Тоғлар орасида “ухлаб ётган аждарҳо” — Сарёз кўли
Марказий Осиё — турли ажойиботларга ва ўзига хос географияга эга бўлган минтақа. Унинг катта қисмини бепоён чўллар ташкил этади. Аммо ҳудуднинг асосан шарқий қисмида ястанган тоғлар ва музликлар минтақа ҳаётининг асосини таъминлайди. Ана шу тоғлар бағрида, Тожикистон ҳудудида зилзила оқибатида вужудга келган йирик чучук сув захираси — Сарёз кўли жойлашган. Кўл ҳақида ҳар хил гап-сўзлар юради. Кимдир уни қурғоқчил минтақа учун инъом дея атаса, кимдир минглаб километр узоқликкача зарар етказишга қодир хавфли сув манбаи сифатида ҳам кўради.
Сарёз кўлини “Помир марвариди” деган чиройли ном билан аташади. Шунингдек, унга “ухлаб ётган аждарҳо” деган бироз инсонни чўчитадиган таъриф ҳам берилади. Чунки кўм-кўк сувдан иборат кўл нақадар гўзал ва сўлим маскан бўлмасин, унинг қаърида катта хавф яширинган. Бу хавф кўлга ўткир ақл ила муносабатда бўлишни талаб қилади.
Кўл вужудга келганига 113 йил бўлди. Кўл 1911 йил 18 февралда (3 март) кучли зилзила оқибатида Бартанг дарёси тўсилиши натижасида пайдо бўлган. 1911 йил қишида Ғарбий Помир тоғларида кучли зилзила содир бўлган. Табиий офат Усой қишлоғини ер юзидан йўқ қилиб ташлади. Қишлоқнинг фақат икки нафар аҳолиси омон қолишга муваффақ бўлди. Кейинроқ, улар зилзила оқибатида кўтарилган чанг бир неча кун ҳавода муаллақ турганини, чанг пардаси ерга ўрнашганда қишлоқ ўрнида улкан тоғ пайдо бўлганини айтишди. Яксон бўлган қишлоқ хотирасига табиий тўғон ҳам Усой тўғони деб номланди. Унинг ҳажми жуда улкан — баландлиги 567 метр, узунлиги 5 км. Сув денгиз сатҳидан нақ 3255 метр баландликда жойлашган.
Мурғоб дарёси водийсини янги тоғ тўсиб, аста-секин сувга тўла коса ҳосил қилди. Олти ой ичида кўлга ном берган Сарёз қишлоғини ҳам сув босиб кетди.
Кўлнинг интенсив равишда тўлиши 1926 йилда ниҳоясига етди. 1942 йилдан бери кўл сатҳи тебраниш даражасида ўзгариб туради. Кўл Бартанг, Панж ва Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган аҳоли пунктлари учун хавф туғдиради. Чунки ёрилиш содир бўлганда, сел оқимидаги сувнинг катта массаси, ҳаттоки, Орол денгизига қадар етиб бориши айтилади.
Ҳозир сув омборининг чуқурлиги 500 метрни ташкил этади. Узунлиги музликларнинг эриши ва ёғингарчилик миқдорига қараб 65 дан 75 км. гача масофада. Ҳар йили сув сатҳи кўтарилади.
Мустақил Тожикистонда Сарёз кўли машҳур сайёҳлик йўналишига айланди. Бироқ, кўлга саёҳат уюштириш қийин. Сув омборини кўриш учун Тожикистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан рухсатнома олиш лозим бўлади. Аммо баландда жойлашган сув нафақат саёҳатчиларни ўзига жалб қилади, балки атрофдаги ҳудудлар ва ҳатто қўшни мамлакатлар аҳолисини ҳам қўрқитади. Бунинг устига Ғарбий Помир сейсмик зона бўлиб қолмоқда.
Бу ерда 8-9 балли зилзилалар ҳар 250 йилда бир марта, 7 балли эса 100 йилда бир марта содир бўлади. Демак, тўғон барқарорлиги эртами кеч хавф остида қолади. Бундан ташқари, маълумки, тўғон сифати ундан оқиб ўтадиган булоқлар туфайли бузилади. Бироқ, ҳозирча тўғон ҳалокатли тарзда дарз кетиши ҳақида гапириш қийин. Масалан, 2015 йилда 6,5 магнитудали зилзила бўлган, аммо табиий офат тўғонга зарар етказа олгани йўқ.
