Тошкентда «Тез ёрдам»нинг аҳволи қандай?
«Ishonch» мухбирининг ижтимоий экспременти
— Тизимнинг аҳволи: 470 та чақирув бўлган шунинг 442 тасига кечикиб борилган.
— Дунё стандартида тез тиббий ёрдам етиб бориш вақти 10-15 дақиқани ташкил қилади. Бизда эса 30-40 ва ундан кўп вақт кетади.
— Тизим кадрларида масъулият ва АйТи саводхонлик паст: мутахассислар оддий компьютер хариталарида ишлашни билмаяпти.
— Реал ҳолат: 3 млн. аҳолига ажратилган биргада 6 млн. аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
— Давлат тиббий хизмат чақируви «такси» хизматидек бўлиб қолмоқда. Хусусийлар эса ривожланмоқда…
— Тез ёрдам хизматида барча имкониятлар бор (ёқилғи, дори-дармон, маблағ), фақат масъулиятли кадрлар керак.
* * *
Ижтимоий тармоқларда кўпинча юртдошларимизнинг «Тез ёрдам» ҳақидаги турли фикрларга кўзимиз тушади. Айрим фуқаролар чақирувдан сўнг ярим соат, ҳатто ундан ҳам узоқроқ кутишга мажбур бўлаётганини айтишади, бошқалари биринчи ёрдам ўз вақтида кўрсатилганини таъкидлашади.
Хўш, уларнинг қай бири ҳақ? Бугун соҳада тизимли ислоҳотлар бўлаётган бир пайтда «103» хизматидан аҳоли қанчалик рози? Машиналар, кадрлар, моддий-техник база, операторлик пунктлари ва хизмат кўрсатиш замон талабларига жавоб бераяптими? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида пойтахтдаги ҳақиқий вазиятни ўрганишга ҳаракат қилдик.
Тарқоқ тизим бугун марказлашган
– Илгари нафақат пойтахтда, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам аҳвол қониқарсиз эди, – дейди Республика тез тиббий ёрдам марказининг Тошкент шаҳар филиали раҳбари Илҳом Аслонов. – Сабаби, тизим 2022 йилгача шошилинч тиббий ёрдамнинг таркибидаги бўлинма эди. Автомашиналар ва ходимлар бошқа-бошқа ташкилотларга тегишли эди. Дори-дармонларни эса бошқалари етказиб беришарди. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати билан тизим ислоҳ қилинди. Дори-дармон, ёнилғи, автомашина масалаларига боғлиқ муаммолар тўла-тўкис ечим топди. Президентимиз қарори билан алоҳида тез тиббий ёрдам маркази ва унинг вилоятлардаги 14та филиали шакллантирилди.
Олдин ҳар 15 минг аҳолига битта тез ёрдам машинаси тўғри келган бўлса, 2018 йили ҳар 13 минг аҳолига битта тўғри келадиган бўлди. Ўша пайтгача республикамиз бўйлаб «Тез ёрдам»да «Дамас» русумли машиналар хизмат қиларди.
Уларнинг аксарияти 20 йилдан кўп ишлаган ва техник талабларга жавоб бермагани боис, ҳар тўрт чақириқнинг бирида йўлда бузилиб қоларди. Ҳозир эса 4 мингга яқин машиналарнинг ҳаммаси ўз муддатида – Тошкент шаҳрида ҳар 8, ҳудудларда ҳар 7 йилда янгиланмоқда. Пойтахтимиздаги 235 та машина «Форд» ва «Исузи» русумли махсус жиҳозланган, замонавийларига ўзгартирилди. Ҳозир талабга жавоб бермайдиган бирорта эски «Тез ёрдам» машинаси қолмади.
Ишонч билан айтишимнинг боиси малака ошириш институтида республика миқёсида тез ёрдам тизимидаги шифокорларга дарс бераман. Улардан доим бу ҳақда сўраб тураман. «Машиналаримизнинг ҳолати яхши, вақтида алмаштириляпти», дейишади.
