Ўзбек қизлари миллий кашталаримизни данияликларга ўргатмоқда
Ўзбек халқининг маданий мероси ҳисобланган каштачилик ўзининг нафосати билан дунё аҳлини лол қолдириб келмоқда. Жорий йилнинг 31 январидан 28 февралигача Дания қироллигида бўлиб ўтган "Каштада тикилган маданий мерос" кўргазмаси бунга ёрқин мисолдир.
Кўргазмада Республика “Ҳунарманд” уюшмасининг Даниядаги жамоатчилик вакили Маърифат Акбарова муаллифлигидаги жамланма тақдим этилди. Унда миллий дўппилар, кийимлар, сўзана ва палаклар, шунингдек, Дания тилидаги инфографик маълумотлар ўрин олди.
Бундан ташқари, тадбирда Ҳусниддин Атонинг кашта тикиш жараёнларини акс эттирувчи фотосуратлари ҳам намойиш қилинди.
Энг қизиқарлиси, кўргазмада маҳорат дарслари ҳам ташкил этилиб, унда 32 нафар даниялик иштирокчи Марғилонча ироқи дўппининг атиргул ғунчаси нақшини тикишни ўргандилар. Машғулотни дизайнер-тикувчи Зулфизар Аҳмедова ҳамда талаба Муҳсина Исломбековалар олиб борди.
Маҳорат дарси давомида ўзбек каштачилиги асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келаётган номоддий маданий мерос экани ҳақида маълумот берилди. Ироқи дўппилар бўйича изоҳларни маҳоратли дўппидўз Ҳидоят Умарова тақдим этди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Дания байроқлари тасвирланган махсус дўппи ҳам тикиб тайёрланди.
— Ушбу дарслар давомида Дания фуқароларига ўзбек каштачилиги ва унинг тарихи ҳақида маълумотлар бердик. Кўргазма иштирокчилари халқимизнинг бу амалий санъатини янада яқиндан ўрганишга ва Ўзбекистонга саёҳат қилишга катта қизиқиш билдиришди, — дейди Маърифат Акбарова.
Тадбир ташкилотчиларининг айтишича, келаси йилларда ҳам "Ҳунарманд уюшмаси," UNESCO, Тошкент ва Ўзбекистоннинг Даниядаги элчихонаси билан ҳамкорликда Орхусдаги бошқа кутубхоналарда ҳам маҳорат дарсларини ўтказиш режалаштирилган.
Севара Азизова,
ЎзЖОКУ талабаси
Суратлар муаллифи Маҳбуба Темирова




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0