2300 йиллик тарих ёки замонавий сув омбор: Қашқадарёда қайси йўл танланади?
Қашқадарё вилоятида 25 минг гектар ерни сув билан таъминлаш мақсадида режалаштирилган “Аёқчисой” сел сув омбори қурилиши кутилмаган тўсиққа дуч келди. Қурилиш ҳудудида милоддан аввалги даврга оид 12 та қадимий қишлоқ қолдиқлари аниқланди. Эндиликда савол туғилмоқда: сув омбор қуриладими ёки тарихий мерос сақлаб қолинадими?
Давлатимиз раҳбари 2022 йил 21–22 апрель кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз ва Китоб туманларидаги 25 минг гектар ерларни сув билан таъминлаш учун “Аёқчисой” сел сув омборини қуриш бўйича таклиф ишлаб чиқишни мутасаддиларга топширган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 365 миллиард сўм деб баҳоланган.
Шундан сўнг Китоб туманига қарашли тоғли Юқори Аёқчи қишлоғида сув омбор қуриш бўйича лойиҳа ишлари бошланган. Бироқ қурилиш режалаштирилган ҳудудда тарихий ёдгорликлар борлиги маълум бўлди.
— Сув хўжалиги вазирлиги Самарқанд археология институтига ушбу ҳудудда тарихий объектлар мавжуд ёки йўқлиги ҳақида аниқ хулоса беришни сўраб мурожаат қилди, — дейди институтнинг бош илмий ходими, тарих фанлари доктори Абдусобир Райимқулов. — Ноябрь ойи бошида қазилма ишларини бошладик ва бу ерда 12 та тепалик антик даврга оид экани аниқланди. Айни пайтда тўрт тепаликда қидирув ишлари олиб бориляпти.
Мутахассислар хулосасига кўра, топилмалар милоддан аввалги III–II асрларга тегишли бўлиб, бу ҳудудда Юнон-Бақтрия даврида ҳаёт бошланган. Археологлар ҳар бир тепалик алоҳида қишлоқ қолдиғи бўлиши мумкин, деган фикрда.
— Дастлабки дала қидирув ишлари 2014–2015 йилларда олиб борилган, — дейди институт таянч докторанти Саидазимхон Омонов. — Қазишма жараёнида сополдан ясалган уй-рўзғор буюмлари топилди. Яна бир тепаликда эни 170 сантиметрга етган девор қолдиқлари аниқланди. Айни пайтда шурф ташлаш усули билан қазишма олиб бордик. Келгуси йилларда ҳам тадқиқотларни давом эттириш режалаштирилган.
Табиий савол туғилади: тарихий ёдгорликлар аниқланганидан сўнг “Аёқчисой” сел сув омбори лойиҳасининг тақдири қандай бўлади? 2300 йиллик тарихга эга Юқори Аёқчи қишлоғи ҳудудида қурилиш амалга ошириладими ёки маданий мерос сақлаб қолинадими? Президент топшириғи қандай ижро этилади?
Бу борада Сув хўжалиги соҳаси масъулларининг расмий муносабати кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Ishonch” газетасининг 2025 йил 15 май сонида чоп этилган “Ой ботар тарафларда” мақоласида мазкур ҳудудда қадимда сув омбор бўлгани, сопол парчалари учраб тургани ва қишлоқ тарихи ҳанузгача тўлиқ ўрганилмагани ҳақида сўз юритилган эди.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Ishonch.uz”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0