Дориларга келсак, илгари шифокорга атиги 3-4 хили берилиб, беморлардан «Шприцингиз борми?», «Перчаткангиз борми?» деб сўраб юришган. Энди бундай эмас. Бош оғриғидан тортиб, қон босими, юрак, қандли диабет каби касалликлари учун жами 64, оғир аҳволдаги беморларга мўлжалланган таркиб учун 84 хил дори-дармон берилади.
Аҳоли нега кутиб қолмоқда?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти манбаларида тез ёрдамнинг «Олтин вақти» сифатида биринчи ўн дақиқа қабул қилинган. Сабаби, инсоннинг юраги тўхтаса, биринчи 5-6 дақиқада мия фаолияти ишдан чиқади. 10-дақиқадан сўнг беморни ҳаётга қайтариш имконияти деярли йўқолади. Шу боис тез тиббий ёрдамнинг сифати унинг қанчалик тезкорлиги билан баҳоланади.
– Тошкентдаги 14 та филиалимизда 235 та бригада фаолият кўрсатмоқда, – дейди марказнинг тезкор ишлар бўйича директор ўринбосари Насиба Маҳмудова. – Юртдошларимиз мурожаат қилишганида чақирув «Call markaz»га келиб тушади. Бу ерда 38 нафар оператор уларни ҳудудига қараб йўналтиришади. Баъзида бригада етиб боргунча «Бу дорини ичиб турсам бўладими?» деб сўрайдиганлар ҳам бўлади. Шундай пайтларда телефон орқали маслаҳат берувчи шифокоримиз, психологимиз ҳам бор. Бир кунда ўртача 3700-3800 та чақириқ бўлади. Кундузи нисбатан камроқ, 16:00 дан бошлаб эса сезиларли даражада ошади. Айниқса, кеч соат 20:00 дан 00:00 гача кўп мурожаатлар бўлади.
Бригадаларимиз чақирув манзилига шошилинч ҳолатларда ўртача 15-20 дақиқада, тиғиз бўлмаганда ва кечки вақтларда 30-40 дақиқада етиб боришади. Бу пайтда кўчаларда машиналар кўп бўлиши туфайли тирбандликда қолиб кетишади. Энг кўп мурожаатлар аҳоли зич яшайдиган Олмазор, Шайхонтоҳур, Юнусобод туманларидан бўлади. Шунга кўра, ҳудудларга ажратилган бригадалар ҳам кўпайтирилди.
Айтилмаган ҳақиқатлар
Анча пайт иш жараёнини кузатдик. Кундузи бўлгани учун қўнғироқлар кам. Аммо 38 нафар оператор олдидаги телефонлар тинимсиз жиринглаб турибди. Овозлари пастлатиб қўйилган. Шундай бўлса-да, «Мени кўтаринг!» деб қилаётган «хархашаси» аниқ эшитилади. Соат 10:30 да Мирзо Улуғбек туманида яшовчи фуқародан мурожаат бўлди. У «диалез» муолажасини олиш учун касалхонага бориши кераклигини айтди. Оператор буюртмани 10:32 дақиқа ўтганда Мирзо Улуғбек туманидаги мурожаат тушган манзилга энг яқин 5-бўлимнинг 877-бўш бригадасига узатди. (Жараён компьютерда онлайн кечмоқда). Аммо 7 дақиқа ўтиб ҳам 877-бригада буюртмани қабул қилгани тасдиқланмади. (Бу ҳолатда яшил тугма ёниши керак экан). 10:38 да бригада хабарни олганини тасдиқлади. Шунда ҳам оператор 5-бўлимга қўнғироқ қилгандан сўнг, улар мурожаатни расман қабул қилиш тугмасини босишди.
