихоналар ёки кўча бўйлари ва ариқларга ташлаб кетилаётган чиқиндиларни айтмаса ҳам бўлади. Кўчада юрган ит ё мушук борки, ҳидини олади. Қишлоқ ити уйдан қувилса ҳоли не кечиши даргумон, аммо шаҳарнинг кучуги очидан ўлмайди. Итлар популяцияси ошиб бораётганининг асосий сабабларидан бири ҳам шу. Қизиғи, ёввойи табиат қонунлари қишлоқларда эмас, шаҳарларда ишлаяпти.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0