Уч кечада етти қурбон
Ичкилик бор жойда ғалва бор. Бу ердаги арзон ароқ шайдоларидан одамлар безиб қолгандир деган ўй ўтади кўнглимиздан.
Самарқанд шаҳрининг Кимёгарлар қўрғонида нима бўлганди?
Самарқанддаги мудҳиш шов-шувли воқеликдан этлар жунжикди. Воажаб, 17 киши қўлбола спирт истеъмол қилиб, вафот этгани ҳақидаги миш-мишлар наҳотки рост бўлса?
Ҳақиқатан ҳам, Нурафшон маҳалласида сўнгги тўрт кун ичида 7 киши ўлган. Бу ҳудудга ёндош бешта маҳалла ва Паст Дарғом туманининг Найман маҳалласида 9-12 январь кунларида яна ўн чоғли фуқарони ҳам ароқ олиб кетган бўлса?
Бош прокуратуранинг 13 январ куни мазкур заҳарланиш ҳолати бўйича берган расмий баёнотида 5 киши қалбаки спирт ёки алкоголдан нобуд бўлгани айтилди.
Қалбаки ва қўлбола ароқ билан қанчалик курашмайлик фойдаси бўлмаяпти. Сўнгги йигирма кунда мамлакатимиз ва хориждаги 28 нафар миллатдошимизнинг паймонаси ароқ туфайли тўлган.
Воқеликнинг энг аламлиси Самарқандда рўй берди. Ушбу ҳодиса ортидан юзага қалқиб чиқаётган қатор саволлар кишига тинчлик бермаяпти
Нурафшон маҳалласидаги дўконнинг бирор бир ҳужжатга эга эмаслиги-ю, қўлбола ароқ сотилиши, бу ҳудуд ичкиликка ружу қўйганлар “питаги”га айланиб қолгани ҳақида узунқулоқ гапларни-ку, асти қўяверинг. Самарқанддек муаззам шаҳарнинг аҳоли тиғиз бўлган масканидаги ҳолатдан мутасаддиларнинг наҳотки хабари бўлмаса? Кимёгарлар қўрғонидаги Нурафшон маҳалласида бўлиб, шу саволларга жавоб изладик.
– Кўчнинг икки юзи икки маҳалла ҳудудига қарайди. Айни қўлбола ароқ сотилди, деган дўкон бизнинг Нурафшон маҳалламиз ҳудудида, унинг соҳиби эса кўчанинг нариги бети Маданият маҳалласи ҳудудидаги хонадонда яшайди. Дўкон ва хонадон бир бирининг рўпарасида, – дейди маҳалла раиси Холмуҳаммад Ўтамуродов. – Бу дўкон фаолияти ҳеч маҳал назоратимиздан четда қолмаган. Эгасининг ароқ сотишга рухсатномаси йўқ. Шу боис уни ҳамиша огоҳлантириб келганмиз. Ҳатто дўконига кузатув камераси ҳам қўйдирган эдик. Унга ўтган йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида ҳам расмий огоҳлантириш берилган. Аммо у ўзининг эски одатини қўймади. Афтидан фаолиятини яшаш хонадонига кўчириб олган кўринади. Чунки спиртни тайёрлаб бериш учун дўкондан кўра, хонадонда афзалликлар кўпроқ бўлади.
Холмурод Ўтамуродовнинг айтишича ҳудудда арзон ароқ ишқибозлари деярли ҳар куни тўпланишиб турган. Маҳалла мутасаддиларини кўргач, бир зумда ғойиб бўлишга одатланишган экан.
Ичкилик бор жойда ғалва бор. Бу ердаги арзон ароқ шайдоларидан одамлар безиб қолгандир деган ўй ўтади кўнглимиздан.
– Дўконда ароқ сотилганига сира кўзимиз тушмаган, – дейди дўконга яқин кўп қаватли уйда яшовчи Хайринисо Умарова. – Менимча вафот этганларнинг аксари ичкиликка ружу қўйган одамлар эмас. Кўчада чўзилиб, турпоққа беланибётганини кўрмаганмиз. Ҳеч бир ғалвали воқеликни ҳам эслай олмайман.
Нурафшон маҳалласида ичкилик туфайли вафот этган 7 нафар марҳумдан 3 нафарининг ўлим сабаблари ойдинлашаяпти. Дастлабки хулосаларга кўра, 2 нафари қонида қанд миқдори юқорилаб кетган, бир нафари эса юрак ҳуружидан сўнг шифохонага етмасдан жон берган. Барчасида ичкилик бор.
– 39 ёшли қўшнимиз ҳам ана шу ароқнинг касофати туфайли оламдан ўтди, – дейди Нурафшон маҳалласида яшовчи фуқаро Н.Х. – У иккинчи гуруҳ ногирони эди. Ичиб юрганига кўп кўзимиз тушган. Касаллиги боис рўзғор ҳам қилолмади. Балки ҳаётидаги кемтиклик, кўнгил дардларига ароқдан малҳам излагандир...
Айни чоғда ҳолат юзасидан жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда 75 ва 57 ёшли икки фуқаро гумонланувчи тариқасида терговга жалб қилинган.
Нурилла ШАМСИЕВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0