Биз ходимдан жамоа йўлга чиққанини ва қанча вақтда манзилга етиб боришини кузатишимиз учун GPS харитасини очиб беришни илтимос қилдик. Аммо у бу саҳифани тополмади. Ҳамкасбидан ёрдам сўради. Бизга харитани кўрсатишди. Аммо 10:40 да ҳам, 10:45 да ҳам машина жойидан қимирламади. Марказ раҳбари Нуриддин Нуровдан «Нима учун машина юрмаяпти?», деб сўраганимизда, у «Юрган бўлса керак, фақат ўша машинада GPS ишламаётган бўлиши мумкин. Баъзан шундай бўлиб туради, илова қотиб қолади. Шунинг учун маълумот янгиланмаётгандур», деди. Кейинчалик бизга «Тез ёрдам» 10:49 дақиқада беморнинг уйига етиб боргани ҳақида маълумот берилди.
Демак, Мирзо Улуғбек туманидаги подстанцияга қўнғироқ қилинганда бемор чақируви ва етиб бориш орасидаги вақт 19 дақиқани ташкил этди. Майли, бу ҳолатда бемор оғир аҳволда эмасди, дейлик. Аммо оғир бемор бўлганида тиббий ёрдам тез етиб бориши жуда муҳим-ку?! GPS ишламаса, туман маҳаллий подстанцияси ходимлари кечикаётганини марказдагилар қандай аниқлашади? Ахир, ҳолат аниқлансагина, уни тузатиш йўллари қидирилиши мумкин. Масалан, бошқа машинани юбориш ёки ўша ҳудудда чақирувдан қайтаётган бригада йўналишини ўзгартириб, бемор олдига тезроқ етиб бориши чораси кўрилади. Аммо буни аниқловчи тизим яхши ишламаса, ходимларнинг компьютер саводхонлиги ҳаминқадар бўлса, тезкор иш юритиш, аҳволни ўнглаш чорасини кўриш имконсиз-ку?
Феврал ойидаги бир кунлик чақирувлар тарихини қараб чиқдик. Соат тунги 00:00 дан 04:00 гача бўлган вақтда пойтахт бўйлаб 470 та чақирув қайд этилган. Уларнинг 450 таси бажарилган, 66 таси бўйича беморлар касалхонага олиб борилган, 20 таси натижасиз, 442 тасида эса кечикиш қайд этилган. Биз ходимлардан бу рақамларни янаям очиқроқ шарҳлаб беришни сўрадик, аммо улар буни исташмади. Шунинг ўзиёқ вазият қандайлигини кўрсатиб турарди.
Қоғоздаги ва амалдаги фарқ: 235 та бригада талабни қондиролмайди
Кузатув жараёнида шуни англадикки, тез ёрдамнинг кечикиши аҳоли сони кўпайганига, инфратузилма, кадрлар ва бошқа ташкилий ишларга ҳам бевосита боғлиқ. Зеро, сўнгги йилларда Тошкентда нафақат кечки пайт, балки кундузи ҳам тирбандлик кузатилмоқда. Зарур инфратузилма мавжуд эмаслиги ҳам панд бермоқда. Масалан, бот-бот айтилишига қарамасдан, «А» йўлакларда енгил машиналар бемалол ҳаракатланишмоқда. Бу эса «Тез ёрдам»га ҳам халақит бермоқда. Ҳозирча Шота Руставели кўчасидагина автобуслар учун алоҳида йўлак қилингани «103» хизматига қўл келмоқда. Аммо бутун шаҳарда қачон шундай қулайлик яратилади? Бунга аниқ жавоб бериш мушкул.
Кечикишларнинг сабаби яна бир жиддий муаммо Тошкент шаҳрида рўйхатда турган ва қайд этилмаган аҳоли сонидаги тафовут билан боғлиқдир. Масалан, ҳар 13 минг нафар кишига биттадан тез ёрдам машинаси берилган ва шаҳарда уларнинг сони 235 та. Яъни, бу 3 050 000 аҳоли учун мўлжалланган. Ваҳоланки, пойтахтда яшовчилар вақтинчалик рўйхатда турганларни, талабаларни, келиб-кетувчи меҳмонлар ва туристларни қўшиб ҳисоблаганда 5-6 миллионни ташкил этади. «Тез ёрдам» эса «Сиз Тошкентда рўйхатда турмайсиз» деб ўтирмайди. Қўнғироқ бўлиши билан манзилга ошиқади. Бироқ юклама билан ишлаётгани боис кечикади. Кўпинча чақирувга бориш учун бўш бригада топилмайди.
