Ғузорлик аёл қўзиқорин етиштирмоқда
Туманнинг “Ёнқишлоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи Дилшода Норқобилова туман ҳокимлигининг кўмаги билан узоқ вақтдан бери бўш турган бинодан унумли фойдаланиб, қўзиқорин етиштириш фаолиятини йўлга қўйди. Илк босқичдаёқ лойиҳа пухта режалаштирилиб, замонавий усуллар асосида иш бошланди.
Бугунги кунда тадбиркор томонидан 710 қоп қўзиқорин экилиб, жорий мавсумда тахминан 3 тонна ҳосил олиш режалаштирилган. Етиштирилган маҳсулотни ҳар бир килосини 30 минг сўмдан сотиш орқали жами 90 миллион сўм даромад олиш кўзда тутилмоқда.
— “Ўзим аввалдан фермерлик билан шуғулланиб келардим. Лекин қўзиқорин етиштиришни синаб кўришга қарор қилдим. Меҳнати кам,даромади катта экан, — дейди Дилшода Норқобилова.
Қўзиқоринчиликнинг афзаллиги шундаки, у йил давомида етиштирилиши мумкин бўлган, бозорда талаб юқори бўлган маҳсулот саналади. Шу боис тадбиркор келгусида иш ҳажмини янада кенгайтиришни мақсад қилган.
Дилшода Норқобилова айни пайтда вилоят қишлоқ хўжалигида янги тармоқ бўлган қўзиқорин етиштиришни ривожлантириб, маҳаллада янги иш ўринлари яратиш ҳамда “Қўзиқоринчилик кластери”ни ташкил этиш ниятида. Бу эса нафақат оилавий даромадни ошириш, балки ҳудуд иқтисодий фаоллигини кучайтиришга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
Бугун қишлоқ жойларда амалга оширилаётган ана шундай ташаббуслар тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва барқарор даромад манбаларини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
"Ishonch.uz"




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0