Росгидрометнинг Юқори тоғ геофизика институти директори Мухтор Беккиев Душанбедаги 2024 йилда халқаро форумда Сарёз кўлидаги сувни ушлаб турувчи табиий тўғоннинг бузилиши эҳтимоли юқори баҳолади. Агар шундай бўладиган бўлса, Ўзбекистон ҳам ҳалокат зонасига тушиб қолиши мумкин. “Бунинг эҳтимолини аниқлаш жуда қийин, чунки тош тўсиқлар бардошли эмас, улар эртами-кечми ёриб ўтади”, дейди у.
Олимнинг таъкидлашича, институт ходимлари кўлни сунъий йўлдошдан олинган суратлар ёрдамида ўрганмоқда ва бундан бир неча йил аввал республикага келган. Унинг сўзларига кўра, бахтсиз фалокат учун сабаб зилзила, шунингдек, тоғлардаги кўчки жараёнлари бўлиши мумкин. Кўлда 16 куб километрдан ортиқ сув мавжуд. Буни саккизта Чорвоқ сув омбори билан солиштириш мумкин (Тошкент вилоятидаги ушбу сув омборида тахминан 2 куб километр сув бор). Сарёз кўл 24 соат давомида кузатув остида. Агар табиий тўғон бузилса, табиий офат зонаси нафақат Тожикистон, балки Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистон ҳудудларини ҳам қамраб олиши мумкин. Айрим маълумотларга кўра, агар тўғон бузилса, лойқа оқим қуйи Амударё минтақасигача етиб боради.
Яна бир хавф 1967 йилда геологлар (улар орасида Сарёз кўлининг машҳур тадқиқотчиси Л.П. Папирин ҳам бўлган) томонидан топилган Ўнг қирғоқдаги кўчки билан боғлиқ. Кўлнинг ўнг қирғоғида ёриқлар бор, уларнинг умумий узунлиги икки минг километргача етади. Бу ерда янги кўчки ҳам аниқланди. Унинг ҳажми 0,5 дан 2 куб километргача. Ҳар қандай вақтда бу гигант кўчки кўлга тушиб кетиши мумкин. Бу Сарёзнинг тўлиб кетишига олиб келади.
1970 йилларда Сарёз кўли муаммосини ҳал қилишга ҳаракат қилиш бошланган. Ўшанда Ўсой тўғонида ГЭС қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилаётган эди. Гидроэлектрик тўғон табиий тўғонни мустаҳкамлаши мумкин ва гидротехника иншооти орқали сув кўлдаги сув сатҳини пасайтиради. Аммо техник қийинчиликлар туфайли лойиҳани амалга ошириб бўлмади. Собиқ иттифоқ тарқалиши ва фуқаролар уруши сабаб тожик ҳукуматида бир муддат йирик лойиҳалар ҳақида ҳатто ўйлашга имкон бўлмади.
Мустақил Тожикистонда кўлдан ўз мақсадлари учун фойдаланишга қарор қилишди. Расмий Душанбе Эрон, Саудия Арабистони ва БААга ичимлик суви етказиб беришни ташкил қилишни таклиф қилди. Бу масала Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ўртасидаги учрашувда ҳам муҳокама қилинди. Ниҳоят, 2018 йилда Тожикистон ва Хитой ўртасида Сарёз сувидан ҳамкорликда тижорат мақсадларида фойдаланиш бўйича шартнома имзоланган эди. Бироқ кўлга киришнинг иложи йўқлиги, логистик муаммолар лойиҳанинг режалаштирилган қисмларини амалга оширишга ҳали имкон бермаяпти.
2000 йилда Жаҳон банки ҳомийлиги остида Сарёзда замонавий огоҳлантириш ва мониторинг тизими ўрнатилди. Энди тўғон ўртасида 24 соатлик кузатув пости бор. Датчиклар тўғоннинг ўзига ўрнатилди. Операторлар кузатиш нуқталарида сув белгилари ва бошқа параметрларни доимий равишда кузатиб борадилар. Агар сув сатҳида кескин ўзгаришлар бўлса, кузатувчилар дарҳол сигнал беришлари керак. 2020 йилда эса Осиё банки ускуналарни модернизация қилиш учун 10 миллион доллар ажратди.
МДҲ давлатлари институтининг Марказий Осиё бўлими бошлиғи Андрей Грозиннинг айтишича, Сарёз кўли муаммосини тўла-тўкис ҳал қилиш қийин. “Сув омборини қуритиш бўйича лойиҳалар мавжуд, аммо барчаси пулга боғлиқ. Бизга 2-3 миллиард доллар сармоя керак — бу Тожикистон учун жуда катта миқдор”, дейди у.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0