– Баъзан бош оғриғи, иситма кўтарилиши каби ҳолатларда (оилавий шифокорга бориши керак бўлганлар) ҳам «Тез ёрдам» чақиришади. Шу боис оғир беморларга бориш вақти чўзилиб кетади, – дейди Насиба Маҳмудова.
Юртдошларимиз нима дейди?
Шавкат ЖАББОРОВ:
– Яқинда операциядан чиққандим. 20 дақиқада етиб келишди. Оғриқ қолдирувчи укол қилишди. Барака топишсин!
Отабек ҚЎЧҚОРОВ:
– 3-4 кун ичида икки марта чақирдим. Бирида вақтида, иккинчисида кечроқ келди. Аммо “Бўш машиналаримиз йўқ, бироз кеч қолиб боради», деб огоҳлантиришди. Қон босимим ошганди, дори беришди, анча яхши бўлдим.
Гули АЛИ:
– «103» га телефон қилишнинг фойдаси йўқ. Биринчидан, жуда кеч келади. Баҳонаси кўп. Иккинчидан, ҳар қандай касалга ҳам бир хилда анальгин, димедрол бериб, папаверин қилади-кетади. Яқинда шундай бўлди. «103» келиб, шу уколни қилишди. Бизда бошқа малҳам йўқ, дейишди. Улар кетганидан кейин ҳам ҳуруж тўхтамади. Фарзандларим МДСни чақиришди. Биз билмаган уколларни қилишди, «капельница» қуйишди. Аҳволим яхшилангунча тепамда ўтиришди. 495 минг сўм тўладим. Эртасига, албатта, врачга боришим, қайталанса, нима қилишим зарурлигини тушунтиришди. Давлат тез ёрдами оғир касалларни шифохонага олиб бориб топшириш, яъни фақат такси вазифасини бажариш учун керак экан-да, деб ўйлаб қолдим. Чунки шифохонага ўзингиз борсангиз, қабул қилмайди, соатлаб навбатда турасиз. Тез ёрдамда борсангиз, дарров қабул қилишади».
Фикр-мулоҳазаларни таҳлил этадиган бўлсак, ходимлар имкон қадар чақирувларга вақтида боришга ҳаракат қилишмоқда. Шароит ва имкониятлар 7-8 йил олдингига қараганда анча яхши. Аммо юқорида таъкидлаганимиздек, юртдошларимиз айрим оғир ҳолатларда ярим соат, ҳатто бир соатгача кутиб қолишмоқда. Бу эса уларнинг саломатлигини сақлаб қолиш ёки қийин вазиятларда ҳаётга қайтариш имкониятини камайтирмоқда.
Кузатувлардан чиқарган умумий хулосамиз шуки, кечикишлар мавжуд ва аҳоли шикоятлари асосли.
Тизимнинг кўринмас оғриғи
Соҳада кадрлар қўнимсизлиги ҳам жиддий масала. Кўпинча тез ёрдам шифокорларга «иш бошлаш» ва «яхши иш топиш учун» «трампилин» вазифасини ўтайди. Боз устига маошларнинг камлиги, иш юкламасининг кўплиги, стресслар мавжудлиги ва меҳнат муҳофазаси яхши йўлга қўйилмаётгани ҳам мутахассисларнинг соҳада узоқ муддат ишламаслигига сабаб бўлмоқда.
Мавжуд муаммолар барҳам топиши учун операторларнинг АйTи саводхонлигини пухта эгаллашлари, шифокор ва фельдшерлар учун доимий малака ошириш дарслари ташкил этилиши, рақамлаштиришни янада ривожлантириш зарур. Қолаверса, транспорт тизимини реал аҳоли сонига мос равишда қайта ташкил этиш зарур. Акс ҳолда пойтахтда «Тез ёрдам»нинг тез кела олмаслиги муаммолигича қолаверади.
Зебо НАМОЗОВА
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0