Ўзбекистонда “Бизникиларни бил” номли биринчи миллий брендлар танлови ўтказилмоқда
Айни пайтда пойтахтимизда “Бизникиларни бил” номли биринчи миллий брендлар танлови бўлиб ўтмоқда.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва Савдо-саноат палатаси томонидан Россиянинг Стратегик ташаббуслар агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Танловнинг асосий мақсади – истиқболли ўзбек компаниялари ва лойиҳаларини аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш, улар учун медиа ва инфратузилма ёрдамини йўлга қўйишдан иборат. Лойиҳа маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, ҳунармандлар, креатив индустрия ва стартаплар учун янги имкониятлар очмоқда.
Аризалар 4 сентябрдан uzbrand.uz онлайн-платформаси орқали қабул қилинди. Жами 14 та ҳудуддан 110 та компания ўз маҳсулоти ва лойиҳаси билан қатнашди. Улар қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, технология, дизайн ва бошқа йўналишларда ўз ишланмаларини тақдим этди.
Ташкилотчилар баҳолашда бренднинг ўзига хослиги, ижтимоий ва ҳудудий аҳамияти, маҳсулот сифати, инновация ва дизайн, экспорт салоҳияти ҳамда компания обрўсига эътибор қаратди.
— “Маҳаллий брендларнинг “Бизникиларни бил” танлови нафақат тадбиркорларни танитиш, балки Ўзбекистоннинг янгича имижини шакллантириш учун қулай платформа бўлади. Ижодий ғоялар, сифатли маҳсулотлар ва замонавий бизнес ёндашувлар мамлакатимиздаги янгиланишни кўрсатади. Стратегик ислоҳотлар агентлиги бу жараёнларни мувофиқлаштириш ҳамда келгусида бундай лойиҳалар кўпайиши ва мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиши учун кўмаклашишни давом эттиради”, — деди агентлик директори Баҳодир Раҳматов.
Ғолиб ва совриндорларга ташқи бозорларга чиқишда кўмак, махсус сифат белгиси, инвестиция ва инфратузилма ёрдами тақдим этилади. Шунингдек, уларга Россия бозорига чиқиш имконини берувчи сертификатлар ҳам топширилади.
Танлов миллий брендларни қўллаб-қувватлаш, экспорт ҳажмини ошириш, ҳудудларни ривожлантириш ва креатив иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0